Уйимиз йўлагидаги квартираларнинг ярмидан кўпини ижарачилар эгаллаган. Улардан бирида қўшниларга муаммо ва безовталик келтирадиган ижарачилар яшайди. Дастлаб квартирага икки киши жойлашди. Ҳозир улар олтита. Булар қариндошларимиз дейишяпти. Улар шовқин соладилар, жанжаллашадилар, баъзан муштлашадилар, баланд овозда мусиқа қўядилар, чиқиндини эшик олдига чиқариб ташлайдилар. Эътирозларимизга эътибор беришмаяпти. Аксинча, улар ўзларини тажовузкор ва беадаб тутишмоқда. Пастки қаватдаги квартирани бир неча марта сув босган, канализация кўпинча ифлосланган. Участка нозирига шикоят билан мурожаат қилдик. Улар жаримага тортилади, аммо вазият тубдан ўзгармайди. Квартира эгасига шикоят қилиб, тартибли ва масъулиятли ижарачиларни топишни сўрашди. У бундай қила олмаслигини, чунки ижара шартномаси муддати тугамаганлигини айтди. Аммо қўшниларни шунчалик безовта қилаётган ижарачиларни шартномани бекор қилиш ва кўчириб чиқариш имконини берувчи воситалар мавжуд бўлса керак. Қонунчиликда масала қандай ҳал этилади?
Тарафларнинг келишувига кўра
Бу масала Фуқаролик кодекси (ФК) билан тартибга солинган. Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – уй-жой мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) бошқа тарафга (ижарага олувчига) уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади (ФК 600-м.). Уй-жойни ижарага бериш шартномаси фуқаролар ўртасида ёзма шаклда тузилади ва давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим (ФК 603-м.).
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда шартномани бекор қилишга ҳақли (ФК 615-м.).
Суд тартибида
Ижарага берувчининг талабига кўра шартнома қуйидаги ҳолларда суд тартибида бекор қилиниши мумкин:
• агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан олти ой учун, қисқа муддатли ижарага олинганда эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
• ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
• уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси шартномадаги исталган тарафнинг талабига кўра суд тартибида бекор қилиниши мумкин:
• агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек авария ҳолатига келиб қолса;
• қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Агар уй-жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасалар ёхуд мунтазам равишда қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузсалар, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликларга барҳам бериш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши мумкин. Агар огоҳлантириш ижобий натижа бермаса, ижарага берувчи ижара шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақли (ФК 615-м.).
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси бекор қилинган тақдирда ижарага олувчи ва у билан бирга яшайдиган фуқаролар суднинг қарорига асосан квартирадан кўчириб чиқарилади (ФК 616-м.).
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
