Давлат раҳбари Тошкент ва Янги Тошкент учун «Ечимлар атласи» тақдимоти билан танишди, бунда унинг мақсадлари, вазифалари ва ташкил этиш зарурати айтилди. Бу шаҳар объектларини лойиҳалаш, ўрнатиш ва фойдаланиш қоидаларини қамраб олган беш китобдан иборат каталог-маълумотнома ҳисобланади.
president.uz портали хабарига кўра, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши пойтахт кўринишида яққол акс этади. Барча туман ва шаҳарларда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда Янги Тошкент қурилиши бошланди ва ҳар иккала шаҳар бирга ягона мегаполисга айланмоқда.
Пойтахт ҳудудини мутаносиб ривожлантириш мақсадида 2045 йилгача Тошкент Бош режаси қабул қилинди. Унда шаҳарсозлик лойиҳалари, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси, шунингдек шаҳар қўриқлаш зоналарининг асосий параметрлари белгиланган.
«Ечимлар атласи» бош режанинг мантиқий давоми ҳисобланади. Унда шаҳар объектлари ва жамоат муҳитининг ташқи кўринишига умумий талаблар белгиланади. Ушбу қоидалар йиғиндисининг беш қисмининг ҳар бири жамоат бўшлиқларини ташкил этиш ва обод қилиш, биноларнинг олд қисмларини ягона меъморий кўринишга келтириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади. Масалан, амалдаги стандартлар бўйича йўлларни қуриш ва таъмирлаш кўча ҳаракат қисмининг «қизил чизиғи»гача амалга оширилади. Лекин ривожланган шаҳарлар амалиётида кўчанинг ҳар икки томонидаги бинодан биногача принципи қўлланилади. Бу тартибсиз участкалардан воз кечиш ва йўллар бўйлаб ягона, уйғун ободонлаштиришни таъминлашга имкон беради.
«Атлас» шаҳар муҳитини лойиҳалашда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган. У аҳолининг турмуш тарзи сифатини оширувчи уйғунлаштирилган ва экологик тоза маконларни яратишга ёрдам беради. Шунингдек очиқ жамоат ҳудудларини обод қилиш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда хатоларга йўл қўймайди.
Тақдимот жараёнида «Атлас» талаблари моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар кўриб чиқилди. Шаҳарнинг ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда унинг кўринишини янада яхшилаш, йўл бўйи ҳудудларини ободонлаштириш ва шаҳар ҳаёти маданиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.