Маркетплейс – бу товар ва хизматларни сотиш ва сотиб олиш учун электрон платформа. Сотувчилар товарлар (хизматлар)ни жойлаштиради, харидорлар эса уларни таклиф этилган ассортиментдан танлаб буюртма беради.
Маркетплейс – сотувчи ва харидор ўртасидаги воситачи бўлиб, товарларни ўзининг омборидан ёки сотувчининг омборидан бериш пунктига ёки тўғридан-тўғри харидорга етказиб беришни ташкил қилади.
Маркетплейсни давлат реестрига қандай киритиш керак
Фискал маълумотлар нуқтаи назаридан, маркетплейс – бу нақд ва нақдсиз пул ҳисоб-китоблари тизими (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-илова 3-б.):
● электрон шаклдаги чекларни харидорларга юбориш функциясига эга бўлган техник воситалар, ахборот технологиялари ва тизимларини қўллаган ҳолда электрон тўлов ҳужжатлари орқали;
● фискал маълумотлар операторининг тизимига уланиш имкониятига эга;
● операторга тақдим этилган чек маълумотлари асосида онлайн режимда фискал белгиларни қабул қилувчи.
Маркетплейс давлат реестрига киритилиши керак. Бунинг учун ариза берувчи Солиқ қўмитасига белгиланган шаклдаги ариза (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-иловага илова) ва ҳужжатларни илова қилиб тақдим этади (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-илова 4-боб).
Солиқ қўмитаси улар тақдим этилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ариза берувчига давлат реестрига киритиш тўғрисидаги қарорнинг нусхасини ёки рад этиш сабаблари билан электрон ёки ёзма шаклда жавоб хатини юборади. Охирги ҳолатда, ариза берувчи камчиликларни бартараф этгандан сўнг яна ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Маркетплейс қуйидаги ҳолларда давлат реестридан чиқарилади (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-илова 5-боб):
● тугатилганда ёки банкрот деб топилганда;
● унинг фаолиятига нисбатан қонунчилик талаблари ўзгарганда;
Солиқ қўмитасига мурожаат қилганда.
Агар қонунчилик талаблари бажарилмаса, Солиқ қўмитаси олдиндан ёзма огоҳлантиришдан сўнг маркетплейсни фискал маълумотлар оператори тармоғидан вақтинча ёки тўлиқ ўчириши, шунингдек давлат реестридан чиқариши мумкин.
Маркетплейсда ҳисоб-китобларни қандай амалга ошириш керак
Маркетплейс орқали товарлар (хизматлар)ни сотувчи тадбиркорлик субъектлари у билан шартнома тузади. Маркетплейс фискал маълумотлар операторининг ахборот тизимида бу субъектлар ҳақидаги маълумотларни қайд этади (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-илова 6-боб).
Товарлар (хизматлар) харидорлари уларни онлайн, нақд пул ёки пластик карталар билан тўлашлари мумкин.
Маркетплейс орқали аҳоли билан пул ҳисоб-китоблари амалга оширилганда, харидорларга электрон фискал чек берилиши керак. Бунинг учун маркетплейс фискал маълумотлар операторининг ахборот тизими билан интеграциялашади.
Электрон чек назорат-касса техникасининг қоғоз чекига тенглаштирилади (2.06.2016 йилдаги 185-сон ВМҚга 1-илова 48-1-б.).
Маркетплейслар қуйидагиларни бажаришлари шарт (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1а-илова 3-боб):
● фискал чек маълумотларини шакллантириш, юбориш, қабул қилиш ва сақлаш имкониятига эга ахборот тизимини яратиш;
● call-марказга эга бўлиш;
● фискал чек маълумотларини камида 5 йил сақлаш, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялаш ва махфийлигини таъминлаш.
Харидлар маълумотлари электрон фискал чекларда ва ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобларида тўғри акс эттирилиши учун, комитент (товар эгаси) ўзининг солиқ тўловчининг шахсий кабинетида маркетплейсни комиссионерлар рўйхатига киритиши керак.
Одатда, фискал чек товарларни харидорга топшириш санасида расмийлаштирилади (СК 242-м.).
Агар харидордан пулни олиш ва унга товарни етказиб бериш ўртасида вақт оралиғи бўлса, фискал чекни курьерга жўнатиш пайтида расмийлаштиринг. Агар харидор товарни қайтарса, чек тузатилади.
Ҳисобнинг бу жиҳатларини бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.
Фискал белгиларни акс эттириш талаблари ёки тартиби бузилиши ёхуд солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашувини таъминламаслик охирги ҳисобот чорагида олинган, реализация амалга оширилган соф тушумнинг фоизида жарима солинишига сабаб бўлади (СК 227-1-м.):
● биринчи ҳуқуқбузарлик учун – 2%;
● жарима қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун – 20%.
Маркетплейсда бухгалтерия ҳисобини қандай юритиш керак
Товарлар (хизматлар) сотувчиси маркетплейс билан комиссия (топшириқ) шартномасини тузади.
Товарни реализация қилиш учун топшириш пайтида унга бўлган мулк ҳуқуқи маркетплейсга ўтмайди (ФК 164-м.), шунинг учун товар қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича топширилади.
Олинган товарларни маркетплейснинг балансига кирим қилманг, балки 004-«Комиссия шартномаси бўйича қабул қилинган товарлар» балансдан ташқари счётида ҳисобга олинг.
Маркетплейс фаолиятида товарларни сақлаш, етказиб бериш ва бошқа харажатлар юзага келади. Воситачилик шартномаси шартларига кўра, улар:
● сотувчи томонидан маркетплейсга қопланиши мумкин;
● маркетплейснинг харажатларига ўтказилиши мумкин. Бу ҳолда улар 9410-счётда реализация қилиш бўйича харажатлар сифатида акс эттирилади (5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.1-б.).
Товарлар реализация қилинган ой тугаганидан кейин 5 иш кунидан кечиктирмай, маркетплейс (комиссионер) комитентга ҳисобот тақдим этади (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова 28–29-б.).
Маркетплейс:
● комитентга ўз мукофот суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова 27-б.). Унга қопланадиган харажатлар киритилмайди;
● хизматлар кўрсатиш тўғрисида далолатнома расмийлаштиради, унда қуйидагиларни кўрсатади:
– ўз мукофоти суммасини;
– комиссионер ҳисоботига мувофиқ, комитент томонидан қопланадиган харажатларнинг рўйхати ва суммаларини.
МИСОЛ. Маркетплейс товарлар реализациясини бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириши керак
Комитент-корхона якуний харидорларга сотиш учун маркетплейсга (комиссионерга) 50 млн сўмлик товарларни топширди. Корхона ҳам, маркетплейс ҳам – ҚҚС тўловчилари.
Воситачининг мукофоти – ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда товарларни сотиш қийматининг 10%ини ташкил этди (харидорлардан тушган маблағлардан маркетплейс томонидан ушлаб қолинади).
Маркетплейс 33,6 млн сўмга товарларнинг бир қисмини сотди, шу жумладан ҚҚС – 3,6 млн сўм.
Воситачининг мукофоти 3,36 млн сўмни (33,6 x 10%) ташкил этди, шу жумладан ҚҚС – 0,36 млн сўм (3,36 : 112 x 12).
Комиссия шартномасига кўра:
маркетплейс омборида товарларни сақлаш бўйича 0,5 млн сўмлик харажатларни комитент қоплайди (ФК 842-м.);
товарларни харидорга етказиб бериш бўйича харажатларни маркетплейс тўлайди. Уларнинг суммаси 0,2 млн сўмни ташкил этди.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, |
Ҳисобварақларнинг корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
||
Комиссия шартномаси бўйича товарлар қабул қилинди (қабул қилиш-топшириш далолатномаларида кўзда тутилган нархларда) (21-сон БҲМСга 2-илова 441-б.) |
50 |
004 |
|
Реализация қилинган товарлар ҳисобдан чиқарилди (33,6 – 3,6) |
30 |
|
004* |
Реализация қилинган товарлар учун харидорларнинг қарзи ва комитент олдида маркетплейснинг қарзи акс эттирилди |
33,6 |
4010 |
6990 |
Комиссион мукофот кўринишидаги даромад акс эттирилди |
3 |
4010 |
9030 |
Комиссион мукофот суммасига ҚҚС ҳисобланди |
0,36 |
4010 |
6410 |
Харидорлардан пул маблағлари тушди |
33,6 |
5010 |
4010 |
Комиссион ҳақ ушлаб қолинди |
3,36 |
6990 |
4010 |
Комиссион ҳақ чегирилган ҳолда комитентга қарздорлик тўланди (33,6 – 3,36) |
30,24 |
6990 |
5110 |
Сақлаш бўйича қопланадиган харажатлар акс эттирилди |
0,5 |
4890 |
0200 |
Сақлаш бўйича харажатлар қопланди |
0,5 |
5110 |
4890 |
Товарларни етказиб бериш бўйича харажатлар ҳисобдан чиқарилди |
0,2 |
9410 |
0200 |
*Товарларни маркетплейс омборидан етказиб бериш хизматига (курьерга) топширишда 004-счётининг субконтоси ўзгаради (моддий жавобгар шахслар бўйича).
Маркетплейс айби туфайли юзага келган товарлар камомадини қандай ҳисобга олиш керак
Агар маркетплейс ўз айби билан товарлар камомадини аниқласа, у шартнома шартларига мувофиқ уларнинг қийматини комитентга қоплайди.
Камомад факти инвентаризация натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Бу ҳолда товарларни реализация қилиш факти бўлмаганлиги сабабли:
● ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди;
● комиссия шартномаси томонлари камомадни тасдиқловчи ҳужжат, масалан, товарлар камомади далолатномасини тузадилар;
● маркетплейсда ҚҚС ҳисобланмайди (СК 239-м.).
Етишмаётган товарларни балансдан ташқари счётдан чиқаринг.
Қоплаш қийматини:
● маркетплейснинг айбдор ходимидан ундиринг;
● агар айбдор ходим аниқланмаган, айбдордан суммаларни ундириш имконсиз бўлса ёки раҳбар шундай қарор қабул қилган бўлса, маркетплейс харажатларига ўтказинг.
МИСОЛ. Маркетплейсда товарлар камомадини бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак
Маркетплейс омборида инвентаризация натижалари бўйича комитент товарларининг камомади аниқланди. Шартнома шартларига кўра, маркетплейс бу товарларнинг қийматини топшириш нархида 10 млн сўмда комитентга қоплайди.
Раҳбарият айбдор ходимлардан 6 млн сўм ундириш, 4 млн сўмни эса корхона харажатларига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, |
Ҳисобварақларнинг корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
||
Етишмаётган товарлар ҳисобдан чиқарилди |
10 |
|
004 |
Моддий зарар акс эттирилди |
10 |
5910 |
6990 |
Ходимлар томонидан зарар қопланди |
6 |
4730 |
5910 |
Қопланмаган зарардан зиён акс эттирилди |
4 |
9430* |
5910 |
Комитентга зарар қопланди |
10 |
6990 |
5110 |
*Фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар (СК 317-м. 10-б.).
Маркетплейс қандай солиқларни тўлайди
Маркетплейс ўзи воситачилик операцияларини амалга оширишидан келиб чиқиб солиқларни тўлайди.
ҚҚС
Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш – бу ҚҚС солинадиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланма (СК 238–239-м.).
Солиқ базасини солиқни ўз ичига олган мукофот миқдорида аниқланг (СК 250-м.).
Кўрсатилган воситачилик хизматлари учун ҚҚСни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:
ҚҚС суммаси = Солиқни ҳисобга олган ҳолда шартнома бўйича мукофот / 112 x 12.
МИСОЛ. Маркетплейс даромадни қандай аниқлаши керак
Комитент февралда маркетплейсга товарларни реализация қилиш учун топширди.
Маркетплейс ўша йилнинг апрелида 112 млн сўмлик товарларни сотди, шу жумладан ҚҚС – 12 млн сўм.
Комиссион мукофот 2,24 млн сўмни ташкил этди.
Маркетплейс апрелда воситачилик хизматларидан 2 млн сўм (2,24 / 112 x 100) даромадни тан олади ва 0,24 млн сўм (2,24 112 x 12) ҚҚС ҳисоблайди.
Маркетплейс ўз хизматлари бўйича фаолияти учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларини, агар ҳисобга олиш учун барча шартларга жавоб берса, ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СК 266-м., 266-1-м.).
Воситачи томонидан комитент товарларини реализация қилишда ҚҚСни комитент (товар эгаси) тўлайди. Маркетплейс комитент томонидан қопланадиган харажатлар бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олмайди, чунки улар комитентнинг харажатлари ҳисобланади.
Фойда солиғи
Воситачилик хизматларини кўрсатишдан маркетплейс даромади – бу ҚҚС чегирилган ҳолда мукофот суммаси. Уни жами даромад таркибига киритинг (СК 297-м.).
Қуйидагилар маркетплейснинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди (СК 304-м. 11-б.):
● воситачилик шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш муносабати билан унга тушган мол-мулк (мукофотдан ташқари);
● шартнома шартларига мувофиқ комитент томонидан қопланадиган топшириқни бажариш бўйича харажатлар суммаси. Бундай харажатлар маркетплейснинг харажатлари ҳисобланмайди.
Воситачилик хизматлари бўйича фойда солиғи ставкаси – 15% (СК 337-м.).
Айланмадан олинадиган солиқ
Воситачилик хизматларини кўрсатишдан маркетплейс даромади – бу мукофот суммаси. Уни жами даромад таркибига киритинг (СК 463-м.).
Қуйидагилар маркетплейснинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди (СК 304-м. 11-б.):
● воситачилик шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш муносабати билан унга тушган мол-мулк (мукофотдан ташқари);
● шартнома шартларига мувофиқ комитент томонидан қопланадиган топшириқни бажариш бўйича харажатлар суммаси. Бундай харажатлар маркетплейснинг харажатлари ҳисобланмайди.
Воситачилик хизматлари бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси – 4% (СК 467-м.).
Календарь йили давомида жами даромади 1 млрд сўмдан ошган айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари бу миқдорга эришган кундан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади (СК 462-м. 9-қ.).
Янги ташкил этилган субъектда товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад ҳисоб-китоб суммасидан (1 млрд сўм : 365 x рўйхатга олинган санадан календарь йили охиригача кунлар сони) ошиб кетиши мумкин. Бу ҳолда у рўйхатга олинган йилдан кейинги йил бошидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғига ўтади (СК 462-м. 10-қ.).
Бунда воситачилар реализация қилишдан олинган даромадни ўз мукофоти суммаси бўйича эмас, балки товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича битимларнинг умумий суммасидан келиб чиқиб аниқлайдилар (СК 462-м. 11-қ.).
Олег ЦОЙ,
«Норма» эксперти.