2025 йилга қадам қўйганимиздан кейин ўтган йилда ёритган мавзуларимизни бир ёдга олайлик. Кўп квартирали уй-жой фонди бошқаруви соҳаси учун қандай йил бўлди? Қандай бўлмасин, биз уни яшаб ўтдик ва келажакка умид билан қарашни хоҳлаймиз. Ўтган йил осон бўлмади. ККУни бошқаришнинг энг мақбул йўлларини излаш давом этди. Биз бу жараённи «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий сонида акс эттирдик: янги ҳужжатларнинг моҳиятини тушунтирдик, муаммолар ва уларнинг сабабларини аниқладик, амалдаги қонунчиликка мувофиқ ечим йўлларини таклиф қилдик, ўқувчилар саволларига жавоб бердик. Келинг, ККУни бошқариш соҳасида йил тенденциясини белгилаб берган айрим мақолаларни ёдга оламиз.
Ўзбекистон чиқиндиларни алоҳида йиғиш борасида яна бир ҳаракатни амалга оширмоқда
2024–2026 йилларда Тошкент шаҳрида, Ангрен, Андижон, Бухоро, Термизда ва Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар ҳудудидаги чиқинди йиғиш пунктларида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Бу Президентнинг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чоралари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 12 мартдаги 11-сони).
Фуқаролар чиқинди учун қарзи бўлса, электр энергияси учун тўлов қила олмайди, квартира ёки автомобиль сотиб ололмайди
Ўзбекистонда чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарздорлиги бўлган абонентлардан электр энергияси учун тўловлар қабул қилиш вақтинча чекланади.
Бу Президентнинг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чоралари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 12 мартдаги 11-сони).
УКХ соҳасидаги устувор йўналишлар белгиланди
2024 йил 29 январда мамлакат Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида УКХ, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари эълон қилинди. Улар орасида:
•ўзбошимчалик ва ноқонуний қурилишлар устидан назоратни кучайтириш;
•арзон уй-жой;
•иссиқлик таъминоти тизимини танлашга табақалаштирилган ёндашув;
•тажриба сифатида республиканинг беш шаҳрининг сув таъминотига хусусий шерикларни жалб қилиш;
•ККУдаги ертўлаларни ижарага беришнинг янги тартибини ишлаб чиқиш;
•бошқарувчи компанияларни соғломлаштириш бўйича чоралар кўриш;
•коммунал хизматлар учун ягона биллинг ҳисобини яратиш ва бошқалар («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 9 апрелдаги 15-сони).
2-уриниш. Уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича бадал ва тўловларнинг минимал миқдорлари тасдиқланди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан ККУдаги умумий мулкни сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш, шунингдек уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун бадал ва тўловларнинг минимал миқдорлари тасдиқланди. Ҳисоб-китобда Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган миқдорларни белгилаш тартибига таянилди. Янгилик уй-жой фонди ҳолатини яхшилашга қаратилган. Минимал бадалларга ҳар икки йилда бир марта тузатиш киритилиши назарда тутилган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 28 майдаги 22-сони).
Буйруқ Қонундан устунми? Адлия вазирлиги ҳуқуқий баҳо бериши керак
Кўп квартирали уйларда яшовчилар умумий мол-мулкни сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш, шунингдек ККУга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича минимал тарифлар жорий этилганидан норози бўлишмоқда, чунки ҳужжатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган. Уларни жорий этиш тўғрисидаги буйруқ – бу Уй-жой кодекси, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга зид бўлган идоравий ҳужжат. У умуммажбурий тусга эга, лекин Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 9 июлдаги 28-сони).
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги минимал тарифлар жорий этилишини тушунтирмоқда. Амалдорлар қонунларни бузмоқда ва фуқароларни ҳам бунга чақирмоқда
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш, шунингдек ККУга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун бадал ва тўловларнинг энг кам миқдорларини қўллаш билан боғлиқ масалаларни турли форматларда тушунтирмоқда. Лекин шу билан бирга бир қатор жиддий саволларга жавоб бермаяпти («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 9 июлдаги 22-сони).
Уй учун энг кам миқдор
Кўп квартирали уйларни лозим даражада сақлаш учун зарур бўлган минимал ишлар ва хизматлар рўйхати Кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 24 сентябрдаги 39-сони).
Қарздорликни қайтарамиз – камераларни ўрнатинг
Пойтахтда амалдорлар бошқарув органларига ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича мажбурий бадал ва тўловлар бўйича қарздорликни тўлашда ёрдам беришни таклиф қилдилар. Лекин бир шарт билан: тўловни амалга оширмаганлардан олинган маблағларга БК ёки ХУМШ ўз уйларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув камераларини сотиб олиши ва ўрнатиши керак.
Лекин бирорта НҲҲда уйда яшовчилар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашга ҳисса қўшиши кераклиги айтилмаган. Бу бошқарув органлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳисобланади («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 24 сентябрдаги 39-сони).
Маҳаллаларда сервис компаниялари пайдо бўлади
Якка тартибдаги уй-жой қурилиши массивларида маҳалла сервис компаниялари ташкил қилинади. Улар ҳудудни давлат маблағлари ҳисобидан сақлаб туради ва ободонлаштиради. Шу билан бирга БК ва ХУМШ уйларга туташ ҳудуднинг таъминот ишларини уйда яшовчиларнинг бадал ва тўловлари ҳисобидан амалга оширади. Бунда ер участкалари иккала ҳолатда ҳам уй аҳлига фойдаланишга берилмаган. Бу ККУда ва якка тартибдаги уй-жойда яшовчи жойлар мулкдорларини тенгсиз мулкий-ҳуқуқий ҳолатга қўяди.
Янгилик Президентнинг «Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 5 ноябрдаги 45-сони).
Сўзни бераверамиз ҳам, ундан қайтаверамиз ҳам
Уйбоши ва кўчабошиларнинг ҳуқуқий мақомини Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллалар фаолиятини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори белгилайди. Ҳужжат билан фаолларнинг жавобгарлиги, уларни сайлаш, бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби белгиланган. Кўчабоши ва уйбошиларга кенг ваколатлар берилди, уларнинг асосий қисми бошқа органлар: маҳалла, ИИБ, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш органлари ва бошқаларнинг ишини такрорлайди («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 5 ноябрдаги 45-сони).
Арзнома кўриб чиқишга киришилмасдан бекор қилинди
Электр энергиясини истеъмол қилишнинг ижтимоий меъёри жорий этилишини кўп фуқаролар турмушини таъминлаш бўйича асосий ресурслардан фойдаланишни чеклаш сифатида баҳоладилар. Жамоат арбоби ва блогер Ислом Капарзо янгиликдан норози фуқаролар номидан «Mening fikrim» жамоатчилик ташаббуслари порталида электр истеъмоли лимитини ҳисоблашни 200 дан 500 кВт/соатгача қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида арзнома жойлаштирди. Лекин арзнома мурожаат йўлланган давлат органи кўрсатилмагани, шунингдек таклифни амалга ошириш механизми аниқ бўлмагани сабабли кўриб чиқишга қабул қилинмади («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 5 ноябрдаги 45-сони).
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва улардаги иншоотларга бўлган ҳуқуқлар Қонун билан эътироф этилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Бундай участкаларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартиби белгиланди. Қонун 2028 йил 1 январгача амал қилади («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 3 декабрдаги 49-сони).
Биринчи навбатда қонун – кейин реновация
«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жамоатчилик муҳокамаси пайтида Тошкент ҳокими пойтахтнинг олти туманида реновация лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда кенг кўламли қурилиш ишларини ўтказиш назарда тутилади. Бу жамоатчиликнинг турлича муносабатига сабаб бўлди. Фуқароларнинг аксарият қисми қонун қабул қилинмасдан, бу жараённи тартибга солувчи ҳуқуқий асослар шакллантирилмасдан реновацияни амалга ошириш мумкин эмас, деган фикрда («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 3 декабрдаги 49-сони).
Ҳокимият – «рози», вазирлик – «қарши»
Ҳокимиятлар БКларни умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий тўловлар бўйича мулкдорларнинг дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришга мажбурлай бошлади. Бундай ҳаракатларни назарда тутувчи қонуний асослар йўқ.
Бу ҳалол тўловчиларнинг ҳуқуқларини камситиш, шунингдек бошқарув органлари ишларига аралашувдир. Бундай чоралар дебиторлик қарзининг янада ўсишига, бошқарувчиларда уйларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш учун маблағлар бўлмаслигига олиб келиши мумкин.
Эҳтимол, кампания ташаббускорлари шу йўл билан БК фаолияти «кўрсаткичларини яхшилаш»ни ва юқори раҳбарият олдида ҳисобот беришни мўлжаллагандир («Норма маслаҳатчи»нинг 2024 йил 3 декабрдаги 49-сони).