2024 йил охирида мамлакат Президенти уй-жой қурилишида аҳоли маблағлари кафолатлари тизимини яратиш тақдимоти билан танишди. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 37 миллион кишидан ошгани таъкидланди. Фақат 2024 йилнинг ўзида бизда 215 минг янги оила тузилган бўлиб, бу уй-жойга бўлган талабни сезиларли даражада оширди. 2024 йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. 2025 йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.
Уй-жойга бўлган юқори талаб шароитида бу соҳада ноҳалол тадбиркорлик фаолияти пайдо бўлди, деб хабар беради president.uz. Тўловларнинг тартибга солинган тизими, рақамлаштириш ва шаффофликнинг йўқлиги суиистеъмолликлар учун қулай шароит яратмоқда. Кўп фуқаролар янги уй-жой учун маблағларни банкларни четлаб ўтиб, бевосита қурувчиларга топширмоқда, бу эса яширин секторнинг кўпайишига олиб келмоқда. Кўпинча уй-жойни топшириш муддатлари чўзилиб кетади, киритилган маблағлар эса музлатиб қўйилади. Улушли иштирок шартномалари кўпинча расмий рўйхатдан ўтказилмайди ва ноинсоф қурувчилар манфаатларига хизмат қиладиган тарзда тузилган.
Шу муносабат билан тақдимотда уй-жой харид қилишда аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Хорижий амалиётда эскроу тизими ўзини яхши кўрсатгани таъкидланди. Ушбу моделга кўра, ҳар бир қурилиш объекти учун буюртмачи ва банк ўртасидаги шартнома асосида тижорат банкида эскроу ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулк учун ҳисоб-китоблар шу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Қурилиш якунлангандан сўнг харидорнинг эскроу ҳисобварағидаги маблағлар девелопер ташкилотининг ҳисобварағига ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда бу маблағлар эгасига қайтарилади. Эскроу ҳисобварағидаги маблағларга ундирув қаратилиши мумкин эмас. Президент таклифларни маъқуллади ва тизимнинг ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, шунингдек уни қурилиш соҳаси билан боғлиқ вазирлик ва идораларга интеграциялаш бўйича топшириқлар берди.