Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:
• Президентнинг 03.11.2025 йилдаги ПФ-206-сон Фармони;
• 09.12.2025 йилдаги ЎРҚ-1101-сон Қонун;
• ВМнинг 17.12.2025 йилдаги 796-сон қарори;
• ВМнинг 12.05.2026 йилдаги 239-сон қарори.
Тавсия 2026 йил 1 июлдан бошлаб амал қилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа қуйидаги тартибда тайинланади ва тўланади (09.12.2025 й. ЎРҚ-1101-сон, 17-м., 03.11.2025 й. ПФ-206-сон, 2-б. «г» к.б., 17.12.2025 й. 796-сон ВМҚга 4-илова 20-б.):
• тегишли календарь йилдаги дастлабки 5 кун учун – иш берувчи томонидан;
• кейинги кунлар учун – проактив шаклда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали.
Иш берувчи календарь йилдаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврининг дастлабки 5 куни учун тўлайди.
Агар ходим йил давомида иш жойини ўзгартирса, янги иш берувчи аввалги иш берувчи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаган-тўламаганини ЯММТда текшириб кўриши мумкин.
ВАЗИЯТ. Ходимга 2026 йил 1 июлгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилди
Ходимга 2026 йил 1 июлгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилди, у ҳали тузалмади.
Иш берувчи 1 июлдан меҳнатга лаёқатсиз бўлган 5 куни учун тўлаши керакми?
• Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни тўлашнинг янги тартиби 2026 йил 1 июлдан бошлаб амал қилади. Яъни 2026 йил 1 июлгача бўлган касаллик даврлари учун иш берувчи тўлиқ, 1 июлдан бошлаб эса – фақат дастлабки 5 кун учун тўлайди.
Иш берувчи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақани тўлаш учун ҳужжатларни қандай расмийлаштиради
Иш берувчига тааллуқли қисмида нафақани тўлаш учун қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланади (31.05.2024 й. 314-сон ВМҚга 1-илова 5-боб):
• меҳнатга лаёқатсизлик варақаси;
• нафақа тайинлаш бўйича комиссия мажлисининг баённомаси (корхонанинг ваколатли ходими қарори).
Агар сизда ходимлар сони кўп бўлмаган ташкилот бўлса, у ҳолда нафақа тайинлаш бўйича комиссия тузмаслигингиз мумкин. Бу ҳолда ташкилот раҳбари бу ҳақда буйруқ чиқарган ҳолда нафақа тайинлаш ваколатига эга бўлган ходимни белгилаши керак.
Нафақа тайинлаш бўйича комиссия (ваколатли ходим) ҳар бир вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича қуйидагиларни аниқлайди (31.05.2024 й. 314-сон ВМҚга 1-илова 5-боб):
• ходимнинг нафақа олиш ҳуқуқини;
• тўланадиган кунлар сонини;
• нафақанинг ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиздаги миқдорини.
Нафақанинг фоиздаги миқдори нафақани тайинлаш баённомасида акс эттирилади ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида қайд этилади.
Агар ходимда нафақа олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаса, комиссия ёки ваколатли шахс унинг берилиши рад этилганлиги тўғрисида қарор чиқаради, бу ҳақда меҳнатга лаёқатсизлик варақасида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қайд этилади.
Нафақа тайинлангандан кейин комиссия (ваколатли ходим) нафақалар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларни нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун ташкилотнинг ҳисоб-китоб бўлимига (бухгалтерияга) топширади.
2024 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақалари фақат электрон шаклда расмийлаштирилади (28.02.2023 й. ПФ-27-сон, 9-б. «б» к.б.). Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизимига (ЯММТ) тиббиёт муассасалари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида киритилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида нафақа қандай тайинланади ва тўланади
Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби махсус Низом (17.12.2025 й. 796-сон ВМҚга 4-илова) билан белгиланган.
Нафақа тайинлашда суғурта стажи сифатида қуйидаги даврлар ҳисобга олинади:
• 2005 йилдан 2016 йилгача – ШЖБПҲга мажбурий бадаллар тўланганда;
• 2016 йилдан 2019 йилгача – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганда;
• 2019 йилдан бошлаб – тақдим этилган солиқ ҳисоботларида иш ҳақи акс эттирилганда;
• 2026 йилдан бошлаб – ихтиёрий суғурталанган шахслар томонидан Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига суғурта бадаллари тўланганда.
Суғурталанган шахсларнинг суғурта стажига қуйидаги ойлар киритилади:
• санаб ўтилган тўловлар ҳисобланган ойлар;
• иш ҳақи сақланадиган таътилда бўлган ойлар;
• иш ҳақи қисман сақланадиган таътилда бўлган ойлар;
• ижодий таътилда бўлган ойлар;
• ҳарбий ўқув ёки синов йиғинларида иштирок этилган ойлар;
• ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида ўқиш муносабати билан берилган ўқув таътилида бўлинган ойлар.
Агар бир календарь ойида ушбу ҳолатлардан иккитаси мавжуд бўлса, суғурта стажига бир ой киритилади.
Меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқни йилда бир марта тўлайдиган шахсларнинг солиқ тўлаган даври учун ҳисобланадиган меҳнат стажи суғурта стажи сифатида ҳисобга олинмайди (бундан якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).
Агар ҳисобланган ойлик иш ҳақи қуйидагиларни ташкил қилса:
• МҲЭКМнинг 0,5 бараваридан 1 бараваригача – меҳнат стажининг 2 ойлик даври суғурта стажининг бир ойига тенглаштирилади;
• МҲЭКМнинг камида 0,5 баравари – бу ой суғурта стажи сифатида ҳисобга олинмайди.
Нафақа «Ижтимоий суғурта» ахборот модулида шахсларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда, проактив шаклда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан олинган маълумотларга асосан тайинланади.
Барча шартлар бажарилган тақдирда, нафақа автоматик тарзда тайинланади. Шартлар бажарилмаганда эса нафақа тайинлаш рад этилади.
Нафақа тайинланганлиги, унинг миқдори, тўлов шакли ва муддати бўйича ёки тегишли тўловни тайинлаш рад этилганлиги ва унинг сабаблари тўғрисидаги маълумотлар модуль орқали:
• SMS-хабарнома шаклида – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ягона тизимида суғурталанган шахснинг мобиль телефони рақамига ёхуд ЯИДХПдаги шахсий кабинетига;
• иш берувчисининг (агар мавжуд бўлса) Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидаги ва «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетларига автоматик тарзда хабарнома юборилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида нафақа молиявий агент – ваколатли тижорат банки томонидан тўланади (17.12.2025 й. 796-сон ВМҚга 4-илова 4-боб).
«Ижтимоий суғурта» ахборот модули орқали тўлов рўйхатлари шакллантирилади.
Нафақа қуйидагиларга тўланади:
• суғурталанган шахснинг ижтимоий картасига (мавжуд бўлганда);
• актив ҳолатда бўлган ҳамда охирги транзакциялар охирги 60 кун давомида амалга оширилган бўлиб, амал қилиш муддати тугашига камида 15 кун қолган банк картасига;
• агар суғурталанган шахснинг ижтимоий ва банк карталари бўлмаса, унга очиб бериладиган виртуал ижтимоий картага.
Молиявий агент томонидан нафақа тўлов рўйхатлари олингандан кейин 5 иш куни ичида тўланади.
Агар шахс бир вақтнинг ўзида ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий суғурталанган бўлса, мажбурий суғурта бўйича тўланган суғурта бадаллари ҳисобга олинади.
Суғурталанган шахс томонидан тиббий ёки бошқа муассасаларга нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги ёки ҳисоб-китобларда хато қилинганлиги сабабли нотўғри тўланган нафақа олувчи томонидан бир ой ичида Жамғармага қайтарилиши лозим. Бунда маблағлар:
• ихтиёрий равишда қайтарилмаган ёки тўлиқ ҳажмда қайтарилмаганлари – суд тартибида ундирилади;
• ахборот тизимларидаги камчиликлар, техник хатолар ёки маълумотларни қайта алмашишда суғурта стажи даврининг ўзгариши сабабли ортиқча тўланган маблағлар қайтарилмайди ва Жамғарма харажатлари сифатида ҳисобга олинади.
Татьяна БЕЛОУСОВА,
«Норма» эксперти.
