Ҳар бир квартирада вақти-вақти билан аҳолида умумий мол-мулк билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажариш зарурати туғилади. Масалан, розеткани таъмирлаш, люстра илиш, сантехникани алмаштириш, квартирадаги бошқа носозликларни бартараф этиш каби. Кўпинча булар бош оғриғига айланади – ишни тезкор, сифатли, оқилона нархда ва муаммолар туғилса кафолат билан бажарадиган устани қаердан топиш керак?
Бундай хизматларни бошқарувчи компания кўрсата олармикин? Сўзсиз кўрсатади! Лекин бу соҳа ҳали бизда ўзлаштирилмаган. БК ва кўп квартирали уйдаги жой эгалари ўртасидаги шартномага кўра бошқарувчи ташкилот умумий мол-мулкни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатади. Улар уй учун керакли ишлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланган тўловлар билан қопланади.
Шартномада квартира ичидаги ишларни бажариш назарда тутилмаган. Бу пуллик хизматлар. Агар аҳоли электрик ёки сантехник керак бўлса, одатда, БК ходимларига норасмий тарзда мурожаат қилади. Бундай ишларнинг сифати учун БК жавоб бермайди ва аҳоли муайян даражада хавф остида қолади. Пул тўлайди, агар нимадир нотўғри бўлса – кимнингдир устидан кимгадир шикоят қила олмайди.
Бошқарув органи, умумий мол-мулкни сақлаш бўйича асосий ишлардан ташқари, қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиши ва ҳатто уларни шартномага киритиши мумкин. Аҳоли уларни асосий, базавий ишлар рўйхатидан ташқари тўлашга келишади. Масалан, консьерж хизматлари, домофонга хизмат кўрсатиш, видеокузатув камералари ва шуларга ўхшашлар. Лекин БК ҳали квартира ичидаги хизматларни кўрсатишга киришмаяпти.
БК нега бундай имкониятдан фойдаланмайди?
БК – бу прайс-вараққа пуллик квартира ичидаги хизматларни киритиши ва расмий равишда ушбу йўналишни ривожлантириши мумкин бўлган тижорат тузилмаси. Шунда аҳоли ўз муаммоларини тезроқ ҳал этади, БК эса минимал харажат ва ҳаракатлар билан даромад қилади. Нега улар бундай имкониятдан фойдаланмаяпти?
Биринчидан, ҳозирги вақтда бошқарувчи компанияларда жуда кўп миқдордаги уйлар бирлаштирилган. Эҳтимол, бундай йирик компаниялар жой эгаларининг умумий мол-мулки билан боғлиқ бўлмаган квартиралардаги ишларни майда-чуйда деб ҳисоблаб, улар билан овора бўлишни хоҳлашмаса керак. Айрим йирик БКларда кўп квартирали уйларни сақлаш бўйича асосий ишларни бажариш учун ходимлар етишмайди. Кўпинча деярли бутун персонал, шу жумладан электриклар, сантехниклар ва бошқалар эрталабдан кечгача ҳудудни тозалашда банд бўлганини кўриш мумкин. Бундай бўлмаслиги керак. Бу қонунчиликни бузган ҳолда бизда амалга оширилган бошқарув органларини йириклаштиришнинг оқибатидир. 150 та ва ундан ортиқ уй бирлаштирилган бундай тузилмаларда самарали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мушкул бўлади. Ходимлар танқислиги ёки «маблағни тежаш»дан, ёки ўзимизда малакали мутахассислар йўқлигидан ёки шуларнинг иккаласидан юзага келади.
Кўплаб БК раҳбарлари квартира ичидаги ишларда алоҳида даромад қилиб бўлмайди, лекин муаммолари етарли бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Масалан, бундай хизматлар кўрсатаётган ўз ходимларини назорат қилиш, ошкораликни таъминлаш қийин бўлади. Ҳозир сантехниклар, электриклар учун бу «қўшимча иш» бўлиб, даромад тўлиғича уларнинг «чап чўнтак»ларига тушади. Уларни асосан иш вақтида, демак асосий ишга зарар етказган ҳолда бажаришга тўғри келади, лекин қайта бажаришга мажбурлаш ҳар доим ҳам мумкин бўлавермайди. Бундай ишларни ижрочилар реклама қилмайди ва БК уларнинг ҳаракатлари учун жавобгар бўлмайди.
Унутилган тажриба
Лекин Тошкентда ширкатлар яратиш босқичида Юнусобод туманидаги ХУМШлардан бирида муваффақиятли тажриба бўлган. Аҳолининг квартиралар ичидаги ишларга эҳтиёжини ҳисобга олиб, ширкат уларга пешвоз чиқди ва бундай хизматларни расмий равишда, пуллик асосда кўрсата бошлади. У бошқарув органи, аҳоли ва ижрочиларни қониқтирадиган тизимни қуришга муваффақ бўлди. Ушбу хизматларни бажариш, муддатлар, тўлаш назорати йўлга қўйилди. Бу ширкатнинг жамоатчилик билан муносабатларини мустаҳкамлади, унга ишончни таъминлади. Бизда бу тажрибани унутдилар. Бошқа мамлакатларда бу соҳа муваффақиятли тарзда ўзлаштирилган.
Бир қатор бошқарув органлари пандемия даврида квартира ичида ҳам хизматлар кўрсата бошлади. Аҳолига уйдан чиқиш тақиқланган, лекин маиший муаммолардан ҳеч қаерга қочиб бўлмайдиган давр бўлди. Квартиралардаги ишлардан ташқари, айрим БК ва ХУМШ ходимлари озиқ-овқат, дори-дармон етказиб беришни бошладилар. Яшаш жойлари ичидаги ишларга эҳтиёж барча вақтларда бўлган ва бўлади. БК бу омилдан даромад топиш мақсадида фойдаланиши мумкин.
БК аҳолининг квартираларида қандай пуллик хизматларни кўрсата олади?
Энг талабгир хизматлар қуйидагилар ҳисобланади:
• квартира ичидаги сантехникани таъмирлаш ва ўрнатиш;
• электр ўтказгичларини, розеткаларни таъмирлаш;
• квартираларда ёритиш асбобларини таъмирлаш ва созлаш;
• сув иситгич, кир ювиш машинаси, идиш ювиш машинаси, квартирага кириш эшикларини ўрнатиш ва демонтаж қилиш ва ҳ.к.
БК ходимлар билан таъминланганига қараб хонани тозалаш, квартираларни косметик таъмирлаш, деворга гулқоғозлар ёпиштириш, балконларни ойналаштириш ва бошқа хизматларни ҳам таклиф қилиши мумкин.
Квартира ичидаги ишларни БК ҳам ўз ходимлари кучи билан, ҳам тор ихтисослаштириш ҳақида сўз борганда, шартнома бўйича пудратчиларни жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин.
Пуллик хизматлар кўрсатишда шаффофлик қандай таъминланади?
Энг аввало аҳолига, агар уларнинг квартираларида пуллик хизматларни БК ходимлари расмий равишда кўрсата бошласа, бу қулай, тезкор ва энг асосийси – сифат кафолати эканлигини тушунтириш керак. Уларнинг нархлари прейскурант асосида белгиланади. Бошқарув органи бажарилган ишлар далолатномаси ва жамоатчилик имзоси мавжуд бўлганда, квартира ичидаги хизматларга кафолат беришни бошлайди.
Квартира ичидаги пуллик хизматлар кўрсатиш ҳамда рўйхат ва баҳолар билан прайс-варақ тўғрисидаги маълумотни БК офисида, унинг расмий сайтида ёки ТГ гуруҳида жойлаштириш мумкин.
Аризани аҳоли учун қулай форматда қабул қилиш керак.
Уйда яшовчилар учун маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
• хизматлар рўйхати;
• хизматлар қиймати ва аҳолининг муайян тоифалари учун мумкин бўлган чегирмалар;
• хизмат кўрсатиш бўйича ариза шакли;
• бажарилган ишлар далолатномаси шакли.
Усталарнинг ишига қандай ҳақ тўлаш керак?
Усталарга ҳақ тўлаш бажарилган ишлар далолатномаси асосида амалга оширилиши керак. Сифатсиз бажарилган иш ёки устани қайта чақиришда тўланадиган ҳақ миқдори камайтирилади. Прейскурантда кўрсатилган квартира ичидаги хизматларнинг қатъий нархлари уларни бажариш жараёнида қўшимча ишлар ўтказиш зарурлиги аниқланса, ўзгартирилиши мумкин. Бундай ҳолатда аҳолининг ёзма розилигини олиш яхшироқ бўлади.
Рағбатлантириш керак
Албатта, агар ижрочини квартира ичидаги хизматлар учун тўлов шартлари қониқтирмаса, у БКни четлаб ўтиб, уй эгаси билан бевосита келишиб кетаверади. Бунда хизмат учун тўланган пуллар уларнинг чўнтагига тушади. Шунинг учун бу ерда ходимларни рағбатлантириш, иш вақтини назорат қилиш, пуллик аризаларни диспетчерлашни таъминлаш муҳим.
Ходимлар учун хизматларни бошқарув органи орқали кўрсатиш фойдали бўлиши, четдан «қўшимча иш» излаши керак бўлмаслиги учун муносабатларнинг бундай кетма-кетлигини қуриш керак. БК усталар квартира ичидаги ишларда бажарилган иш қийматидан неча фоизини олишларини аниқлаши керак.
Агар хизматларнинг ҳақи уларни қониқтирмаса, пуллик хизматларни жорий этиш бўйича барча ҳаракатлар беҳуда бўлади.
Усталар билан қийматнинг 70%и уларнинг ҳисобига, 30%и эса бошқарувчи компанияга тушиши ҳақида келишиб олиш мумкин.
Агар аҳолининг барча аризаларини рақамли ресурсларда қайд этилса ва тўлаш тизими усталарни қониқтирса, қандайдир ишлар кассадан «ўтиб» кетишидан қўрқмаслик мумкин.