Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 33 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

Умумий йиғилишда ижарага берувчиларнинг фикрини қандай ҳисобга олиш керак?

 

Умумий йиғилишда қарор қабул қилиш учун жойлар мулкдорларининг 50%идан ортиғи иштирок этиши шарт. Одатда, кворумни таъминлаш жуда қийин бўлади. Аҳолининг аксарияти сусткаш бўлишидан ташқари, ижарачилар билан ҳам жиддий муаммолар юзага келиб туради. Бизнинг уйда ярмидан кўпи ижарачилар. Қонунчиликка кўра, улар умумий йиғилишда иштирок эта олмайди ва кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бера олмайди. Квартира эгасини мажлисга чақириб келишдан мушкулроқ юмуш эса бўлмаса керак. У уйни ижарага берган, ўзи бошқа жойда яшайди, мажлисда ҳал қилинадиган масалалар уни қизиқтирмайди ҳам. Баъзан квартира эгасини топиш қийин бўлади. Кўпчилик вилоятларда ёки республикадан ташқарида яшайди. Бундан келиб чиқадики, умумий йиғилишда мулкдорларнинг унча катта бўлмаган қисми иштирок этади ва улар уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича қарорлар қабул қиладилар. Бундай қарор кворум бўлмаганда қонуний кучга эга бўладими? Уйларини ижарага бериб, мажлисда қатнаша олмаётган квартира эгаларининг фикрини қандай ҳисобга олиш мумкин?

 

– Уй-жой қонунчилиги билан ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишда иштирок этиши учун кворум белгиланган. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон, кейинги ўринларда – Қонун) 21-моддасида қарор қабул қилиш учун умумий йиғилишда барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50%идан ортиғи иштирок этиши лозимлиги назарда тутилган. Агар қарорни ёқлаб ҳозир бўлган мулкдорлар ёки улар вакилларининг 50%идан ортиғи овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Вакиллик имконияти Қонуннинг 39-моддасида белгиланган. Бироқ, агар мулкдор уйда яшамаса ва ўз квартирасини ижарага берса, қандай қилиб унинг вакили бўлиши мумкин?

Масалани ечиш амалиётига мурожаат қиламиз. Квартирани сотиб олишда янги мулкдор турар жойни ўз номига қайта расмийлаштириш учун ККУ бошқарув органига келиши керак. Демак, унинг алоқа боғлаш учун маълумотлари БК ёки ХУМШда бор. Агар қандайдир сабабларга кўра квартира эгасининг телефони бўлмаса, бошқарув органи раҳбари уни участка нозиридан сўраб олиши мумкин.

Айрим БК ва ХУМШ ижарага берувчиларни умумий йиғилишлар ўтказилиши тўғрисида хабардор қилади, лекин, қоида тариқасида, квартира эгалари уларда иштирок этмайдилар. Бошқарувчилар қарор қабул қилишда уларнинг овози муҳимлигини тушунтиради ва умумий йиғилишларда ишончли шахслар орқали иштирок этишни таклиф қилади. Квартира эгаси бунга ёзма равишда розилик бериши, йиғилишларда унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган жойлар мулкдорларидан бирига ишончномани имзолаши керак. Ишончнома квартира эгасининг шахсий имзоси билан унинг паспорт маълумотлари кўрсатилган ҳолда тасдиқланади.

Ижарачилар жойлар мулкдорларининг ишончли вакили бўлиши ва уларнинг манфаатларини ифодалаши мумкин эмас. Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ оддий ёзма шаклда расмийлаштирилган ишончномага эга бўлган бошқа мулкдор йиғилишда мулкдорнинг вакили бўлиши мумкин.

Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича умумий харажатларда (мажбурий бадаллар ва тўловларни тўлашда) иштирок этиш мажбуриятини шартнома асосида бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Аммо ижарага берувчи умумий йиғилишларда ё шахсан, ёки бошқа мулкдорга берилган ишончнома бўйича иштирок этиши мумкин.

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 20 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика