Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини йириклаштириш кампанияси пайтида бизнинг тўрт қаватли уйларимиз, бошқа уйларнинг аксарияти каби, мажбурий тартибда ва аҳолининг розилигисиз бизга номаълум бўлган БКга тушиб қолди. Компания аҳолининг бир қисми билан бошқарув шартномалари тузди. Шартномада унинг қанча муддатга тузилганлиги кўрсатилмаган. Биз БК ишидан норозимиз, чунки у ўз вазифаларини бажармаяпти. БК билан шартномаларни бекор қилишимиз мумкинми?
– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида белгиланишича, кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида Қонун талабларига мувофиқ тузилади. Шартнома ҳар бир жой мулкдори билан умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида камида бир йил, лекин кўпи билан беш йил муддатга ёзма шаклда тузилади.
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин тарафлардан бирининг ушбу шартномани тугатиш тўғрисидаги аризаси мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай шартнома унинг ўзида назарда тутилган айни ўша муддатга ва худди шундай шартлар асосида узайтирилган ҳисобланади.
Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи шартнома шартларини бажармаса, ККУдаги жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиш қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечишга ҳақли. Улар бошқа бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
