ККУдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишларига қонунчиликда кўзда тутилган кворумни тўплаш имконсиз. Шу мақсадда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон) 39-моддасида мулкдорлар вакилларининг иштироки назарда тутилган.
Ширкатнинг бошқа аъзоси ёки ширкат аъзосининг оддий ёзма шаклда расмийлаштириладиган ишончномасига эга бўлган учинчи шахс ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ККУдаги жой мулкдорининг вакили бўлиши мумкин.
Ширкат аъзоси бўлган жисмоний шахснинг номидан ишончнома унинг шахсий имзоси, юридик шахснинг номидан ишончнома раҳбар имзоси билан шу юридик шахс муҳри (мавжуд бўлган тақдирда) қўйилган ҳолда берилади.
Ишончномада тегишли кўп квартирали уйдаги ифода этилаётган жой мулкдори ва унинг вакили тўғрисидаги маълумотлар (исми ёки номи, яшаш жойи ёки турган жойи, паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотлар) бўлиши керак.
Ишончнома жой мулкдорининг вакилига битта умумий йиғилишда ёки ишончномада кўрсатилган вақт давомида барча йиғилишларида унинг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ёхуд барча ҳолларда овоз бериш ваколатини бериши мумкин.
Жой мулкдорининг ишончномаси уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан эътиборан бир йил давомида ўз кучини сақлаб қолади. Берилган санаси кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.
Бир шахс умумий йиғилишда бир нечта мулкдорнинг вакили бўлиши мумкин. Бундай ҳолда унинг овозлари сони у вакиллик қилаётган жойлар мулкдорларининг овозлари сонига кўпаяди. Бунда вакил умумий йиғилишда ўзи вакиллик қилаётган ҳар бир мулкдор номидан алоҳида овоз бериш ҳуқуқига эга
Бир нечта муҳим жиҳатлар Қонун эътиборидан четда қолмоқда. Бундай ҳолда иш кун тартибидаги масалалар бўйича унинг, ўзининг эмас, фикрини ифодалайди. Бунинг учун мулкдор ишонч билдирилган шахсга унинг номидан «тарафдор» ёки «қарши» овоз бериши учун ҳар бир масала бўйича ўз фикрини билдириши керак. Йиғилишдан сўнг ишонч билдирилган шахс мулкдорга қандай қарор қабул қилинганини маълум қилади.