Сўнгги йилларда Қозоғистон аксарият мамлакатларга хос бўлган глобал таҳдидга – аҳолининг кексайиши ҳолатига дуч келмоқда. Агар XX асрнинг ўрталарида мамлакат ёш демографик тузилмага эга бўлган бўлса, бугунги кунда кекса ёшдаги фуқаролар улушининг кўпайиш тенденцияси тобора аниқроқ намоён бўлмоқда.
Шу тариқа, жорий йил бошида мамлакатда 60 ёшдан ошган 2,8 млн киши борлиги ҳисоб-китоб қилинган. Йил давомида уларнинг сони 3,7%га ошган. Умуман олганда, кексалар сонининг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда: 2010 йилдан буён ўртача йиллик ўсиш суръати 3,8%ни ташкил этмоқда.
Мутлақ кўрсаткичлар ортиши билан нисбий кўрсаткичлар ҳам ортиб боради. Жорий йил бошида 60 ёшдан ошганларнинг улуши мамлакатдаги барча фуқароларнинг 13,9%ини ташкил этди ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бормоқда, бу аҳолининг кексайиш жараёнини тасдиқлайди. Масалан, 2023 йилнинг бошида кексаларнинг улуши 13,6%ни, 2020 йилнинг бошида 12%ни, 2010 йил бошида эса 9,8%ни ташкил этган.
Гендер кесимида вазият қуйидагича: кекса ёшдаги аёллар улуши 16,4%ни, кекса ёшдаги эркаклар улуши эса 11,3%ни ташкил этади. Иккала ҳолатда ҳам ўсиш кузатилмоқда.
Қозоғистонда кекса ёшдаги аҳоли сони кутилаётган умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи билан бирга ўсиб бормоқда. У ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда, фақат коронавирус пандемияси даври бундан мустасно.
Шундай қилиб, 2024 йил охирида кутилаётган умр кўриш давомийлиги 75,44 ёшни ташкил этди (2023 йил охирида – 75,1 ёш). Аёлларда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 79,42 ёшгача (бир йил аввал – 79,06 ёш), эркакларда – 71,33 ёшгача (бир йил аввал – 70,99 ёш) ошди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) каби халқаро агентликлар аҳолининг кексайишини жиддий демографик муаммо деб ҳисоблайдилар.
Дунёда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 1913 йилдаги 34 ёшдан 2022 йилда 72 ёшгача ошди ва бу узоқ муддатли тенденция давом этиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, туғилиш 1970 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда барча мамлакатларда камайган.
БМТ ва ЖССТ ташкил этилганида 15 ёшгача бўлган болалар сони 65 ёшдан ошганларга қараганда 7 баравар кўп эди; 2050 йилга келиб бу гуруҳлар сони тахминан бир хил бўлади.
2000 йилдан 2050 йилгача бўлган даврда 80 ёшдан ошган одамларнинг дунёдаги улуши 4 баравар кўпайиши ва деярли 5%га етиши кутилмоқда.
«Ушбу силжишлар яқин ўн йилликларда соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда улкан муаммолар тўпламидан дарак беради», – дейди ХВЖ таҳлилчилари. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистонда ҳам аҳолининг кексайиши узоқ муддатли истиқболда ўсиб боради – БМТ ва Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси (ЯЖБПЖ) тадқиқотлари шундан далолат беради.
Аҳолининг кексайиши шароитида пенсия таъминоти тизими алоҳида аҳамият касб этади. Умр кўриш давомийлигининг узайиши ва кекса ёшдаги фуқаролар сонининг кўпайиши нафақат тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини оширишни, балки пенсияга чиққандан кейин муносиб турмуш даражасини таъминлаш учун барқарор молиявий базани яратишни ҳам талаб қилади. Пенсия нафақат ижтимоий тўлов, балки инсоннинг кексайганда иқтисодий мустақиллиги ва барқарорлигининг кафолатига айланади. Шу сабабли, Қозоғистон учун демографик муаммоларга мослаша оладиган замонавий ва барқарор пенсия тизимини ривожлантириш жуда муҳимдир. Асосий элементлардан бири 25 йилдан ортиқ вақт олдин Қозоғистонда жорий этилган жамғариб бориладиган пенсия тизимидир. Унинг тамойили шундан иборатки, ҳар бир фуқаро шахсий ҳисобварағида ўз пенсия жамғармаларини шакллантиради ва бу маблағлар қўшимча даромад олиш ва инфляциядан ҳимояланиш учун инвестиция қилинади.
Бундай ёндашув бир қатор афзалликларга эга:
• пенсионерлар сонининг ўсиши шароитида давлат бюджетига тушадиган юкни камайтиради;
• меҳнат фаолияти ва пенсия тўловларининг келажакдаги даражаси ўртасида яқинроқ боғлиқликни таъминлайди;
• фуқароларга кексайганида молиявий хавфсизлик чорасини мустақил шакллантириш имконини беради;
• пенсия активларини иқтисодиётга инвестиция қилиш имконини беради, бу эса унинг ривожланишига кўмаклашади.
Шу тариқа, ҳозирги вақтда мамлакатда миллатнинг кексайиши муаммоларига самарали жавоб қайтариш ва фуқароларни пенсияга чиққанидан кейин муносиб турмуш даражасини таъминлаш имконини берувчи кўп босқичли пенсия тизими шакллантирилди.
Жамғариб бориладиган қисмга эътибор қаратилган кўп даражали пенсия тизимининг долзарблиги демографик юк коэффициентининг ўсиши билан тасдиқланади. Бу меҳнатга лаёқатли ёшдаги 1 минг кишига тўғри келадиган пенсионерлар сони кўрсаткичидир. Йилдан-йилга бу коэффициент ортиб бормоқда: 2024 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар минг кишига 212 нафар пенсия ёшидаги фуқаро тўғри келган.
Жаҳон амалиёти жамғариш тизимларининг самарадорлигини тасдиқлайди: аксарият мамлакатларда айнан аҳолининг кексайиши ҳукуматларни уларни жорий этишга ундаган. Агар 2000 йиллар бошида дунёдаги пенсия тизимларининг деярли 70%и тақсимлаш турига мансуб бўлган, ҳозирда эса жамғариш компонентига эга тизимлар устунлик қилмоқда. Қозоғистон бу борада минтақада биринчилардан бўлди ва бугунги кунда пенсия моделини такомиллаштириш – инвестиция воситаларини диверсификация қилишдан тортиб, пенсия жамғармаларидан ижтимоий аҳамиятга эга мақсадларда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
https://ranking.kzl
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.
