Norma.uz
Газета СБХ / 2025 год / № 03 / Бухгалтерга тавсиялар

Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари

 

Тавсияга 31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди.

Қонун 2025 йил 1 февралдан кучга кириши сабабли тавсия шу санадан бошлаб амал қилади.

 

Қуйидагилар Ўзбекистонда ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар ҳисобланади:

● «Ер қаъри тўғрисида»ги Қонун;

● Ер кодекси;

● «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Қонун;

● «Ўрмон тўғрисида»ги Қонун;

● «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун;

● «Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон;

● «Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор;

● Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисидаги низом;

● Саноат аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилмалар янги конларини очганлик ёки илгари маълум бўлган конларни (конларнинг участкаларини) тубдан қайта баҳолаганлик учун пул мукофотлари тўғрисидаги низом;

● Геология-қидирув ишлари қийматини жорий нархларда ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома;

● смета нормалари тўпламлари ва б.

 

Ер қаъридан фойдаланишнинг ўзига хослиги нимада

Ер қаъридан фойдаланишдан аввал фойдали қазилмалар кўринишидаги ушбу бойликлар жойлашган жойни аниқлаш зарур. Бу ер қаъридан фойдаланишни икки босқичга ва, тегишинча, ер қаъридан фойдаланувчиларни икки гуруҳга ажратиш мумкинлигини англатади.

Ер қаъридан фойдаланишнинг биринчи босқичи – геологик изланишлар, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг биринчи гуруҳи эса – фойдали қазилмалар мавжудлигини ва жойлашган жойини аниқлаш мақсадида геологик изланишларни ўтказувчи геологлар (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 30-м.).

Ер қаъридан фойдаланишнинг иккинчи босқичи – қазиб олиш, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг иккинчи гуруҳи эса – геологлар топган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи кончилар.

 

Ер қаъри ва ер қаърида табиий йўл билан жойлашган барча фойдали қазилмалар Ўзбекистоннинг давлат мулки саналади. Ер қаъри участкалари олди-сотди, ҳадя, мерос қилиб қолдириш, омонат, гаров предмети бўлиши ёки ҳар қандай бошқача шаклда ўзга шахсга ўтказилиши мумкин эмас. Давлат ер қаъри участкаларидан фойдаланишга доир, шу жумладан фойдали қазилмаларни рекогносцировка қилиш ишларини, геологик жиҳатдан ўрганишни, қазиб олишни (қайта ишлашни) амалга оширишга доир рухсатномалар бериш ҳуқуқига эга (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 6-м.).

 

Ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқарув органлари қуйидагилардан иборат (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 10-м.):

● Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;

● Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;

● Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси;

● Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси.

Геология вазирлиги (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 12-м.):

● ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, ундан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ташкил этади;

● ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида йўриқномалар ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

● минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш йиллик давлат дастурларини (ГҚИ дастури) шакллантиради ва амалга оширади.

Геология вазирлиги бюджет маблағларини тасарруф этувчи ва ГҚИ йиллик дастурлари доирасида амалга ошириладиган геология-қидирув ишлари буюртмачиси ҳисобланади.

Шу тариқа, ГҚИ дастури доирасида амалга ошириладиган геологик изланишлар алоҳида тоифага ажратилади. ГҚИ дастури бўйича давлат мулки бўлган фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ишлари давлат буюртмасига кўра амалга оширилади. Ушбу изланишларнинг натижалари ҳам давлат мулки ҳисобланади.

ГҚИ дастурини амалга оширишда иштирок этувчи корхоналар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тузилган шартномалар доирасида пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар сифатида геологик тадқиқот ишларини бажарадилар ҳамда буюртмачига (Геология вазирлигига) бажарилган ишлар ҳажмлари бўйича ЭҲФ тақдим этадилар.

Геологик изланишлар ва кейинчалик фойдали қазилмаларни қазиб олиш хусусий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига молиялаштирилиши мумкин. Масалан, «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги Қонун ёки «Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор доирасида. Тадбиркорлик таваккалчилиги асосида кончилик муносабатларида комплекс иштирок этиш фақат геологик изланишлар босқичи билан чекланиши мумкин эмас. Тадбиркорнинг пировард мақсади қазиб олишдан фойда олиш ва фойдали қазилмаларни келгусида қайта ишлаш эканлиги мантиқан тўғри.

Энди айнан геологик изланишлар ва уларни қуйидаги аломатларга кўра бўлиш ҳақида сўз юритамиз:

● ГҚИ дастури доирасида бажариладиган ишлар

ва

● тадбиркорлик таваккалчилиги асосидаги ишлар.

Бухгалтер учун бу нима сабабдан муҳим:

● мулкий ҳуқуқларни англаш активлар ва мажбуриятларни тўғри квалификациялаш ва тан олиш, контрагентлар ва назорат органлари билан ўзаро муносабат ўрнатиш имконини беради;

● контрагентлар билан ўзаро муносабатлар ҳар хил турдаги: ижара, пудрат, сервитут, аралаш – ижара ва маҳсулот тақсимотига оид битимлар элементларига эга шартномаларга асосланиб ўрнатилади;

● ГҚИ дастури бўйича ишларга оид лойиҳа-смета ҳужжатларига махсус талаблар белгиланган;

● ГҚИ дастури доирасида бажарилган ишлар далолатномаларини ва бажарилган ишлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

 

Танлов савдоларига ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қандай қўйилади

Геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини танлов савдоларига қўйишнинг махсус тартиби белгиланган (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚ 1-б. «в» к.б.):

● «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали (5-боб, 25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚга 1-илова);

● танлов савдоларида энг яхши таклифни танлаш (тендер) орқали. Юқори тижорат салоҳиятига эга бўлган объектлар бўйича ва алоҳида битимлар доирасида шундай йўл назарда тутилган (6-боб, 25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚга 1-илова).

Савдолар натижаларига кўра ғолиблар тегишли шартнома тузган ҳолда ижара шартларида ер участкаларига эга бўладилар (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚ 2-б.).

Бундай тартиб фақат тадбиркорлик таваккалчилиги асосида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш режалаштирилган ер участкалари учун белгиланган.

 

Геологик изланишларни ўтказиш учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқидан қандай фойдаланиш керак

Геологик изланишларни ўтказиш учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи Ер кодексининг 25-моддасида белгиланган. Ушбу ҳуқуқдан ГҚИ дастури бўйича ишларни бажарувчи корхоналар фойдаланишлари мумкин. Тадбиркорлик таваккалчилиги асосида ишловчи корхоналар олинган рухсат берувчи ҳужжатларга мувофиқ уларга ажратилган участкалар доиралари билан чекланган.

Геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа изланишларни амалга оширувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бу ишларни белгиланган тартибда қабул қилинган қарорлар асосида барча тоифадаги ерларда ер эгаларидан, ердан фойдаланувчилардан, ижарачилардан ҳамда мулкдорлардан ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда оммавий сервитут асосида амалга ошириши мумкин.

Геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа изланишларни амалга ошириш учун оммавий сервитут рухсатнома олган ёки ушбу рухсатномани берган ташкилотнинг мурожаатига асосан вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.

 

Геология-қидирув учун қандай рухсат берувчи ҳужжатлар талаб қилинади

Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ер қаъридан фойдаланиш турларидан бири ҳисобланади (4-боб, 31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон). Бундай ҳуқуқ юзага келиши учун қуйидагилар томонидан бериладиган рухсатнома зарур:

● «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси – ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг барча турларига;

● Экология вазирлиги – чиқиндиларни сақлаш (углеводородларни сақлаш бундан мустасно) ва кўмиш мақсадида ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун ер қаъри майдонидан фойдаланишга.

Рухсатнома – унинг эгасининг ер қаъри участкасидан унда белгиланган муддат давомида ва унда белгиланган шартларга риоя этган ҳолда мутлақ фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Рухсатнома асосида кон ажратиш далолатномаси – ер қаъридан фойдаланувчига рухсатномада кўрсатилган мақсадларга мувофиқ ажратилган кон доирасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат берилади. Бундай рухсатномани ва кон ажратиш далолатномасини олиш механизми Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомда батафсил баён этилган.

Кон бўшлиқларини кавлаб бориш геология-қидирув ишларининг бир тури бўлиб, уни амалга ошириш учун Геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг рухсатномаси бўлиши зарур (14.07.2021 йилдаги ЎРҚ-701-сон Қонунга 2-илова 62-б.).

Геологик материалларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари Геология вазирлиги томонидан давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚга 4-илова).

Бундан ташқари, ГҚИ ташиш, сақлаш ва фойдаланиш махсус Низомга мувофиқ рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтишни талаб қиладиган портловчи материаллардан фойдаланиб амалга оширилиши мумкин.

 

Ер қаъридан фойдаланувчилар учун қандай тўловлар, имтиёзлар ва преференциялар белгиланган

Ер ости бойликларидан фойдаланиш пулликдир. Махсус тўловлар жумласига қуйидагилар киради (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 160-м.):

● рухсатнома бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ариза билан бирга тўланадиган, аризани кўриб чиққанлик учун йиғим;

● аукцион, тендер натижаларига кўра, шунингдек Президентнинг ёки ВМнинг ҳужжатларига мувофиқ тўловлар;

● қаттиқ ҳолдаги фойдали қазилмаларни геологик жиҳатдан ўрганиш, углеводородларни рекогносцировка қилиш бўйича ишлар, углеводородларни геологик жиҳатдан ўрганиш ёки ер остида сақлаш учун геологик жиҳатдан ўрганиш бўйича ҳар йилги лицензия тўлови.

Шунингдек қуйидаги тўловлар, имтиёзлар ва преференциялар белгиланган:

1) геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида фойдали қазилма турига қараб «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини савдога қўйишнинг бошланғич нархлари қуйидаги миқдорларда белгиланган (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚга 1-илова, 37-б.):

● углеводородлар конларини қидириш ва разведка қилиш – 6 500 БҲМ;

● олтин конларини қидириш ва разведка қилиш – 1 300 БҲМ;

● қимматбаҳо (олтиндан ташқари) ва рангли металлар конларини қидириш ва разведка қилиш – 650 БҲМ;

● рудали фойдали қазилмалар конларини (углеводородлар, олтин, қимматбаҳо ва рангли металлар бундан мустасно) қидириш ва разведка қилиш – 300 БҲМ;

2) геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини тендер савдоларига қўйишнинг бошланғич нархлари тендер комиссияси томонидан, бироқ «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали савдоларни ўтказиш чоғида белгиланганидан паст бўлмаган миқдорда белгиланади (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚга 1-илова, 46-б.);

3) ер участкасини ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш учун тўлов тегишли рухсатнома расмийлаштирилгунига қадар ер қаъридан фойдаланувчи (савдолар ғолиби) томонидан амалга оширилади (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚ 2-б.);

4) геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъридан фойдаланганлик учун йиллик лицензия тўловининг умумий миқдорини Геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси ҳисоб-китоб қилади (6.10.2021 йилдаги ПФ-6319-сон, 3-б. «б» к.б., 25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚ 4-б.). Уни тўлаш тартиби ва муддатлари ҳам ВМнинг 133-сон қарори 4-бандида белгиланган.

Лицензия тўловининг умумий миқдори рухсатнома шартларига мувофиқ ажратиладиган (ижарага бериладиган) ер участкаси майдонини (гектарда) қуйидагиларга кўпайтириш йўли билан аниқланади:

● асосий – углеводород, қимматбаҳо, рангли ва ноёб металлар, шунингдек бошқа рудали фойдали қазилмалар учун БҲМнинг 10%и;

● норуда, шу жумладан кенг тарқалган фойдали қазилмалар учун БҲМнинг 15%и.

Рухсатнома олиш билан бирга лицензия тўловини тўлаш мажбурияти юзага келади. ГҚИ дастури доирасида ишларни бажарувчи корхоналар рухсатнома олмасликлари сабабли уларда лицензия тўловини тўлаш мажбурияти ҳам юзага келмайди. Шу тариқа, лицензия тўлови тадбиркорлик таваккалчилиги асосида ер қаърини ўзлаштираётган корхоналар учун долзарб саналади;

5) сервитут (ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи) кимнинг манфаатларини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахс, агар қонунда ёки сервитут тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сервитут учун ҳақ тўлаши шарт. Сервитут учун ҳақ сервитут белгиланган ер участкаси учун ер солиғи (ижара ҳақи) суммасини, шунингдек сервитутдан фойдаланиш жараёнида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарни (бой берилган фойдани) компенсация қилиш мақсадида белгиланади. Сервитут учун ҳақ тўлаш бир марталик ёки мунтазам тўлаб бориладиган кўп марталик тўлов тарзида амалга оширилади. Сервитут учун ҳақ миқдори сервитут белгиланган ер участкаси доирасида ёки у белгиланган чегаралар доирасида ҳисоблаб чиқарилади (ЕК 30-6-м.);

Сервитут учун ҳақни фақат ГҚИ дастури бўйича ишловчи корхоналар тўлайди.

6) кон ишларини юритиш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади, рухсатнома бериш учун аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар ҳар бири 2 БҲМни ташкил этади (5.10.2022 йилдаги 566-сон ВМҚга 1-илова 3-б. «б» к.б., 31-илова, 22.02.2022 йилдаги 86-сон ВМҚга 1-илова);

7) ер қаъридаги геологик материалларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизаси лойиҳада кўрсатилган даврга берилади. Ҳужжатни бериш учун йиғим лойиҳа қийматининг 1%игача, давлат хизматлари учун йиғим – 0,3 БҲМни ташкил этади (25.03.2022 йилдаги ­133-сон ВМҚга 4-илова, 11-б.);

8) геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари 2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди (6.10.2021 йилдаги ПФ-6319-сон Фармон 3-б. «а» к. б., СК 426-м. 2-қ. 15-б.). Бундай озод этиш ер қаъридан фойдаланувчиларга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома бериш билан бир вақтда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш соҳасида ваколатли орган (Геология вазирлиги) ва ер қаъридан фойдаланувчи ўртасида ер участкасининг ижара шартномаси тузилиши ва у рухсатномага илова қилинадиган ер қаъридан фойдаланиш шартларининг ажралмас қисми ҳисобланиши сабабли тақдим этилган (25.03.2022 йилдаги 133-сон ВМҚ 2-б. 7-хатб.). Озод этиш тадбиркорлик таваккалчилиги асосида ер қаърини ўзлаштираётган корхоналар учун долзарб. Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари ер солиғи солиш объектидир (СК 426-м. 1-қ.). ГҚИ дастури бўйича ишловчи корхоналар ердан фойдаланувчилардан ер участкаларини олиб қўймасдан ўз ишларини ўтказадилар, тегишинча, улар бундай ерлар бўйича ер солиғи тўловчиси ҳисобланмайдилар (ЕК 25-м.);

9) геология-қидирув ишларини ўтказувчи юридик шахслар, шунингдек улар томонидан жалб этиладиган пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қуйидагилардан озод этилган (6.10.2021 йилдаги ПФ-6319-сон, 4-б.):

● конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш даврида геологик қидирувни амалга ошириш учун зарур бўлган махсус техникаларни вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловларидан;

● конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва махсус техникаларни импорт қилишда божхона божидан;

10) Ўзбекистон ҳудудида углеводород конларини аниқлаш ва қидиришни амалга оширувчи маҳаллий корхоналар аниқлаш, қидириш ва шунга боғлиқ бошқа ишларни ўтказиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилишда божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилган (6.10.2021 йилдаги ПФ-6319-сон, 4-б., 28.04.2000 йилдаги ПФ-2598-сон, 4-б.);

11) геология-қидирув ишларини ўтказувчи юридик шахсларга ҚҚС ариза берилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай амалга оширилади 6.10.2021 йилдаги ­ПФ-6319-сон, 4-б.);

12) ер қаъридан фойдаланувчи томонидан қазиб олишни бошлашдан олдин ҳақиқатда амалга оширилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш, геологик жиҳатдан ўрганиш, қидириш ҳуқуқи учун рухсатнома олишга тарихий харажатларни фойдали қазилмаларни қазиб олиш бошланган пайтдан эътиборан харажатларга киритиш тарзидаги преференция (СК 311-м. 1-қ., СК 454-4-м. ­8–9-қ.). У тадбиркорлик таваккалчилиги асосида ер қаърини ўзлаштираётган корхоналар учун долзарб.

 

Геологик ахборотга бўлган мулк ҳуқуқидан қандай фойдаланиш керак

Геологик ахборот геологик жиҳатдан ўрганиш натижаси ҳисобланади. Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан олинган ер қаъри тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборот уларнинг мулки ҳисобланади. Ер қаъри тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборот мулкдори ундан фойдаланиш тартиби ва шартларини белгилайди. Бундай ахборотга бўлган мулк ҳуқуқи янги аниқланган кондаги фойдали қазилмалар захиралари тасдиқланган санадан бошлаб бир йил давомида муҳофаза қилинади.

Давлат бюджети маблағлари, шунингдек ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан олинган ер қаъри тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборот ҳисобга олиш, сақлаш ва тизимлаштириш учун Геология вазирлигига тақдим этилади (31.10.2024 й. ЎРҚ-987-сон, 23-м.).

Геологик ахборотни номоддий актив деб тан олиш масаласини муҳокама қилиш чоғида қонуннинг бундай нормаларини ҳисобга олиш зарур.

 

Ер қаъридан фойдаланувчиларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қандай харажатлар юзага келади

Изланиш ишларини ўтказувчи ташкилотлар қуйидагиларни амалга оширишлари шарт (ЕК 25-м., 31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 150-м.):

● ўз ҳисобидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек ер ости бойликларидан фойдаланиш чоғида бузилган ер участкалари ва бошқа табиат объектларини улардан кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

● участкаларни ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ижарачиларга ва ер участкалари мулкдорларига топшириш;

● ерлар, экинлар, кўчатлар, ўрмонлар, сувлар ва бошқа табиат объектлари, қувурлар, канализациялар, мелиоратив тизимлар ва бошқа иншоотлар бут сақланишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

● ер участкаларини вақтинча эгаллаш муносабати билан етказилган зарарларни (шу жумладан бой берилган фойдани) ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ижарачиларга ва ер участкалари мулкдорларига қоплаш.

Геологик изланишларни ўтказиш давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланишни ҳам назарда тутиши мумкин. Бундай ерларда геологик изланишларни ўтказиш чоғида корхоналар ўрмонларни тиклаш, бузилган ўрмон фонди ерларини рекультивация қилиш, шунингдек ўрмон тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан етказилган зарарни қоплаш чора-тадбирларини кўришлари шарт (15.04.1999 йилдаги 770-I-сон ЎРҚ, 36-м., 15.04.1999 йилдаги 770-I-сон ЎРҚ, 45-м., 15.04.1999 йилдаги 770-I-сон ЎРҚ, 51-м., 15.04.1999 йилдаги 770-I-сон ЎРҚ, 55-м.).

Бу харажатлар геология-қидирув ишлари якунланганда (етказилган зарарни қоплашдан ташқари) юзага келади. Тегишинча, геология-қидирув корхоналари олдида кечиктирилган харажатларни тан олиш масаласи кўндаланг бўлади.

 

Геология-қидирув соҳасида давлат назоратини қайси органлар амалга оширади

Ер қаърида геологик изланиш ишларини бажарувчи корхоналарнинг давлат назорати органлари қуйидагилардир:

● Геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси қуйидагилар қисмида (2-боб, 11.06.2018 йилдаги 436-сон ВМҚга илова, Йўриқнома 73-б., АВ рўйхат рақами 1491, 8.07.2005 й.):

– ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш устидан назоратни ўрнатиш;

– ер қаъридан фойдаланиш чоғида саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик, иш юритиш хавфсизлиги соҳаларида техник жиҳатдан тартибга солишга оид қонунчилик ва норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва текшириш;

– портловчи моддаларнинг айланмаси устидан назорат қилиш;

● ИИВ портловчи моддаларнинг айланмаси устидан назорат қилиш (инвентаризация) қисмида (Йўриқнома 73-б., АВ рўйхат рақами 1491, 8.07.2005 й.);

● Экология вазирлиги ерлар, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиат ҳудудлари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан экологик назоратни ўрнатиш қисмида (3-боб, 15.01.2019 йилдаги 29-сон ВМҚга 1-илова);

● Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар ҳаракатини назорат қилиш, шунингдек асиллик даражаси белгиланишини назорат қилиш қисмида (3-боб, 16.08.2019 йилдаги 677-сон ВМҚга 2-илова). Геология-қидирув корхоналари таркибида лабораториялар фаолият юритади, уларнинг фаолияти натижасида қимматбаҳо металлар олинади;

● Солиқ қўмитаси солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини ва давлатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида назорат ўрнатиш қисмида (29.08.1997 йилдаги 474-I-сон ЎРҚ, 6-м.);

● Ҳисоб палатаси бюджет маблағлари ҳисобига ГҚИ дастури бўйича ишлар қисмида (1.07.2019 йилдаги ­ЎРҚ-546-сон, 4-м.).

 

 

 

ГЕОЛОГИК ИЗЛАНИШЛАРНИНГ СОЛИҚ ҲИСОБИ ҚАНДАЙ ЮРИТИЛАДИ

 

Буюртмачи учун амалга ошириладиган геологик изланишлар қандай ҳисобга олинади

 

Буюртмачи учун геологик изланишлар пудрат шартномаси асосида амалга оширилади (ФК 631-м. 1-қ.).

Шартнома нархини смета ҳужжатлари асосида белгиланг.

Пудрат шартномалари қисқа муддатли (амал қилиш муддати 1 йилгача) ва узоқ муддатли бўлиши мумкин. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ҳар йилги геология-қидирув ишлари (ГҚИ) дастурлари доирасидаги геологик изланишлар учун пудрат шартномалари жорий йил доирасида тузилади (Бюджет кодекси 122-м. 8-қ.).

Геологик изланишлар бўйича хизматлар кўрсатишдан айланмаларга ҚҚС солинади (СК 238-м. 1-қ. 1-б., СК ­239-м. 2-қ. 1-б.).

Геологик изланишларда ишлар босқичли ва турли характерга эга, яъни улар турли иш босқичлари ва турларига бўлинади. Босқичлар қанча давом этишидан қатъи назар, ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг ва ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми қийматига асосланган ҳолда ҳар бир ой охирига келиб солиқ базасини аниқланг (СК 242-м. 4–7-қ.).

Фойда солиғини аниқлаш қоидалари ҳам худди шундай ёндашувни талаб этади. Кўрсатилган хизматлардан даромадни ҳар ойда тан олинг (СК 297-м. 3-қ. 1-б., СК 303-м.). Солиқ базасини аниқлаш чоғида жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатларни чегириб ташланг, бундан чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно (СК 305-м. 1-қ.).

 

Геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи қандай ҳисобга олинади

Солиқ ҳисобида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома номоддий актив деб тан олинмайди, сабаби интеллектуал фаолият натижаси ёки интеллектуал мулк объекти ҳисобланмайди (СК 307-м. 1-қ., ФК 1031-м.).

Бундай рухсатномани олиш билан боғлиқ сарф-харажатларни амортизация қилинадиган актив қийматига киритинг, уни «Геологик ахборот» деб номлаш мумкин (СК 311-м. 1-қ.). Уларни иш ҳақи, ижтимоий солиқ бўйича харажатлар, геология-қидирув ускуналари амортизацияси, геологик изланишлар давомида амалга оширилган моддий ва бошқа сарф-харажатлар каби геологик жиҳатдан ўрганиш учун бошқа харажатлар билан бирга капиталлаштиринг.

 

Қазиб олувчи корхоналарда геологик изланишлар учун сарф-харажатлар
қандай ҳисобга олинади

Геологик изланишлар ва қидириш учун харажатларни, шу жумладан пудратчи томонидан амалга оширилган, ГҚИ якунлангунча «Геологик ахборот» бўлажак амортизация қилинадиган актив қийматида капиталлаштиринг (СК 311-м. 1-қ.).

Геологик изланишлар натижасида олинган ижобий ахборот ва фойдали қазилма мавжудлигини тасдиқловчи баҳолаш натижалари интеллектуал мулк объекти ҳисобланади (ФК 1031-м. 1-қ.). Бундай ахборотни ГҚИ якунлангандан сўнг қуйидаги тан олиш шартлари бажарилган тақдирда солиқ ҳисобида номоддий актив деб тан олинг (СК 307-м. 1–3-қ.):

● топилган конни қазиш чоғида чиқариб олинишидан иқтисодий наф олиниши мумкинлиги аён;

● бундай ахборот Геология вазирлигида ҳисобга олинади, сақланади ва тизимга солинади, геологик ахборотга бўлган мутлақ ҳуқуқ эса кафолатланганда (31.10.2024 йилдаги ЎРҚ-987-сон, 23-м.).

«Геологик ахборот» НМА бўйича амортизация ҳисоблашни фақат фойдали қазилмани қазиб олиш бошланган ёхуд устки қатламни очиш ишлари якунланган пайтдан бошланг (СК 311-м. 3-қ.).

 

ГҚИ якунланган пайтдан то қазиб олиш ишлари бошлангунча амортизация қилинадиган активни тан олиш пайтигача бўлган давр учун амортизация қилиш бўйича харажатлар солиқ солиш мақсадларида харажатлар деб тан олинмайди.

Қазиб олиш ишларини тўғри режалаштиринг ва ўз вақтида бошланишини уюштиринг.

 

МИСОЛ. Кечикиб қазиб олиш

Қиймати 500 млн сўмга тенг геологик ахборот жорий йилнинг декабрь ойида НМА сифатида тан олинган, кейинги йилнинг 1 январидан бухгалтерия ҳисобида амортизацияни ҳисоблаш бошланади. Амортизация нормаси – 15%. Конда қазиб олиш бир йилдан сўнг бошланган.

Амортизация харажатлари ва юзага келган фарқ йиллар бўйича қуйидагича тақсимланади:

млн сўм

Кўрсаткич

Йиллар

Жами

1

2

3

4

5

6

7

8

Бухгалтерия ҳисоби

75

75

75

75

75

75

50

 

500

Солиқ ҳисоби

 

75

75

75

75

75

75

50

500

Фарқ: солиқ ҳисоби – бухгалтерия ҳисоби

Харажатдаги фарқ

– 75

 

 

 

 

 

25

50

 

 

Амортизация қилинадиган активларни юзага келтирган геологик жиҳатдан ўрганиш учун харажатларга 15% миқдоридаги амортизациянинг энг юқори нормаси белгиланган. У бухгалтерия ҳисобини юритиш мақсадидаги амортизация нормасидан фарқланиши мумкин (СК 311-м. 3-қ.).

Энг юқори нормадан ортиқ бўлган сумма бухгалтерия ҳисобида чегириб ташланмайдиган харажатнинг юзага келишига олиб келади (СК 317-м. 22-б.).

 

 

МИСОЛ. Амортизация нормалари турлича бўлган амортизация харажатлари

Геология-қидирув ишлари учун харажатларнинг умумий суммаси 100 млн сўмни ташкил этди. Геологик ахборотни солиқ ва бухгалтерия ҳисобида амортизация қилинадиган актив сифатида тан олиш саналари бир кунга тўғри келди. Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби бўйича амортизация нормалари тегишинча 15% ва 25%ни ташкил этади. Амортизация харажатлари ва фарқ қуйидаги тарзда йиллар бўйича тақсимланади:

млн сўм

Кўрсаткич

Норма

Йиллар

Жами

1

2

3

4

5

6

7

Бухгалтерия ҳисоби

25%

25

25

25

25

 

 

 

100

Солиқ ҳисоби

15%

15

15

15

15

15

15

10

100

Харажатдаги фарқ

(СК 317-м. 22-б.) бўйича чегириб ташланмайдиган харажат)

 

10

10

10

10

 

 

 

 

 

Геологик изланишлар натижасида фойдали қазилманинг мавжудлиги тасдиқланмаса, бу амалга оширилган сарф-харажатлардан келгусида иқтисодий наф олиш кутилмаётганини ва аввал капиталлаштирилган сарф-харажатларни амортизация қилинадиган актив деб тан олиб бўлмаслигини англатади (СК 307-м. 3-қ.).

Ушбу харажатларни ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилган ҳисобот (солиқ) даврида чегириб ташланадиган харажатларга киритинг (СК 311-м. 5-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Қудуқ номаҳсулдор бўлиб чиқди

Корхона 2024 йил 15 январда геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун 5 йил муддатга рухсатнома олди. Геология-қидирув ишлари 2028 йил июлда, яъни геологик жиҳатдан ўрганиш бўйича рухсатнома муддати тугашидан 6 ой олдин якунланди. Бу даврда 10 та газ қудуғи бурғуланди. Фақат 2024 йилда бурғуланган биринчи қудуқ номаҳсулдор бўлиб чиқди.

Номаҳсулдор қудуқ бўйича харажатлар қачон тан олинади?

Бухгалтерия ҳисобида номаҳсулдор қудуқ бўйича харажатлар ҳисоб сиёсатида танланган методга қараб тан олинади. Эҳтимолий ҳисобдан чиқариш саналари:

● 2024 йил;

● 2028 йил июль;

● 2029 йил январь.

Солиқ ҳисобида харажатни чегириб ташланадиган харажат деб тан олиш шарти билан ҳисобдан чиқариш санаси – 2029 йил январь.

 

Геологик изланишларнинг бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ўртасидаги фарқ

 

Кўрсаткич

Бухгалтерия ҳисоби

Солиқ ҳисоби

Геологик изланишлар учун шартномалар бўйича ижрочининг даромадлари

Қоидага кўра, ишлар ҳажми ҳар ойда тан олинади

Ишлар ҳажмини ҳар ойда тан олиш

Геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи

Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи жорий даврдаги харажат ёки НМА деб тан олиниши мумкин (ҳисоб сиёсатига мувофиқ).

Геологик ахборот қийматида харажатлар капиталлаштирилиши ёки НМА амортизация қилиниши мумкин

Геологик ахборот қийматида капиталлаштириладиган харажат

Геологик изланишлар натижалари (ахборот, баҳолаш натижалари)

НМА деб тан олинади.

Амортизация қила бошлаш – актив ҳисобга қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб

НМА деб тан олинади.

Амортизация қила бошлаш – қазиб олиш ишлари бошланиши билан

 

 

Ер солиғи

Геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишларини ўтказиш учун ажратилган ер участкалари 2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди (СК 426-м. 2-қ. 15-б., 6.10.2021 йилдаги ПФ-6319-сон 3-б. «а» к.б.).

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

ГҚИни ўтказиш босқичида ҳали фойдали қазилма қазиб олинмаслиги (чиқариб олинмаслиги) боис бу даврда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мажбуриятлар юзага келмайди (СК 449-м. 1-қ., СК 450-м. 1-қ.).

 

Шуҳрат ХУДОЙНАЗАРОВ, Наталья МЕМЕТОВА,

«Норма» экспертлари.

Давоми бор.

Прочитано: 92 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика