Қурилиш объектларида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган паспортни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 3672, 26.08.2025 й.) «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур Низом қурилиш объектларида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган паспортни жойлаштириш тартибини белгилайди.
Қурилиш объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтказилган кунда буюртмачи QR-код қўйилган паспортни объектга киришда ёки бошқа ҳар қандай очиқ жойда мажбурий тартибда жойлаштиради.
Паспорт қурилиш объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб у фойдаланишга топширилгунга қадар ҳақиқий бўлиши керак.
QR-кодли паспорт намлик ва ташқи таъсирларга чидамли материалдан тайёрланиши, умумий ўлчамлари 2 400 х 1 200 мм бўлиши ва ер юзасидан камида 1 метр баландликда ўрнатилиши керак.
Қурилиш объекти ҳудудий инспекцияда рўйхатдан ўтказилгандан сўнг «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимида автоматик равишда объект бўйича бирламчи маълумотлар саҳифасининг QR-коди шакллантирилади.
