Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фуқаролик ишлари бўйича судларга ва иқтисодий судларга улар кўрсатган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан мурожаат қилганда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди. Уларнинг талаблари тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда эса – бу шахслардан давлат божини қаноатлантирилмаган талаблар миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Бу «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун (7.11.2024 йилдаги ЎРҚ-993-сон) билан киритилган қўшимча ва ўзгартиришларда назарда тутилган.
«Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий сонида биз бошқарув органлари мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида судларга мурожаат қилганда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилиш зарурати масаласини бир неча бор кўтарган эдик. Бу БК ва ХУМШларга дебиторлик қарзини суд тартибида камайтириш борасида ҳуқуқий воситалардан фаол фойдаланишга имкон бермайдиган жиддий тўсиқ эди.
Бундан ташқари, ЎРҚ-993-сон Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш ҳақидаги талаб билдирилганда суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар ҳам илова қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилган:
•кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарори кўчирма нусхаси;
•кўп квартирали уйни бошқариш ККУни бошқариш органи томонидан шартнома асосида амалга оширилган тақдирда – кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг кўчирма нусхаси;
•қарз юзага келган давр кўрсатган қарз ҳисоб-китоби;
•қарзни тўлаш тўғрисидаги талабнинг қарздорга топширилганлигини тасдиқловчи маълумотлар.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.