Шу вақтгача «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий сонида биз кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш муаммолари ҳақидагина гапирмадик. Биз ижобий тажрибани топишга ва уни ўқувчиларга етказишга ҳам ҳаракат қилдик.
Афсуски, сўнгги йилларда бу соҳада барқарор бошқарув органларининг, шу жумладан биз тажрибасини оммалаштирган органларнинг ҳам қайта тақсимланиши содир бўлмоқда. Йўлга қўйилган кўплаб амалиётлар ўзгаришлар гирдобида йўқолиб кетди. Соғлом фикр устун келиб, ишлар ўз ўрнини топади, деб умид қиламиз. Биз ККУни бошқариш борасида Россияда олиб борилган амалиётларни нашр этишни бошлаймиз. Улар РосКвартал ҳамда «Р1» Ассоциацияси чиқарган тўпламга киритилган. Бу тажриба бошқарувчиларимиз учун ҳам фойдали бўлади деб умид қиламиз.
«Территория» УЖКХнинг мижозлар менежери
УЖКХ соҳасини фуқаролар учун тушунарли ва мақбул ҳолатларга келтириш – бу Екатеринбургдаги «Территория» УЖКХни ривожлантириш устуворликларидан бири ҳисобланади. Компания уйни унда яшовчилар бошқариши учун ҳаракат қилмоқда, у шундай мақсадни амалга оширишда фақатгина қулай восита бўлди.
2020 йилда «Мижоз учун БК» лойиҳаси ишга туширилди, унинг доирасида «Территория» УЖКХ кенг имкониятлар доирасидан фойдаланади. Хусусан, у ижтимоий тармоқлардаги асосий майдончаларда намойиш этилган. Бунда ҳар бир канал ўзига хос ва ўз вазифаларини ҳал қилади. Масалан, Telegram каналда соҳанинг асосий янгиликлари, YouTube-каналда эса нафақат компания ва воқеалар ҳақида ҳикоя қилинадиган, балки УЖКХ халқаро амалиёти тушунтириладиган эксперт лойиҳаси роликлари эълон қилинади. Ҳар бир уй-жой мажмуасининг ўз сайти бор, унда янгиликлар, саволларга жавоблар, ККУ ҳаёти билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштирилади. Мутахассислар билан мулоқот қилиш учун ўз мобиль иловаси ишга туширилган.
Яшовчиларни юзма-юз қабул қилиш учун Екатеринбургда 5 та етакчи ва 32 та қўшимча офислар фаолият юритмоқда. Етакчи офисга компаниянинг ҳар қандай уйида яшовчи, ҳатто бошқа туманда бўлса ҳам, мурожаат қилиши мумкин. «Территория» офисларидан бири мунтазам равишда Екатеринбург яшовчилари орасида ўз хизматлари сифати бўйича сўровлар ўтказади. Жавоблар кейинги ривожланиш йўналишини кўриш имконини беради.
Компаниянинг штат жадвалида «мижозлар менежери» лавозимининг вужудга келиши муҳим янгилик бўлди. Бу лавозим соҳа профстандартларида кўзда тутилмаган. Лекин мижозлар хизматини ривожлантириш – замонавий компания ўсишининг зарур элементи. Энди «Территория»да мижоз билан барча ўзаро алоқалар мижоз менежерлари орқали амалга оширилади. Улар офисларда қабул олиб боради, яшовчилар билан чатда мулоқот қилади, мурожаатларга жавоб беради, уйлар кенгашлари билан ҳамкорлик қилади, мулкдорларга умумий йиғилишлар ташкил қилишда ёрдам беради, кўздан кечириш учун объектларга чиқади ва яшовчиларнинг саволларига жойида жавоб беради.
Ишонч почтаси, яшовчилар учун чегирмалар, экофестиваль
Ростов-Дондаги «Военвед» БК уй-жой фондини самарали бошқариш фақат ККУда яшовчиларнинг фаол иштироки ва манфаатдорлиги шароитидагина мумкин деб ҳисоблайди. Компания ўз олдига масъулиятли мулкдорни шакллантириш вазифасини қўйган. Бунинг учун ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва кўп қаватли уйларда яшовчиларни бошқарув жараёнига жалб қилиш зарур.
Бу ерда ККУнинг умумий мулкини капитал таъмирлаш, энергия самарадорлиги дастурларини амалга ошириш, уйлар кенгашларининг иши бевосита мулкдорлар билан ўзаро ҳамкорлик сифатига боғлиқ деб ҳисоблайдилар.
2015 йилдан буён бу вазифани ҳал қилиш доирасида «Ишонч почтаси» яратилган ва муваффақиятли қўлланилмоқда. Бу шахсан компания директорига кўриб чиқиш учун йўналтириладиган аризалар, шикоятлар, таклифлар учун «Ишонч телефони»га ўхшаш воситадир. «Ишонч почтаси» низоли вазиятларнинг олдини олиш, БК иши сифатини назорат қилиш ва яхшилаш ҳамда уйда яшовчилар ўртасида амалий мулоқот ташкил этишга ёрдам беради.
Йил давомида 500 дан ортиқ хат олинди, уйда яшовчиларнинг 400 дан ортиқ долзарб савол ва муаммолари ҳал қилинди. «Ишонч почтаси» манзили компаниянинг расмий сайтида, тўлов ҳужжатининг орқа томонида жойлаштирилган ва фойдаланиш учун очиқдир.
Бундан ташқари, «Военвед» БК уйда яшовчилар учун мунтазам равишда турли тадбирлар ўтказади. Масалан, «Қўшнилар фэст» экофестивали. Бу нафақат аниматорлар, балки экологларни ҳам жалб қилган ҳолда катталар ва болалар учун кенг кўламли байрамнинг янги формати. Яшовчилар учун экологик билимлар олишнинг яхши имконияти.
Компания ижтимоий тармоқларда акциялар ўтказади, бунда уйда яшовчилар ўз фикрларини билдирадилар. Компания ҳамкорлари ККУда яшовчиларга реклама эвазига ўз хизматлари учун чегирмалар тақдим этадилар. Улар орасида тиббиёт клиникаси, канцтоварлар дўкони, шахмат клуби, пиццерия, болалар маркази бор.
БКнинг ўз матбуот котиби ҳам бор
Самара шаҳридаги «Электрошчит» УЖКХнинг асосий вазифаси уйда яшовчиларнинг УЖКХ соҳасини ва унинг ходимларига муносабатини ўзгартириш бўлди. Бунинг учун компания ижтимоий тармоқларда («ВКонтакте», Facebook, Twitter, Instagram) блог юрита бошлади. Стратегия сифатида бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар танланди, улар УЖКХ ходимлари ва уларнинг кундалик ҳаёти, компания жамоаси қандай «нафас олаётгани» ҳақидаги постлар билан тўлдирилди.
Бошқарувчи компания ходимлари интервью беришдан ва саволларга жавоб беришдан тортинмайдилар. Ижтимоий тармоқларда уларнинг портретлари пайдо бўлади. Уйларда яшовчилар буларнинг ҳаммаси улар учун ишлаётганини тушунишлари керак. Булар ўз ишини яхши кўрадиган профессионаллар, мутахассислардир.
Ҳар бир ижтимоий тармоқда ўзининг аудиторияси бор. Хусусан, уйда яшовчилар орасидан энг фаолларини Instargam ва «ВКонтакте»га жалб қиладилар.
«ВКонтакте» фойдаланувчилари мақолалар ва фойдали материалларни афзал кўрадилар. Уйда яшовчилар қандай ишлар ва қайси даврда жорий ва капитал таъмирлаш режасига киритилганини тез ва осон билиб олиши, ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича қайси мутахассисларга ва қайси вақтда мурожаат қилиш мумкинлигини билиб оладилар.
Компанияда ҳатто матбуот котиби лавозими ҳам бор. У ҳафтада 5 кун чиқадиган ҳар бир канал учун нашрлар, фото ва видеоконтентни ташкил этади, танлайди ва мослаштиради. Уйда яшовчилар компаниянинг очиқлиги ва унинг ходимларининг ишга муносабатини кўради. Бу уларга ишонч ва ҳурматнинг ошишига ёрдам беради.