Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 31 / Пенсия иши

Мавсумий ходимлар учун пенсия, рад этиш ва стажга қўшмаслик сабаблари тўғрисида...

 

Тармоқнинг ўзига хос хусусиятларига қараб (қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, мелиорация ва сув хўжалиги қурилиши, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқалар) муддатли шартнома асосида иш билан банд бўлганлар ҳам бор. Уларга пенсияга чиқаётганда иш стажи ва ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади?

 

– Мавсумий меҳнат билан банд бўлганлар (пахта тозалаш саноати, қанд-шакар ва консерва саноати, ипакчилик саноати корхоналари ва фермер хўжаликлари ходимлари) умумий қоидаларга мувофиқ ёшга доир пенсияга қуйидаги тартибда чиқадилар:

• эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда;

• аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 7-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун).

Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар мавжуд стажга мутаносиб миқдорда (Қонун 29-м.), камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда (Қонун 8-м.) тайинланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагича аниқланади:

• ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат қилувчининг танловига кўра) иш ҳақининг умумий суммаси 60 га бўлинади (Қонун 31-м. 5-қ.).

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар учун иш стажини ҳисоблашда имтиёз назарда тутилган. Яъни, тўлиқ мавсум давомидаги иш 1 йиллик иш учун, тўлиқ бўлмаган мавсум давомидаги иш эса ҳақиқий давомийлик бўйича ҳисобга олинади. Мавсумий ходимларнинг иш стажи бўйича имтиёзлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Мавсумий ишлар рўйхатига мувофиқ берилади (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова).

 

 

Штат қисқартирилганда пенсияолди ёшидагилар эртароқ пенсияга чиқиши мумкинлигини биламан. Шу билан бирга, ишсиз мақоми ҳам зарур. Шахсни ишсиз деб топишни рад этишлари мумкинми?

 

– Ҳақиқатан ҳам, бундай ходимларга, агар улар расман ишсиз деб эътироф этилган ва зарур меҳнат стажига эга бўлсалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади (эркакларга – 58 ёшда, аёлларга – 53 ёшга тўлганда). Бунинг учун ҳам иш стажига эга бўлиш зарур: эркаклар учун – камида 25 йил, аёллар учун – камида 20 йил («Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун 10-боби, 20.10.2020 й. ЎРҚ-642-сон; Йўриқнома 2 ва 3-б., АВ рўйхат рақами 588, 07.01.1999 й.).

Шахсларни ишсиз деб эътироф этишни рад қилиш учун бир қатор сабаблар асос бўлиши мумкин. Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

• таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;

• маҳаллий меҳнат органига ёки маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабларсиз келмаган шахслар;

• таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно;

• қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);

• бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;

• ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;

• суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;

• фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;

• ўзини ўзи банд қилган шахслар (ЎРҚ-642-сон Қонун 45-м.).

 

 

54 ёшда пенсияга чиққанда ногиронни парвариш қилиш даврлари аёлларнинг иш стажига киритиладими?

 

– 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини аниқлаш учун ногиронни парвариш қилиш даврлари киритилмайди. Хусусан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган аёллар ушбу ёшда пенсия олиш ҳуқуқига эга (Қонун 12-1-м.). Яъни 54 ёшда пенсияга чиқиш учун Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган даврлардан жамланган 20 йиллик иш стажи зарур. I гуруҳ ногиронни парвариш қилиш даври Қонуннинг 37-моддаси «д» бандида назарда тутилган. Шунга кўра, у 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини аниқлаш учун иш стажига киритилмайди.

 

 

Ногиронлар шифохонада даволанаётганда овқат ҳақини тўлашда имтиёзга эгами?

 

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳақиқатан ҳам тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар тоифасига киради (Низом 5-б., 05.02.2016 й. 31-сон ВМҚга 1-илова). Бу ерда шуни билиш керакки, ушбу имтиёз оғир касалликларга чалинган беморлар (31-сон Низомга 1-илова) ва қуйидаги шахслар тоифалари учун мўлжалланган (31-сон Низомга 2-илова):

• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

• болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;

• 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

• Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар;

• 1941–1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари;

• байналмилалчи жангчилар;

• ғирт етимлар;

• ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;

• 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;

• чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар;

• «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар;

• 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар;

• Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 41 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика