Тўлиқ бўлмаган тўрт ой мобайнида xalqnazorati.uz порталига Тошкент шаҳри фуқароларидан 26 286 та мурожаат келиб тушди. УКХ соҳаси етакчи ўринни эгаллайди. Уй-жой коммунал хўжалигидаги қоидабузарликлар ҳақидаги шикоятлар умумий хабарларнинг 39,1%ини ташкил этди. Булар уй-жой фондининг ҳолати, лифтларнинг носозлиги, иссиқлик таъминотидаги узилишлар, газ ва сув таъминотидаги муаммолар ва бошқа муаммолар билан боғлиқ масалалардир.
УКХ бўйича мурожаатлар таркибига назар ташласак, қуйидаги ҳолат намоён бўлади. Жорий йил бошидан буён электрон порталга электр энергияси билан боғлиқ 2 664 та мурожаат келиб тушган (98,3%и ҳал этилган). Энг кўп мурожаатлар Олмазор (551 та), Мирзо Улуғбек (330 та) ва Яшнобод (312 та) туманларидан қайд этилган.
Иссиқлик билан боғлиқ муаммоларга 1 673 та мурожаат тўғри келади (99,5%и ҳал этилган). Энг кўпи Чилонзор (346), Юнусобод (329) ва Учтепа (178) туманлари истеъмолчиларидан келган.
Иссиқ сув таъминоти масалалари бўйича 521 та мурожаат келиб тушди (90,8%и ҳал этилган). Уларнинг аксарияти Юнусобод (109), Яшнобод (55) ва Олмазор (55) туманлари аҳолисидан.
430 нафар фуқаро газ истеъмоли билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган (99,5%и ҳал этилган). Энг кўп мурожаатлар Яшнобод (84), Учтепа (65) ва Мирзо Улуғбек (44) туманларидан келиб тушган.
Совуқ сув таъминоти билан боғлиқ қоидабузарликларни 280 нафар аҳоли қайд этган (88,6%и ҳал этилган). Асосан Яшнобод (54), Мирзо Улуғбек (47) ва Олмазор (41) туманларидан.
УКХ билан боғлиқ масалалардан ташқари, фуқаролар томонидан йўллар ва пиёдалар йўлакларининг асфальт қопламаси ҳолати; пойтахтни ободонлаштириш ва санитария ҳолати; йўл ҳаракатини ташкил этиш (светофорларнинг ишлаши, йўл чизиқлари, йўлдаги белгилар ва кўрсаткичларнинг ҳолати); экология (чиқиндиларнинг ноқонуний жойлаштирилиши, дарахтларнинг кесилиши, сув оқимларининг ифлосланиши); муҳандислик коммуникацияларининг ҳолати ва уларда олиб борилаётган таъмирлаш ишларининг сифати; жамоат транспортининг ишлаши ва бошқа муаммолар юзасидан шикоятлар тушган.
Жорий йилнинг 24 апрелигача бўлган даврда порталга чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар ҳақида 1 329 та хабар келиб тушган (91,7%и ҳал этилди). Энг кўпи Мирзо Улуғбек, Янгиҳаёт ва Юнусобод туманларидан. Мурожаатларнинг 178 таси атмосфера ҳавоси сифати билан боғлиқ (83,7%и ҳал этилган). Бундай шикоятлар кўпи Чилонзор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолисидан келиб тушган.
хalq nazorati.uz ҳисоботида қайд этилишича, энг кўп мурожаатлар Мирзо Улуғбек (17,7%), Юнусобод (13%), Яшнобод (9,7%) ва Олмазор (9,4%) туманлари аҳолисидан келиб тушган. Умуман олганда, улар фуқароларнинг барча хабарларининг 49,8%ини ташкил этади.
Ушбу даврда аҳоли мурожаатлари билан Чилонзор (93,7% масала ҳал этилди), Миробод (93,3%) ва Бектемир (92,7%) туманларида энг самарали ишлар олиб борилди.
Ушбу даврда муддати ўтган шикоятлар сони 3,4%ни ташкил этди. Юнусобод (153 та масала кечиктирилган), Сергели (136 та), Мирзо Улуғбек (112) ва Яккасарой (89) туманларида масалаларни ҳал қилиш чўзилиб кетган. Шаҳар бўйича муддати ўтган барча мурожаатларнинг 54,6%и уларга тўғри келади.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
