Бир томондан, республикада аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ва кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бошқа томондан – дарахтларни ноқонуний кесиш давом этмоқда, бу ҳам мамлакатдаги умумий экологик вазиятнинг ёмонлашиши сабабларидан бири ҳисобланади. Ўтган йил охирида дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, илдизи билан суғуриб ташлаш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш учун жавобгарликни кучайтириш бўйича чоралар кўрилди. Қонунчиликда қоидабузарларга қандай санкциялар назарда тутилган?
Нима ўзгарди?
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасига мувофиқ дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш фуқароларга БҲМнинг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида содир этиш маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Юридик шахсларга тегишли ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш мансабдор шахсларга БҲМнинг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Битта дарахт кесдингми – 100 тасини экасан
«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга яшил фонднинг сақланишини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қўшимчалар киритилди. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесилган ва (ёки) йўқ қилинган тақдирда, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ғайриқонуний равишда кесилган ва (ёки) йўқ қилинган ҳар бир дарахт ва бута ўрнига кесилган ва (ёки) йўқ қилинган дарахт ва буталардан қимматбаҳолиги жиҳатидан кам бўлмаган юз туп дарахт ва бута кўчатини ана шу жойга Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органининг қарорига кўра ўз ҳисобидан экиши шарт. Агар бу жойда дарахт ва бута кўчатларини экиш учун етарли майдон бўлмаса, қолган қисми тегишли маъмурий-ҳудудий бирликнинг бошқа жойига экилади. Ҳуқуқбузар кўчатларни уч йил давомида парвариш қилиши шарт.
Юқорида кўрсатилган талаб ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, масала суд тартибида ҳал этилади.
Ғайриқонуний равишда кесилган дарахтлар ва буталарнинг қийматини, уларнинг ўрнига экиладиган кўчатларнинг турларини, шунингдек уларни экиш муддатларини ва жойини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик ва йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланган.
Низо мавжуд бўлган ҳолларда ёки юридик шахс Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг қарорини олган кундан эътиборан бир ой ичида молиявий санкция суммасини ихтиёрий равишда тўламаган тақдирда, молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал этилади.
Қаерга қўнғироқ қилиш керак?
Фуқаролар дарахтларнинг ноқонуний кесилишига гувоҳ бўлиб қолса, қаерга мурожаат қилиши керак? Бу ҳақда экологларни Ўзбекистон Экология вазирлигининг расмий сайти https://eco.gov.uz/uz орқали, шунингдек Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига (71) 277-75-43 рақами бўйича ёки Тошкент шаҳар ИИББга (71) 233-72-33, (71) 233-71-47 рақамлари бўйича қўнғироқ қилиб хабардор қилиш мумкин.