Муддатидан олдин пенсияга чиқишнинг шартларидан бири стажни имтиёзли ҳисоблашдир. Бу ҳуқуқдан ким фойдаланиши мумкин?
– Айрим ходимларнинг стажини имтиёзли ҳисоблаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ) 38-моддаси билан тартибга солинади. Уларга қуйидагилар киради:
• ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – УЧ ҲИССА бараварида;
• 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу модданинг «а» бандида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – ИККИ ҲИССА бараварида;
• Қонун 10-моддасининг «а» ва «б» бандларига ҳамда 11-моддасининг «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган – эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил ИККИ ҲИССА бараварида;
• моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – ИККИ ҲИССА бараварида;
• ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши – БИР ЯРИМ ҲИССА бараварида;
• асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – БИР ЯРИМ ҲИССА бараварида.
Ушбу моддада назарда тутилган меҳнат стажини имтиёзли ҳисоблаш тартиби Қонун бўйича тайинланадиган БАРЧА ТУРДАГИ ПЕНСИЯЛАР учун қўлланилади. Бундан ташқари, учувчи ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимларнинг меҳнат фаолияти даври ҳам имтиёзли тартибда ҳисобланади.
Масалан, самолётларда учишларнинг ҳар 20 соати хизмат муддатининг 1 ойига ўтади:
• вертолётларда учиш соатлари;
• махсус қўлланиладиган авиацияда (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофотосъёмкалар ва ҳ.к.);
• чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳларда (етакчилар);
• командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларда, жумладан авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш бўйича олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар 12 соати хизмат муддатининг 1 ойига ҳисобланади.
Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) ҳаво кемалари экипажи таркибида 1 йил ишлаш хизмат муддатининг 1,5 йилига ҳисобланади.
Худди шу ҳисоблар «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларининг учувчилар таркиби учун ҳам тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажарган тақдирда амал қилади, мураккаб ёки олий пилотаж элементларини бажарган тақдирда эса – йил 2 йилга ҳисобланади.
Бу фақат бир нечта мисол. Хизмат йилларини имтиёзли ҳисоблашнинг тўлиқ рўйхати 592-сон Низомга 4-илова билан тартибга солинган.
Маълумот учун!
Агар ҳужжатда (электрон маълумотларда) туғилган вақти тўғрисида аниқ сана КЎРСАТИЛМАЙ ой кўрсатилган бўлса, туғилган сана сифатида тегишли ойнинг 15-санаси ҲИСОБЛАНАДИ.