Norma.uz

Менда ғоят катта «оила» борлигини билиб қолдим

 

Мавжуд бўлмаган «қариндошлар» муаммоси пойтахт аҳолисининг кўпчилиги учун ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Гап фуқаролар бирданига ўзларининг яшаш жойида бегона одамлар рўйхатдан ўтганини (ёки прописка қилинганини) тўсатдан аниқлаб қолгани ҳақида бормоқда. Кўп сонли «қариндошлар» пайдо бўлиши билан чиқинди, коммунал хизматлар учун (ҳисоблагичлар бўлмаганда) аслида мавжуд бўлмаган асоссиз қарздорлик юзага келмоқда. Лекин буни қатъият билан исботлаш, бегона одамларни чиқариб ташлаш учун ҳаракат қилиш керак. Фуқаролар таажжуб билан бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ёзмоқда. Хизмат кўрсатувчилар, солиқ, кадастр органларининг электрон маълумотлар базаларига, my.gov.uz давлат хизматлари порталига ва бошқаларга ишончсиз маълумот қандай тушиб қолаётганини сўрашмоқда. Шубҳали ота-оналар, буви-боболар, эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингиллар, болалар қаердан пайдо бўляпти? Уларни нима қилиш керак, қаерга мурожаат қилиш ва бу чалкашликка қандай чек қўйиш мумкин?

 

Онлайн тизимлар камчиликлари, ижрочиларнинг масъулиятсизлиги

Бу масалани биз бир йил олдин «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий сонида кўтарган эдик. Ўша пайтда давлат хизматлари портали ҳақида, кўпчиликнинг «Менинг оилам» бўлимида уларга алоқаси йўқ «қариндошлар» тўдаси пайдо бўлгани ҳақида сўз юритилган эди. Ҳатто шундай ҳазиллар ҳам бўлган: Ўзбекистонда аҳоли ўсиши нима учун бундай тезликда содир бўлаётгани энди тушунарли бўлди. Маълум бўлишича, масала ҳозиргача ечилмаган.

Бу чалкашликнинг сабаби инсон омилида эканлиги аниқ: электрон базалар билан ишловчиларга ваколатлар берилмаган ва жазо чоралари белгиланмаган. Интерактив хизматлар, электрон ҳужжат айланиши лозим даражада ишламаётгани ва ишончсиз маълумот бераётгани яққол кўриниб турибди. Фуқароларнинг таажжубланиши ҳам табиий. Нима учун улар бошқаларнинг хатоларини тўғрилаши керак? Бунга вақт, маблағ сарфлаши, асабийлашиши, турли тузилмалар остонасида сарсон бўлиши, ўз маълумотларини тиклаши керак. Бундай хатоларга йўл қўяётганлар эса ҳеч нарса учун жавоб бермайди.

«Агар бу чалкашлик шунча вақт давом этаётган бўлса, – деб ёзишмоқда фуқаролар ижтимоий тармоқларда – демак, сабаб онлайн тизимлар камчилигида, ходимларнинг масъулиятсизлигида, уларнинг электрон ресурслар билан ишлай олмаслигида. Маълум бўлишича, улар оддийгина маълумотларни тартибга келтира олмайди. Рақамлаштириш деганлари шуми?!».

«Эртага ҳар биримизни прописка жойида яшамайди деб эълон қилишлари ҳам мумкин ва бунинг учун ҳеч ким жавоб бермайди. Мансабдор шахслар ўз хатоларини тўғрилаш учун биздан яна пул ҳам олишади. Бу тўлиқ бошбошдоқлик».

 

Бир хил фамилиялилар «қариндош»га айланишмоқда

«Давлат хизматлари порталида «оила таркиби»га қарадим-у, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Оиламиз аъзоларидан фақат мен ва турмуш ўртоғим рўйхатда турибмиз, онам, қизим ва укам эса йўқ. Бунинг ўрнига мавжуд бўлмаган «ота» ва афтидан, унинг тўртта фарзанди: учта «ука» ва бир «сингил» пайдо бўлибди. Бу бемаънилик қаердан пайдо бўлди ва уни қандай йўқотса бўлади? Мавжуд бўлмаган «ота» ва эҳтимол, унинг барча «фарзандлари» менинг фамилиямда. Демак, бир хил фамилиялиларнинг барчасини «қариндош» қилиб ёзишяптими?»

«Менда «буви» пайдо бўлибди». «Менда эса қизимга тенг келадиган «сингил» бор». «Бизда – тўлиқ интернационал. Рус ва шарқ фамилияли одамлар рўйхатда. Рўйхатдан чиқаришга улгурмайсан – янгилари пайдо бўлади». «Менда ҳеч қачон бўлмаган «ука» бор. Уни ўчириш учун ариза юбордим, энди у «вафот этган» белгиси билан турибди». «Бизда эса аксинча вазият. Биз бошқа манзилга рўйхатга олинганмиз. Бу ҳам яхши эмас».

«soliq.uz сайтида ноқонуний равишда менга ёзилган бир фамилияли «ота-она»лар учун солиқ қарздорлигини топдим. my.gov.uz базасида шахсий маълумотларимни текширдим, мендан олти ёш катта «ота», икки ёш катта «она», тўртта «сингил»ни топдим. Барчамиз, Ангренда туғилиб, яшаётган эканмиз. Аслида мен тошкентликман, ягона фарзандман, ота-онам аллақачон вафот этган. Прописка жойидаги ФҲДЁга бордим. У ерда мени Ангрендаги бир фамилияли оилага қўшиб қўйишгани маълум бўлди. Ангрен ФҲДЁга қўнғироқ қилиб, маълумотларни тўғрилашни сўрашди. Бегона оилани ўчиришди, мен эса ҳамон ангренлик бўлиб қолавердим. Мавжуд бўлмаган «ота-она»лар учун солиқ қарзи эса soliq.uz базасида ҳамон менинг зиммамда турибди».

 

Буни қандай тушуниш керак

«Ёзилган «қариндошлар» орасида шундай «яшовчан»лари бор. Мендагилар 2010 йилдан бери рўйхатда «осилиб» туришибди. Квартирани 2014 йилда сотиб олганман. Маълум вақт давомида ҳаммаси тоза эди. «Қариндошлар» пайдо бўлгач, уларни ўчириш учун ҳар 3 ойда ишга боргандек бориб турдим. Охири масалани суд орқали ҳал қиламан, деб ариза ёздим.

Лекин паспорт столидаги расмий рўйхатдан чиқариш ҳам (ариза ва 17-сон шаклдаги маълумотномаси билан) улардан қутулишга имкон бермаяпти».

«Яхшиямки инсон интернетни билади, нимани қаерда қараш ва текширишни билади. Кексалар-чи, улар кимлар рўйхатга олинганини, қаердан пайдо бўлганини, нима учун қарздорлик пайдо бўлганини ва қаерга мурожаат қилишни билишмайди.

Масъулиятсиз, саводсиз ходимлар шундай асаббузарлик ҳолатларини келтириб чиқаришмоқда. Мана энди югуриб-елиб, манзилингга нотаниш одамлар тўдасини нима учун рўйхатга олишганини билмаслигингни исботла. Бунинг учун ҳеч ким жавоб бермайди, ҳеч ким жазоланмаган».

 

Бу муаммони қандай ҳал қилишмоқда?

«Совуқ сув ҳисоблагичи кўрсаткичларини топшираётиб, менда нечта одам рўйхатда туришини сўрадим. Аслида биз бешта эдик, менга эса – саккизта, дейишди. Паспорт столига 17-сон шаклдаги маълумотнома билан, кейин сув идорасига бордим. Ортиқча одамларни олиб ташлашди. Қанча муддатга?

Лекин бу асаб, вақт, таксига пул сарфлашлар. Яна сув идорасида саводли одамлар учраса майли. Аксарияти эса нўноқ, сурбет ва қўпол. Нега уларнинг хатоларини биз ўз ҳисобимиздан тўғрилашимиз керак».

«Агар давлат хизматлари порталида яшаш жойингизда бегона одамлар рўйхатда туришини аниқласангиз, уларни чиқариб ташлаш учун электрон ариза юборишингиз мумкин. Бунинг учун «Доимий яшаш жойида рўйхатда турган шахслар ҳақидаги маълумотларни тузатиш бўйича сўров юбориш» иловасини босиш керак. Агар бу фуқароларнинг рўйхатга олиш варағини чоп этишга муваффақ бўлсангиз, уларни базага киритган ходимнинг Ф.И.Ш. ва амалга оширилган сана кўрсатилади. Лекин амалиёт шуни кўрсатадики, базадан ишончсиз маълумотларни мустақил равишда чиқариб ташлаш деярли имконсиз – тизим ўзгартиришларни қабул қилмайди. Шунинг учун масалани паспорт столида, кадастр ҳужжатларини олиб бориб ҳал қилган маъқул».

«Ҳеч қаерга бориш, асабийлашиш, бизга шундай муаммолар яратаётганларни кўндириш, илтимос қилиш керак эмас. Базага нотўғри маълумотларни киритган мансабдор шахснинг лоқайдлиги юзасидан прокуратурага ариза ёзиш керак. Ўзлари югуриб келиб, ҳаммасини тўғрилаб қўйишади. Мен шундай қиламан».

 

Муаммо аниқ чўзилиб кетди, алоҳида ҳолатлар доирасидан чиқиб, тизимли тус олди. Уни жабрланган фуқаролар эмас, балки уни келтириб чиқараётганлар ҳал қилиши кераклиги ҳаммага аён. Конструктив қадамлар қўйиш вақти келди: прокуратурага мурожаат қилиш, айбдорларни электрон базаларда содир этилаётган ишлар учун жавоб беришга мажбур қилиш керак. Фуқаролар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза юборишга ҳақли.

 

Прочитано: 62 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика