Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бинолар ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш тартиби ушбу хизматларни кўрсатишнинг Маъмурий регламенти билан белгиланади. Бу 20.04.2022 йилдаги 200-сон ВМҚга 1-иловада назарда тутилган.
Регламентнинг амал қилиши қайси объектларга татбиқ этилади?
– Регламентнинг амал қилиши бино ва иншоотнинг ҳажми ва майдонини ўзгартирмасдан туриб кўча (кўчалар)дан кўринадиган олд ва ён фасадлар (фасад майдонининг 25 фоизидан ортиқ қисми)даги архитектуравий элементлар (цоколи, қуёшдан ҳимоялаш элементлари, парапетлари, устунлари, томи, деразалари, пешайвони, айвонлари ва шу кабилар)нинг ранги, конфигурацияси ва ўлчамлари ўзгартирилишига татбиқ этилади (3-б.).
Якка тартибдаги турар жойларининг ташқи кўринишини ўзгартиришда келишув талаб этиладими?
– Агар якка тартибдаги уй-жой магистрал кўчалар, халқаро, давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари бўйлаб жойлашган бўлса, фасад майдонининг 25 фоизидан ортиқ қисмидан қатъи назар, уларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш талаб этилади (3-б.).
Қачон келишувсиз ўзгартириш мумкин?
– Якка тартибдаги уй-жойлар, туманларнинг маъмурий маркази бўлмаган шаҳарчаларда, қишлоқ аҳоли пунктларида (қишлоқлар, овулларда) ҳамда аҳоли пунктлари ташқарисида жойлашган бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш учун келишиш талаб этилмайди (3-б.).
Эскиз лойиҳасини ким ишлаб чиқади?
– Бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади (3-б.).
Бинонинг фасади ўзгартирилди. Уни фойдаланишга қабул қилиш назарда тутилганми?
– Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиргандан сўнг объектни фойдаланишга қабул қилиш талаб этилмайди (3-б.).
Ўзгартиришларни ким билан келишиш керак?
– Бино ва иншоот фасадининг ташқи кўринишини фасад эскиз лойиҳасини келишмасдан туриб ўзгартириш тақиқланади (4-б.). Келишиш тартиботини амалга оширишда эскиз лойиҳаси туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари билан келишилади (5-б.). Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашинуви назарда тутилган (6-б.).