Кекса авлод вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги имтиёзларни ўз ичига олади (15.03.2022 й. ПҚ-167-сон):
а) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
б) Жамғарма маблағлари ҳисобидан шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан уч ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, уч ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50%игача бўлган суммаси компенсация қилинади. Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади;
г) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади. Бунда абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси 2 БҲМдан (2 х 412 000 сўм = 824 000 сўм) ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисобрақамига ўтказиб борилади;
д) Жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
Бошқа имтиёзлар
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50%лик чегирма қўлланилади, бундан тадбиркорлик фаолияти мақсадида ёки юридик шахснинг вакили сифатида мурожаат қилиш ҳоллари мустасно (16.01.2024 й. ЎРҚ-896-сон).
Маҳаллий ҳокимият органлари, хайрия жамғармалари, ҳудудингиздаги йирик корхоналар томонидан пенсионерларга бошқа имтиёзлар ҳам берилиши мумкин. Сизга бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот олиш учун маҳалла кенгашига, хизмат кўрсатувчи поликлиникага, «Нуроний» жамғармаси бўлимларига, ҳокимликка, сиз фахрий бўлган корхонанинг касаба уюшмаси қўмитасига, «Ягона дарча»га мурожаат қилинг.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
