Менга маълум бир иш даври учун меҳнат дафтарчасига ёзув киритилмаган, аммо маълумотнома мавжуд. Бу маълумотлар стажга қўшилиши мумкинми?
– Талабларга мувофиқ (Низом 71-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом) иш стажини тасдиқлаш учун фақат меҳнат дафтарчаларига киритилган ва тасдиқловчи ҳужжатлар асосида маълумотномаларда кўрсатилган маълумотлар қабул қилинади.
Иш стажини тасдиқлаш учун фақат меҳнат дафтарчаларига киритилган ва тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосидаги маълумотномаларда кўрсатилган иш даврлари тўғрисидаги маълумотлар қабул қилинади.
Кейинчалик ўз фаолиятини тўхтатган жамоа хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар) ва фермер хўжаликлари томонидан берилган маълумотномалар, агар уларда маълумотнома бериш учун асослар мавжуд бўлса, эътиборга олинади.
Ҳужжатлар асосида меҳнат дафтарчасига киритилган иш стажи тўғрисидаги жами ёзувлар қуйидаги иш даврларига нисбатан иш стажининг исботи ҳисобланади:
• 1962 йил 14 декабрдан кейин, агар меҳнат дафтарчасига ариза берувчи меҳнат дафтарчасини берган ташкилотга киргунига қадар қайси ташкилотда, қайси вақтда ва қандай лавозимларда ишлаганлиги тўғрисида аниқ ёзувлар киритилган бўлса;
• 1962 йил 14 декабргача, меҳнат дафтарчасида кўрсатиб ўтилган маълумотлар бор-йўқлигидан қатъи назар.
Агар ариза берувчи меҳнат дафтарчасидан ташқари жами ёзувлар тегишли бўлган меҳнат дафтарчаси тўлдирилгунига қадар давр учун иш тўғрисида айрим ҳужжатларни тақдим этса, у ҳолда умумий якун сифатида ёзилган бутун иш стажи ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Бу амалдаги қоидаларга мувофиқ улар тўғрисидаги ёзувлар меҳнат дафтарчасига алоҳида сатрда ёзилиши керак бўлган меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилиши ҳолларига тегишли эмас.
Пенсия ҳисоблашда илмий даража учун берилган устамалар иш ҳақи таркибига киритиладими?
– Иш ҳақи таркибига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун қонунчиликка мувофиқ ҳисобланган суғурта бадаллари, 2019 йилдан кейинги давр учун эса меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади (592-сон Низом 82-б.). Илмий даража учун устамалар Солиқ кодексининг 371-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради.
Энг кам пенсия миқдори қанча?
– Ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори ойига 983 000 сўм. Ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 1 083 000 сўм (23.06.2026 й. ПФ-115-сон).
592-сон Низомнинг 97-бандига мувофиқ пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдори бир киши учун ойига 715 000 сўмни ташкил этади (stat.uz).
Ёшим бўйича нафақага чиқишим керак. Лекин менда тўлиқ стаж йўқ. 15 йил ишлаганман. Қандай нафақага умид қилишим мумкин?
– Сизда иш стажи тўлиқ эмас ва бу ҳолда пенсиялар мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тайинланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 8, 18 ва 22-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун).
Бунда улар қуйидагилардан кам бўлиши мумкин эмас:
• ёшга доир пенсиялар учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%и;
• I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%и;
• II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 75%и;
• оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%и;
• ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%и.
Шунингдек, иш стажи тўлиқ бўлмаганда пенсиянинг миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас (Қонун 29-м.).
Қандай ҳолларда пенсионер ПЖ бўлимини хабардор қилиши керак?
– Ҳақиқатан ҳам, пенсионер 10 кун ичида унга пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт бўлган ҳолатлар мавжуд (592-сон Низом 151-б.). Буларга қуйидагилар киради:
• доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетиш;
• хорижий давлатда пенсия (ижтимоий нафақа) олиш;
• оила аъзолари таркибининг ўзгариши;
• тўлиқ давлат таъминотига ўтиш ва бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, Пенсия жамғармаси бўлимини ўз вақтида хабардор қилмаганлиги сабабли ноқонуний олинган пенсия суммаси пенсионер ёки унинг қонуний вакили, шунингдек ишончли вакили (пенсионернинг вафот этганлиги фактини қасддан яширган тақдирда) томонидан қайтарилиши лозим.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
