Куз фаслининг ўртасида пойтахтнинг Миробод тумани аҳолиси дудбуронлар ва вентиляцияни тозалаш зарурлиги тўғрисида хабарномалар олишни бошладилар. Уларни «Мирободтумангаз» газ таъминоти ташкилотининг филиали бўлган «Ҳудудгаз пойтахт» корхонаси номидан юборишган. Хизмат – пуллик. Беш кун ичида дудбуронни тозаламаганлар учун жарима ва такрор огоҳлантиришсиз газни узиб қўйиш чоралари кўрилади.
Хабарномада бир қатор ҳужжатлар, ҳоким қарорига ҳаволалар келтирилган. Лекин туман маъмурияти ва газ таъминоти ташкилоти бу маълумотни рад этиб, унга алоқалари йўқлигини таъкидлашди, деб хабар қилди ФБдаги «Истеъмолчи.Уз» гуруҳи.
Ҳокимият пуллик хизматлар мажбурлаб ўтказилаётганда ҳужжатларни текшириш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилишни маслаҳат берди. Газчилар хабарномада эскирган ҳужжатларга ҳаволалар келтирилганини таъкидлашди. Дудбуронларни мажбурий профилактик текширувдан ўтказиш талабларини хусусий компаниялар тарқатмоқда ва улар ижро учун мажбурий эмас.