Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Тегишли солиқларни Пенсия жамғармасига ҳам тўлайман. Тадбиркорга қайси иш даврлари стажга қўшилади? Пенсияни ҳисоблашда ЯТТ даромади қандай аниқланади? Уни расмийлаштириш учун қаерга мурожаат қилишим керак?
Саволларга «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб беради.
– Тадбиркор қуйидагиларни тўлаган барча даврлар иш стажига қўшилади: 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, 2019 йил 1 январдан кейин – ягона ижтимоий тўлов, 2020 йил 1 январдан бошлаб – ижтимоий солиқ (03.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонун 37-м. 1-қ. «г» б.).
Якка тартибдаги тадбиркорнинг (деҳқон хўжалиги аъзосининг) пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган муайян ой (йил) учун даромади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ЯИТ (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг умумий ставкасига;
• 2019 йил 1 январдан 31 декабрга қадар бўлган давр учун – тўланган ЯИТ уни тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) умумий ставкасига;
• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун СКнинг 405-моддасига мувофиқ ижтимоий солиқ ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади (Низом 86-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
МИСОЛ. 2022 йил июль ойи учун 300 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган. Шунга кўра, 2022 йил июль ойи учун даромад миқдори 2 500 000 сўмни (300 000 / 12 х 100) ташкил этади, бу ерда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси. Тадбиркор тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини ошириши мумкин. Шундай қилиб, 2022 йил июль ойи учун 400 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, июль ойи учун даромад миқдори 3 333 333,33 сўмни (400 000 / 12 х 100) ташкил этади.
Сиз пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор бир муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат қилишингиз мумкин. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали амалга оширилганида ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида пенсия ҳисоблаб чиқилади.
Зарур бўлган меҳнат стажи, иш ҳақи ёки пенсия миқдорига таъсир этувчи бошқа маълумотлар рақамлаштирилмаган тақдирда, сиз яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия тайинлашни сўраб ариза беришга ҳақлисиз (592-сон Низом 9, 10-б.).
Маълумот учун!
Ўқиш даврида академик таътилларда бўлиш ВАҚТИ, шунингдек тайёрлов курсларида ўқиш ДАВРИ иш стажига ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНМАЙДИ.
