Norma.uz
Газета СБХ / 2025 год / № 22 / Божхона

Томонларнинг ўзаро боғлиқлиги битим нархига таъсир қилмаса...

 

Биз олиб кирилган товарнинг қийматини асосий усул бўйича аниқлашни хоҳлаймиз. Қўлимизда бу ҳолда талаб қилинадиган барча ҳужжатлар бор. Лекин декларант бизнинг вазиятимизда бу мумкин эмаслигини айтмоқда, бунга сабаб биз ўзаро боғлиқ шахслар эканмиз. Гарчи белгилар йўқдек, ягона ҳолат – товар етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган фирманинг директор ўринбосари яқинда бошлиғимизнинг қайнисинглисига айланди. Аммо шартнома бу воқеа юз беришидан анча олдин имзоланган эди. Ушбу ҳолатни тушунтириб беришингизни сўраймиз. Шунингдек қуйидагини тушунтириб беринг: агар биз ҳар ҳолда биринчи усул бўйича аниқлайдиган бўлсак, битим бўйича қандай харажатларни киритиш керак бўлади?

 

 

– Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усул ҳисобланади, кундалик сўзлашувда биринчи усул деб аталади.

 

• Ҳужжат тили билан

Олиб кириладиган товарга доир битим қийматига оид усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, ушбу Кодекснинг 304 ва 305-моддалари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.

Олиб кириладиган товарлар учун сотиб олувчи томонидан бевосита сотувчига ёки сотувчининг фойдаси учун бошқа шахсга тўланган ёки тўланиши лозим бўлган барча тўловларнинг умумий суммаси бундай товарлар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх деб ҳисобланади. Бунда тўловлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида тақиқланмаган ҳар қандай шаклда бевосита ёки билвосита амалга оширилиши мумкин.

Бир битим доирасида кўп миқдорда сотиб олинган товарларнинг бир қисмини декларациялашда бундай товарлар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх декларацияланадиган товарларнинг миқдори ва сотиб олинган товарларнинг умумий миқдори билан тенг нисбатда аниқланади.

БК 303-моддаси

 

Дарҳақиқат, агар битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим эканлигини ҳисобга олган ҳолда, олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан божхона қийматини аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин эмас (БК 306-м. 7-хатбошиси).

БКнинг 307-моддасига мувофиқ ўзаро боғлиқ шахслар деганда қуйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

● битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

● битим тарафлари юридик жиҳатдан тан олинган бизнес ҳамкорлар бўлса;

● битим тарафларидан бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

● битим тарафларининг бири битимнинг бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида беш фоизни ташкил этувчи, ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

● битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

● битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

● битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

● битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса.

 

Маълумот учун. Шартнома муносабатларининг тарафлари бўлган, фойда олиш мақсадида фаолиятни амалга оширадиган ҳамда ушбу фаолият давомида барча харажатларни ва зарарларни биргаликда ўз зиммасига оладиган ваколатли шахслар юридик жиҳатдан тан олинган бизнес ҳамкорлар деб ҳисобланади. Агар бундай шахслардан бири бошқасининг ягона агенти ёки ягона дистрибьютори ёхуд ягона концессионери бўлса, улар ушбу модданинг мақсадлари учун ўзаро боғлиқ деб ҳисобланади. Шахс бошқа шахснинг хатти-ҳаракатларини амалий ёки ҳуқуқий жиҳатдан чекласа ёхуд назорат қилса, у бошқа шахсни бошқарувчи шахс деб ҳисобланади.

 

 

Ўзаро боғлиқлик белгиларини аниқлаш

Олиб кириладиган товарга доир битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги белгилари бўлган тақдирда божхона органи битимнинг амалдаги ҳолатларини ўрганиб чиқиши керак. Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, ушбу битим божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади. Акс ҳолда, божхона органи декларантга ёки божхона брокерига мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни 30 календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида ёзма шаклда хабар қилади (БК 308-м.).

Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади, агар декларант ёки божхона брокери битимнинг қиймати баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин ёки олиб кирилганидан сўнг 30 календарь кун ичида товарнинг олиб кирилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқинлигини исботлай олса:

● Ўзбекистон Республикасида ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини чегириб ташлаш усули бўйича аниқланган божхона қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини қўшиш усули бўйича аниқланган божхона қийматига.

Бунда БКнинг 308-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:

● тижорат шартлари;

● миқдори;

● БКнинг 304-моддасида санаб ўтилган харажатлар;

● ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса.

 

Маълумот учун. Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас.

 

 

Битим нархига киритиладиган харажатлар ҳақида

Олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса (БК 304-м.):

а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:

● ташиш қиймати;

● товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;

● суғурта қиймати;

б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:

● воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно;

● контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

● ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) сотиб олувчи томонидан бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита кўрсатиладиган қуйидаги хизматларнинг ва етказиб бериладиган бошқа товарларнинг тегишли тарзда тақсимланган қиймати:

● олиб кириладиган товарлар қайси хом ашё, материаллар, деталлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқа товарлардан ишлаб чиқилган (иборат) бўлса, ўша хом ашё, материаллар, деталлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқа товарлар;

● олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоблар, штамплар, қолиплар ва бошқа шу каби товарлар;

● олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқаришда сарфланган материаллар;

● божхона ҳудудидан ташқарида тайёрланган ва олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, муҳандислик, конструкторлик ишлари, дизайн, эскизлар ва чизмалар;

 

Маълумот учун. «В» бандида кўрсатилган харажатлар олиб кириладиган товарларни божхона ҳудудига олиб чиқиш учун ишлаб чиқаришга ва сотишга қаратилиши керак.

 

г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.

 

Маълумот учун. БКнинг 304-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

БКнинг 304-моддасида кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

 

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 102 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика