Олий таълим муассасаси ассистенти узоқ муддатли (6 ойга) чет эл стажировкасига кетмоқчи. Ходим стажировка вақтида талабаларга дарсни масофадан туриб ўтмоқчи.
ОТМ профессор-ўқитувчилари стажировка вақтида масофадан туриб ишласа бўладими?
– Профессорлар ва олий таълим муассасалари ўқитувчиларига узоқ муддатли хорижий стажировка давомида масофадан туриб ишлашга рухсат этилади, агар қонунчиликда белгиланган талаблар бажарилса.
Меҳнат кодексининг 452-моддасига кўра, масофадан туриб ишлаш – бу иш берувчининг доимий иш жойидан ташқарида ахборот-коммуникация технологияларидан, жумладан интернетдан фойдаланган ҳолда меҳнат функциясини бажариш. Меҳнат фаолиятини масофадан туриб давом эттирган ҳолда амалга ошириладиган стажировка вақтинчалик масофадан туриб ишлаш тушунчасига киради, бу Меҳнат кодексининг 453-моддасида тартибга солинган. Вақтинчалик масофадан туриб ишлашнинг максимал муддати бир йилдан ошмаслиги керак.
Масофадан туриб ишлаш режими қонуний тарзда расмийлаштирилиши учун:
• ходимнинг розилигини (ариза) олиш;
• меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш (МК 457-м.);
• иш берувчи томонидан вақтинчалик масофадан туриб ишлашга ўтиш ҳақида буйруқ чиқарилиши лозим.
Меҳнат шартномасига Меҳнат кодексининг 456-моддасида кўрсатилган мажбурий шартлар киритилади, жумладан иш режаси, ўзаро алоқалар тартиби, жиҳозлар ва алоқа воситаларидан фойдаланиш.
Эътибор бериш керакки, Меҳнат кодекси айрим ҳолларда, жумладан ходимнинг хорижга чиқишида, масофадан туриб ишлашни чекловчи ёки тақиқловчи нормаларни ўз ичига олмайди. Демак, агар иш характери уни масофадан бажаришга мўлжалланган бўлса ва барча талаблар бажарилса, бундай иш шаклига тақиқ йўқ.
Шу тариқа, олий таълим муассасаси ўқитувчисининг хорижий стажировка даврида масофадан ишлаши амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, мумкин ва қонунийдир.
Саодат Усманова,
«Норма» эксперти.