Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Қўмита) нотариал олди-сотди шартномаларидан уй-жой сотиб олувчиларни аввалги эгаларининг қарзларини тўлашга мажбур қиладиган бандни чиқариб ташлаш ташаббуси билан чиқди. Бу кўчмас мулк битимларининг шаффофлигини ошириш, инсофли харидорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иккиламчи бозорда уй-жой сотиб олаётган фуқаролар учун хавф-хатарларни бартараф этиш имконини беради. Таклиф Адлия вазирлигига юборилди.
Қўмита ходимлари кўчмас мулк сотиб олингандан сўнг бир қатор ҳолларда аввалги мулкдорнинг коммунал тўловлар бўйича қарздорлиги янги мулкдор зиммасига юкланиши ҳолатини ўрганиб чиқдилар. Бундай амалиёт «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 й. ЎРҚ-221-I-сон) 21-моддасига мувофиқ шартномадаги истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи ҳар қандай шартлар ноқонуний деб топилади, деб хабар беради идора матбуот хизмати.
Бундай ҳолатлар асосан инсон омили, яъни биллинг тизимига маълумотларнинг нотўғри киритилиши, идоралараро электрон тизимлардаги маълумотларнинг ўз вақтида янгиланмаслиги, олди-сотди шартномаларига қонунчиликка зид бандларнинг киритилиши оқибатида юзага келмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги 106-сон қарори билан тасдиқланган тартибга кўра, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашдан олдин «Нотариус» ААТ орқали солиқлар, коммунал тўловлар бўйича қарздорлик, шунингдек мол-мулкка нисбатан чекловлар мажбурий тартибда текширилади. Шартномани расмийлаштиришга фақат қарздорлик бўлмаган тақдирдагина рухсат этилади. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар маълумотларни тизимга ўз вақтида киритиш учун масъулдирлар.
Қўмита ходимлари томонидан Самарқанд вилоятидан квартира сотиб олган фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди ва «Нотариус» ААТ тизимида олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда ҳеч қандай қарздорлик аниқланмаган. Бироқ, орадан бироз вақт ўтиб, «Самарқанд сувтаъминоти» АЖ унга ушбу квартиранинг аввалги эгасига тегишли бўлган 13 миллион сўм қарздорликни тақдим этган. Текширув шуни кўрсатдики, қарздорлик коммунал ташкилотнинг собиқ ходими томонидан маълумотларни киритишда йўл қўйилган техник хато туфайли юзага келган. Қўмитанинг аралашуви натижасида асоссиз қарздорлик бекор қилинди. Амалдаги қонунчиликка кўра, коммунал хизматларни етказиб берувчилар ўз биллинг тизимларидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгардир ва ушбу маълумотларнинг реал вақт режимида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига узатилишини таъминлаши шарт, дейилади Қўмита матбуот хизмати хабарида.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
