Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 33 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

Уйларга янги қоидалар бўйича хизмат кўрсатилади

 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг буйруғи билан Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг янги қоидалари (АВ рўйхат рақами 3824, 29.04.2026 й., кейинги ўринларда – Қоидалар) тасдиқланди. Улар 2026 йил 1 августдан кучга кирди. Янги ҳужжатни қабул қилиш зарурати сўнгги йилларда кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш соҳасида юз берган ўзгаришлар билан боғлиқ. Уй-жой кодекси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон) мувофиқ Қоидаларда ККУни бошқаришнинг учта усули белгиланган: бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан; шартнома асосида юридик шахс – бошқарувчи ташкилот ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан; уй-жой мулкдорлари ширкати – нотижорат ташкилот томонидан. Бу муҳим, чунки бугунги кунда бошқарув усули масалалари бўйича аҳоли, ККУ бошқарув органлари раҳбарлари, ҳокимликлар ва бошқа органлар вакиллари ўртасида кўплаб қарама-қаршиликлар юзага келмоқда.

 

Сўнгги пайтларда кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидан ХУМШ ва мулкдорларнинг бевосита бошқарувини сиқиб чиқариш тамойили кўзга ташланмоқда.

Аҳолига босим ўтказилиб, бошқарув компанияларига ўтишга мажбурлашди, тез орада фақат битта бошқарув усули – БК бўлиши ва гўёки тегишли ҳужжат аллақачон тайёрлангани айтилди. Бу уй-жой қонунчилигини бузиш, фуқароларни чалғитиш ва бошқарув органлари ишига ноқонуний аралашишдан бошқа нарса эмас. Шу нуқтаи назардан Қоидаларда тасдиқланган қонунларга содиқлик жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилди.

Қоидалар турар ва нотурар жойлар мулкдорларига, ижарачиларга, ижарага олувчиларга, кўп квартирали уйларни бошқариш органларига татбиқ этилади. Улар ККУ ва унга туташ ҳудудларда умумий мол-мулкни сақлашга қўйиладиган талабларни, жойлар мулкдорлари ва бошқарув органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

  

Бошқарув органининг вазифалари

 Бошқарув органининг вазифаларига кўп квартирали уйларнинг умумий техник паспортини юритиш киради. Бу муҳим ҳужжат бўлиб, унда уйнинг меъморий ва техник хусусиятлари кўрсатилади.

Бошқарув органлари юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлайди, шунингдек хом ашё, материаллар, ёқилғи, инвентарь ва хўжалик жиҳозларини харид қилади.

Мулкдорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан ККУларнинг олд томонлари ва умумий фойдаланиш жойларида архитектура деталлари, реклама, афиша ва эълонлар ўрнатилишига йўл қўйилади. Уйларнинг хоналари (зинапоялар, лифтлар, чиқиндихоналар, ертўлалар ва бошқалар), шунингдек уларга туташ ҳудудлар зарурат бўлганда бошқарув органи томонидан дератизация, дезинсекция ва дезинфекция қилинади.

Уйнинг ертўла қисмидаги қувурларда сув ёки оқава сувлар тўпланишига олиб келган авария ҳолатлари юзага келганда, бошқарув органи 24 соат ичида ертўладаги сув ва оқава массаларни тортиб чиқариши шарт. Ҳафтада бир марта уйларнинг йўлаклари, лифтлар тозаланади, лифт ускуналари доимий техник назоратдан ўтказилади. Бошқарув органлари зиммасига бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилганки, улар ҳақида газетамизнинг кейинги сонларида батафсилроқ тушунтириб ўтамиз.

 

Тақиқлар 

Қоидалар ККУдаги жой мулкдорлари учун бир қатор тақиқларни белгилайди. Хусусан, уй ҳайвонларини умумий фойдаланиш жойларида, зинапояларда, чордоқларда, ертўлаларда, шунингдек умумий ошхоналар, балконлар ва пешайвонларда (лоджияларда) сақлаш тақиқланади. Балкон ва пешайвонларда (лоджияларда) ёнғин чиқиш хавфини туғдирадиган ускуналарни ўрнатиш мумкин эмас; оғир буюмларни сақлаш мумкин эмас.

Ёнувчан материалларни йўлаклардаги зинапоялар майдончаларида ва зиналар остида сақлаш тақиқланади.

Балкон ва лоджияларнинг фасад (ташқи) қисмларига кир, кийим-кечак, гилам ва бошқа нарсаларни осиш қоидабузарлик ҳисобланади. Кирни фақат балконнинг ички қисмида қуритиш мумкин, шунда у кўчадан кўринмайди.

Жойларнинг мулкдорларига умумий иссиқлик параметрларига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш (реконструкция) ишларини амалга ошириш; иситилмайдиган майдонларда иситиш ускуналарини ўрнатиш, шунингдек умумий мулк таркибига кирувчи иссиқлик тизимларига ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда автотранспорт воситаларини газон устига, хиёбонларга, болалар майдончаларига, тротуарларга ва кириш йўлаклари рўпарасига қўйиш тақиқланади.

  

Ободонлаштириш 

Бошқарув органининг ККУга туташ ер участкасини ободонлаштириш ва аҳоли учун дам олиш ҳамда спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш мажбурияти белгиланган. Хусусан, бошқарувчилар ўриндиқлар, чиқинди қутиларини ўрнатишлари, спорт майдончалари, шунингдек маиший чиқиндиларни йиғиш, итларни сайр қилдириш, велосипедлар ва бошқа мобиль воситаларни (самокатлар, ногиронлар аравачалари ва болалар аравачалари) сақлаш учун майдончалар ташкил қилишлари керак. Шунингдек, ҳудудни дарахтлар, ўсимликларга, ўтиш йўлкалари ва тротуарларга сув сепиш учун муҳандислик-техник қурилмалар билан жиҳозлаш ҳамда электр ёритиш тизими билан таъминлаш назарда тутилган.

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 33 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика