Тавсияга ВМнинг 12.06.2024 йилдаги 330-сон қарорига мувофиқ қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган.
Электрон ҳисобварақ-фактура айланмаси тизимида (ЭҲФ) ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун:
● электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида сиз танлаган оператор сайтининг ЭҲФ айланма тизимига киринг;
● «Ҳисобварақ-фактурани яратиш» тугмасини босинг.
Кейинги ҳаракатлар вазиятга қараб амалга оширилади.
Товарлар реализациясида ЭҲФни расмийлаштириш
Табиат ёки инсон фаолиятининг (шу жумладан, интеллектуал фаолиятнинг) қиймат баҳосига эга бўлган ва реализация қилиш учун мўлжалланган ҳар қандай предмети товар деб эътироф этилади (СК 45-м.).
Товарлар сифатида қуйидагилар тан олинади:
● электр энергияси;
● маълумотлар базаси;
● ахборот;
● интеллектуал фаолият натижалари, шу жумладан уларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар.
Солиқ солиш мақсадларида мулкий ҳуқуқлар ҳам товар деб эътироф этилади. Номоддий характердаги қуйидаги фуқаролик ҳуқуқи объектлари мулкий ҳуқуқ деб тан олинади:
● мулкка қаратилган;
● пулда ифодаланган баҳога эга бўлган;
● ушбу мол-мулкдан мустақил равишда, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда муомалада бўлишга қодир. Яъни, олди-сотди шартномасининг объекти ёхуд шартномада ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган ушбу мулкий ҳуқуққа эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган, ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказиш объекти бўлиши мумкин бўлган.
Мулкий ҳуқуқлар жумласига қуйидагилар киради:
● кредиторнинг қарздорга талаб қўйиш ҳуқуқи;
● хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш улуши;
● қимматли қоғозлар;
● муаллифнинг (ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг) интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқи;
● ҳуқуқларнинг замирида ётган мол-мулк билан боғлиқ, сотилиши ёки ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилиши мумкин бўлган бошқа ҳуқуқлар.
Ашёнинг ўзини ўтказмай туриб, мустақил муомалада бўлиши мумкин бўлмаган ашёвий ҳуқуқларга мулкий ҳуқуқлар сифатида қаралмайди.
Товарлар реализацияси учун ЭҲФ расмийлаштиришда:
● «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» («Ҳисобварақ-фактура») ҳужжат турини танланг;
● «Стандарт» ҳисобварақ-фактура турини танланг;
● ҳисобварақ-фактура тартиб рақами ва санасини киритинг;
● товар жўнатилаётган шартнома рақами ва санасини киритинг;
● харидор СТИРи (ЖШШИРи)ни киритинг. Қолган маълумотлар автоматик равишда юкланади;
● реализация қилинаётган товарлар бўйича жадвал маълумотларини тўлдиринг: номланиши, МХИК коди, штрих коди (товарда мавжуд бўлганда), ўлчов бирликлари, миқдор, нарх, акциз солиғи ставкаси (товарларга акциз тўланса) ва ҚҚС маълумотлари (ставка – 0%, 12% ёки «ҚҚСсиз» ёзуви билан, агар ушбу солиқ тўловчиси бўлмасангиз ёки имтиёзга эга бўлсангиз);
● идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларни реализация қилиш бўйича қўшимча ЭҲФни расмийлаштирадиган бўлсангиз, маркировка кодини кўрсатинг (20.11.2020 йилдаги 737-сон ВМҚга 1-илова);
● харидорнинг ишончномаси маълумотларини тўлдиринг;
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Сақлаш» ёки дарҳол «Имзолаш» тугмасини босинг.
Юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимидаги «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда унга қараб идентификациялаш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Хизматлар кўрсатишда ЭҲФни расмийлаштириш
Бошқа шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган маҳсулотларни (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқаришга доир тадбиркорлик фаолияти турлари, шунингдек бошқа шахслар учун бажариладиган ишлар солиқ солиш мақсадларида хизматлар деб эътироф этилади (СК 45-м.).
Жисмоний шахсларнинг иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси доирасидаги фаолияти хизматлар жумласига кирмайди.
Кўрсатилган хизматлар учун ЭҲФни расмийлаштириш учун:
● ҳужжат турини – «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» («Ҳисобварақ-фактура»)ни танланг. Мазкур ҳолатда ЭҲФнинг унга бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномаси илова қилинган ҳолдаги варианти мавжуд бўлади. Бир вақтнинг ўзида иккала ҳужжатни расмийлаштириш учун «Далолатнома билан ҳисобварақ-фактура» катакчасини белгиланг;
ЭҲФнинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам электрон рақамли имзо билан тасдиқланганлигини ифодалайди (Низом 62-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова).
● ҳисобварақ-фактура турини – «Стандарт» танланг;
● ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санасини киритинг;
● кўрсатилган хизматлар бўйича шартноманинг рақами ва санасини киритинг;
● харидорнинг СТИРини киритинг. Унинг қолган маълумотлари автомат равишда юкланади;
● кўрсатилган хизматлар бўйича жадвал маълумотларни тўлдиринг: номи, МХИК коди, ўлчов бирликлари, миқдори, нархи, акциз солиғи ставкаси (агар акциз тўланадиган товарлар бўлса) ва ҚҚС бўйича маълумотлар (ставка – 0%, 12% ёки «ҚҚСсиз» ёзуви билан, агар сиз ушбу солиқни тўловчиси бўлмасангиз ёки имтиёзга эга бўлсангиз);
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Имзолаш» тугмасини босинг.
Юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимида «Ҳамкорингиз имзоси кутилмоқда» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириш ва юбориш учун алоҳида ҳужжат билан:
● «Далолатнома» ҳужжат турини танланг;
● далолатнома рақами ва санасини киритинг;
● хизматлар кўрсатилган шартноманинг рақами ва санасини киритинг;
● далолатноманинг «умумий сарлавҳаси»ни тўлдиринг. Операторнинг сайтида жойлаштирилган шаблонда стандарт «умумий сарлавҳа» берилган, унга фақат хизматлар буюртмачисининг номини киритиш керак;
● харидорнинг СТИРи (ЖШШИРи)ни киритинг. Унинг қолган маълумотлари автоматик тарзда юкланади;
● кўрсатилган хизматлар бўйича жадвал маълумотларини тўлдиринг: номланиши, МХИК коди, ўлчов бирликлари, миқдор, нарх, ҚҚС маълумотлари (ставка – 0%, 12% ёки «ҚҚСсиз» ёзуви билан, агар ушбу солиқ тўловчиси бўлмасангиз ёки имтиёзга эга бўлсангиз);
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Сақлаш» ёки дарҳол «Имзолаш» тугмасини босинг.
Юборилган далолатнома «Чиқувчи» бўлимидаги «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган далолатномада унга қараб идентификациялаш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
ВАЗИЯТ. Хусусий мактаб ота-она билан шартнома тузиб, унинг фарзандининг ўқиши учун тўловни иш берувчи корхонадан қабул қилади
Хусусий мактаб ота-она билан шартнома тузган. Унинг фарзандининг ўқиши учун иш берувчи корхона тўлайди. Мактаб ЭҲФни ота-онанинг номига унинг ЖШШИРни кўрсатган ҳолда тақдим этади. Аммо тўловни амалга оширувчи корхонанинг бухгалтери ЭҲФни корхона номига расмийлаштиришни талаб қилмоқда.
Ушбу ҳолатда мактаб ЭҲФни кимга тақдим этиши керак?
ю Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарлар (хизматлар) харидорларига ҳисобварақ-фактуралар тақдим этишлари шарт (СК 47-м. 1-қ.).
Ҳисобварақ-фактура товарларнинг амалда жўнатилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги ва уларнинг қийматини тасдиқлайди (Низом 2-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова).
Ходимнинг аризасига кўра иш берувчи унинг иш ҳақини (ёки бошқа даромадларини) хусусий мактабда фарзандининг ўқиши учун тўлов ҳисобига ўтказиши мумкин. Бу ҳолда мактаб ва жисмоний шахс (буюртмачи) ўртасида икки томонлама шартнома тузилади. Ҳисобварақ-фактура жисмоний шахснинг ЖШШИРни кўрсатган ҳолда унинг номига тақдим этилади.
Иш берувчи ходим фарзандининг ўқиши учун тўловни ўз ҳисобидан амалга ошириши мумкин. Бу ҳолда уч томонлама шартнома тузилади. Шартномада буюртмачи корхона ҳисобланади, ЭҲФ ҳам корхона номига расмийлаштирилади.
Қурилиш ишлари бўйича пудратчи (субпудратчи) стандарт ҳисобварақ-фактурага қўшимча равишда ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сонли протокол қарори билан тасдиқланган Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан бажарилган қурилиш-монтаж ишлари топширилганда махсус шаклда ҳисобварақ-фактура тақдим этилади (Низом 17-1-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова). Уни тўлдириш тартиби Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-1-бобида белгиланган.
Ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда тўлдиринг ва электрон ҳужжатлар айланиши тизими орқали мижозга (бош пудратчига) юборинг ёки тизимда «Ихтиёрий ҳужжат» ҳужжат турини танлаб, бириктирилган файл билан ёки «Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура яратиш» функциясидан фойдаланиб ҳужжатни тўлдиринг. Қайси вариантни қўллаш операторингизнинг электрон ҳужжат айланиш тизимининг функционаллигига боғлиқ.
ҚҚС бўйича имтиёз қўллаганда ЭҲФни расмийлаштириш
Сотилиши ҚҚСдан озод қилинган товарлар (хизматлар) рўйхати Солиқ кодексининг 243–245-моддаларида берилган. Шу билан бирга барча имтиёзлар Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган E-imtiyoz автоматлаштирилган ахборот тизимида бирлаштирилган. ЭҲФни расмийлаштиришда имтиёзлар автоматик равишда акс этади – солиқ солишдан озод этилган маҳсулот (хизмат) МХИКни танлашда ёки улар тақдим этиладиган маълум бир корхонага нисбатан боғланганда.
Имтиёзли маҳсулот (хизмат)нинг МХИКини танлаб, «Имтиёзлар» устунидаги ЭҲФда ушбу маҳсулот (хизмат)га боғланган имтиёз коди акс этади. Масалан, пул заёми бериш ва унга фоизлар миқдори бўйича ЭҲФ бериш орқали сиз «Кредитлар бўйича фоизли даромадлар» (счёт – 41400, 44600), кредитлар, нақд пул ва қимматли қоғозлар, заёмлар бериш бўйича фоизли даромадлар («имтиёзли даромадлар» – 10403003008000002) МХИК хизматларини танлайсиз.
ЭҲФнинг «Имтиёзлар» устунида ушбу МХИКга мос имтиёз ID-коди – 103277 акс этади.
Шунингдек, ўз имтиёзингизни Солиқ қўмитаси маълумотномасининг:
● «ҚҚСсиз товарлар/хизматлар» бўлимидан топишингиз мумкин – у ЭҲФ айланмаси тизимининг барча операторлари сайтларида мавжуд;
● my3.soliq.uz сайтида топишингиз мумкин.
Сиз фойдаланаётган имтиёз маълумотномада кўринмаса ёки у бошқа МХИКга боғланган бўлса, тегишли мурожаатни «Солиқ органлари билан бевосита мулоқот» ахборот-интерактив тизими орқали юборинг ёки my3.soliq.uz сайтидаги «Электрон ҳужжатлар айланиши» бўлимида «Юридик шахсларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисидаги мурожаатлари» хизматидан фойдаланинг.
Товарларни беғараз ўтказишда (хизматлар кўрсатишда) ЭҲФни расмийлаштириш
Товарларни беғараз ўтказишда (хизматлар кўрсатишда) ҳисобварақ-фактура бериш зарурати бундай ўтказманинг иқтисодий жиҳатдан асосли деб тан олинишига боғлиқ. Агар у тан олинган бўлса, ЭҲФни расмийлаштириш шарт эмас.
Агар товарларни беғараз ўтказишда (хизматлар кўрсатишда) иқтисодий жиҳатдан асосли деб тан олинмаса, у реализациядан айланма бўлади ва ЭҲФ расмийлаштирилади.
Товарлар (хизматлар)ни беғараз ўтказиш, агар қуйидаги шартлардан камида биттаси бажарилган бўлса, иқтисодий жиҳатдан асосли деб тан олинади (СК 239-м. 3-қ.):
● даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган;
● тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун зарур ва харажатларнинг ушбу фаолият билан боғлиқлиги оқланади;
● бу қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқади.
Иқтисодий жиҳатдан асосланмаган товарларни (хизматлар) беғараз ўтказишда ЭҲФ расмийлаштириш учун:
● «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» («Ҳисобварақ-фактура») ҳужжат турини танланг;
● «Тўловсиз» ҳисобварақ-фактура турини танланг;
● ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санасини киритинг;
● товарларни (хизматларни) беғараз ўтказадиган совға қилиш шартномасининг рақами ва санасини киритинг;
● олувчининг (совға олувчининг) СТИРи (ЖШШИРи)ни киритинг. Унинг қолган маълумотлари автоматик тарзда юкланади;
● ўтказилган товарлар (хизматлар) бўйича жадвал маълумотларини тўлдиринг: номланиши, МХИК коди, штрих коди (товарда мавжуд бўлганда), ўлчов бирликлари, миқдор, нарх, акциз солиғи ставкаси (агар товарлар ва хизматлар учун акциз тўланадиган бўлса) ва ҚҚС ҳақида маълумот (ставка 0%, 12% ёки «ҚҚСсиз», агар сиз ушбу солиқ тўловчиси бўлмасангиз ёки имтиёзга эга бўлсангиз);
● идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларни реализация қилиш бўйича қўшимча ЭҲФни расмийлаштирадиган бўлсангиз, маркировка кодини кўрсатинг (20.11.2020 йилдаги 737-сон ВМҚга 1-илова);
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Сақлаш» ёки дарҳол «Имзолаш» тугмасини босинг.
Шаклланган ЭҲФда «Тўлов учун жами» якуний сатрида «Тўловсиз» ёзуви пайдо бўлиши керак.
Товарларни оммавий бепул тарқатишда, агар у иқтисодий асосланган бўлмаса, ҳар бир олувчига ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш шарт эмас (Низом 3-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова). Аммо ҳар ой якунига кўра сиз умумлаштирувчи бир томонлама ЭҲФни шакллантиришингиз керак. Буни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасидан олдин бажаринг, аммо ЭҲФни ҳисобот ойининг охирги кунида белгиланг.
ВАЗИЯТ. Корхона «Меҳрибонлик» уйига спорт формаларини беғараз топширмоқда
ҚҚС тўловчи корхона «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчилари мусобақаларда иштирок этиши учун спорт формаларини беғараз совға қилди. Форма корхона томонидан ушбу мақсадлар учун махсус сотиб олинган. Мусобақаларда корхона ходимлари футболка, логотипи туширилган кепка ва компания маҳсулотларининг тавсифи билан варақаларни тарқатишди.
ЭҲФ қандай расмийлаштирилади?
ю Спорт формаларини беғараз ўтказиш ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади, чунки у иқтисодий жиҳатдан асосли деб тан олинмайди (СК 239-м. 1-қ. 2-б.). Бундай ҳолда ЭҲФ ҚҚС билан ҳисоблаб расмийлаштирилади. ЭҲФ тизимида «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» ҳужжат тури ва «Тўловсиз» ҳисобварақ-фактура тури танланади. Футболка, кепка ва варақаларни оммавий тарқатиш савдо айланмаси эмас, чунки у иқтисодий жиҳатдан оқланган деб тан олинган (СК 239-м. 3-қ.). Бу вазиятда ЭҲФ расмийлаштирилмайди.
ВАЗИЯТ. Корхона Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида товарларни бошқа корхонага беғараз топширмоқда
ҚҚС тўловчи корхона Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида товарларни бошқа корхонага беғараз топширди.
Бундай ҳолатда ЭҲФ қандай расмийлаштирилиши керак?
ю Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида товарларни беғараз ўтказиш (хизматлар кўрсатиш) ҚҚСдан озод қилинади (СК 243-м. 1-қ. 17-б.).
Бундай вазиятда ЭҲФни расмийлаштиришда корхона «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» ҳужжат турини, «Тўловсиз» ҳисобварақ-фактурани танлаши керак.
ЭҲФда имтиёзларни акс эттириш учун сиз my3.soliq.uz сайтида «Электрон ҳужжатлар айланиши» бўлимидаги «Юридик шахсларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисидаги мурожаатлари» хизматидан ҳужжат тури ва рақамини кўрсатиб (Вазирлар Маҳкамасининг қарори), фойдаланишингиз керак. Солиқ органлари томонидан имтиёз олиш ҳуқуқи тасдиқлангандан сўнг уни ЭҲФни расмийлаштиришда қўллаш мумкин.
Юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимдаги «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда улар орқали идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда ЭҲФни расмийлаштириш
Дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш учун ЭҲФнинг махсус шакли назарда тутилган (Низомга 2-илова, 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова).
2024 йил 1 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмлар реализациясига 12% ставка бўйича ҚҚС солинади, улар бўйича имтиёзлар бекор қилинади (28.12.2023 йилдаги ЎРҚ-891-сон, 4-м. 13-б.; 28.12.2023 йилдаги ЎРҚ-891-сон, 7-м.; СК 243-м. 1-қ. 11–13-б.).
Дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда ЭҲФ расмийлаштириш учун:
● «Ҳисобварақ-фактура (фарм)» ҳужжат турини танланг ёки сизнинг операторингизнинг электрон ҳужжатлар айланиши функционалига қараб дори воситалари етказиб берувчиси эканлигингизни белгиланг;
● «Стандарт» ҳисобварақ-фактура турини танланг;
● ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санасини киритинг;
● товар жўнатилаётган шартнома рақами ва санасини киритинг;
● харидорнинг СТИР (ЖШШИР)ини киритинг. Қолган маълумотлар автоматик равишда юкланади;
● реализация қилинадиган товарлар бўйича жадвал маълумотларини тўлдиринг: номланиши, МХИК коди, штрих коди (товарда мавжуд бўлганда), ўлчов бирликлари, маркировка коди, серия, ўлчов бирликлари, миқдор, базавий нарх, устама фоизи ва ҚҚС маълумотлари (ставка – 0%, 12% ёки «ҚҚСсиз» ёзуви билан);
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Сақлаш» ёки дарҳол «Имзолаш» тугмасини босинг.
ЭҲФнинг «Базавий нарх» устунида савдо учун қўшимча тўлов ҳисобланган базавий нархни (ҚҚС бундан мустасно) кўрсатинг. Базавий нарх қуйидагиларни ўз ичига олади (Низом 21-б., 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон, 4-илова):
● дори воситалари ва тиббий буюмларнинг харид қиймати (импорт маҳсулотлар учун) ёки сотиш қиймати (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун);
● сотиб олиш нархи (кейинги сотишни амалга ошириш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун).
«Устама» устунида савдо устамасини базавий нархдан ўсиб борувчи якун билан фоизларда кўрсатинг. Агар дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотларини етказиб беришда бир нечта улгуржи савдо ташкилотлари иштирок этса, савдо учун қўшимча тўлов (устама) умумий тарзда белгиланади.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар белгиланади. Уларнинг миқдори қуйидагича (Низом 17-б., АВ рўйхат рақами 3242, 10.06.2020 й.):
● улгуржи савдо учун – сотиб олинган қийматининг 15%идан ортиқ бўлмаган;
● чакана савдо учун – улгуржи нархининг 20%идан ортиқ бўлмаган.
Импорт қилинган дори воситаларининг нархлари чекланган нархлардан юқори бўлмаслиги керак (Низом 18-б., АВ рўйхат рақами 3242, 10.06.2020 й.).
Импорт қилинадиган дори воситаларига нархларни референт нарх шакллантириш тизими доирасида белгилаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган сотиб олиш қиймати (СОҚ) қуйидаги формула бўйича аниқланади (Низом 17-б., АВ рўйхат рақами 3242, 10.06.2020 й.):
ХҚ = Шн + Б + Бх,
бу ерда:
Шн – Инкотермс CIP шартларида импорт қилинган, сотиб олинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳужжатларда (кузатув ҳужжатлари ёки БЮД) кўрсатилган дори воситалари ва уларнинг БЮД тўлдирилган санадаги МБ курси бўйича сўмга қайта ҳисобланган шартнома нархи;
Б – божхона тўловлари;
Бх – товарларни сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар (шартномадаги Инкотермс CIP шартида кўрсатилган нархнинг 1%идан кўп бўлмаган миқдорда). Улар 4-сон БҲМС 15-бандига мувофиқ шакллантирилади.
МИСОЛ. Импорт дори воситасининг реализация нархи қандай шакллантирилади
«Альфа» импорт қилувчи корхонаси контракт қиймати 100 000 сўм бўлган дори воситаларини олиб кирди. Божхона органларига 12% ҚҚС – 12 000 сўм (100 000 х 12%) тўланди.
«Альфа» товарнинг базавий қийматини шакллантиради:
100 000 сўм (контракт қиймати) + 1 200 (1,2% божхона йиғими) + 1 000 (1% қўшимча харажатлар) = 102 200 сўм.
102 200 сўм – бу базавий нарх, бундан чегаравий устама нарх ҳисобланади.
Кейин «Альфа» ЭҲФда базавий нархни, улгуржи устама нархни, сотиш нархини, 12% ҚҚСни ва етказиб бериш қийматини ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда акс эттириб, реализация қилиш қийматини шакллантиради:
102 200 (базавий нарх) + 10% (улгуржи устама нарх) + 12% (ҚҚС) = 112 420 (сотиш нархи) + 13 490 (сотиш нархидан 12% ҚҚС) = 125 910 сўм.
125 910 сўм – етказиб бериш қиймати.
Маҳаллий «Омега» улгуржи корхонаси импорт қилувчи «Альфа» корхонасидан дори сотиб олиб, товарнинг таннархини – 112 420 сўмни акс эттиради ва 13 490 сўм суммасидаги ҚҚСни ҳисобга қабул қилади, кейин эса ўзининг қолган 5% улгуржи устама нархини қўйиб дорини дорихонага сотади.
«Омега» товарни дорихонага реализация қилиб, ЭҲФда реализация нархини – 117 530 сўмни (базавий қиймати 102 200 сўм + 15% устама нарх (ортиб борувчи якун билан)) ва ҚҚС 14 104 сўмни кўрсатади. Дорихона учун етказиб бериш қиймати 131 634 сўмни ташкил қилади.
«Бетта» дорихонаси дори воситасини кирим қилганда 117 530 сўмни товарнинг таннархи сифатида акс эттиради, 14 104 сўм ҚҚСни эса ҳисобга киритади.
Аҳолига реализация қилиш учун сотиш нархи 16 924 сўм ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 157 960 сўмни ташкил қилади. Бу сумма қуйидагилардан таркиб топади: 117 530 сўм (таннарх) + 20% (устама нарх) +12% (ҚҚС).
ВАЗИЯТ. Улгуржи савдо корхонаси дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чегирма билан импорт қилди
Улгуржи савдо компанияси дори-дармон воситалари ва тиббий маҳсулотларни чегирма билан импорт қилди.
ҚҚС тўловчиси бўлган улгуржи савдо корхонаси импорт бўйича дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотларини сотиб олди. БЮД асосидаги товарларнинг шартнома қиймати 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Товарларнинг божхона қиймати ҳам шунча. Товар етказиб берилгандан сўнг етказиб берувчи шартноманинг маълум шартларини бажариш учун 20 минг АҚШ доллари миқдорида нақд чегирма тақдим этди. Шунга кўра компания товарлар учун 80 минг АҚШ доллари тўлаган.
Савдо устамаси қандай ҳисобланади?
ю Савдо устамасини ҳисоблашда корхона уларнинг асосий ҳужжатлари ва сотиб олиш билан боғлиқ барча харажатлар йиғилган қийматидан иборат импорт қилинадиган товарларни сотиб олиш нархини ҳисобга олиши керак.
Бундай вазиятда 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги чегирма товарларни сотиб олиш нархини пасайтирмайди, у бошқа даромадлар (9390-счёт) сифатида ҳисобга олиниши керак (4-сон БҲМС 16-б.). Шундай қилиб, устама 100 минг АҚШ долларидан ҳисобланиши керак.
Юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимда «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Икки томон тасдиқлаган ЭҲФда унга қараб идентификациялаш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Комиссия шартномаси бўйича ЭҲФни расмийлаштириш
Комиссия шартномаси тузилгандан сўнг комитент ЭҲФ тизимига комиссионер ҳақидаги маълумотларни киритиши керак. Агар бу бажарилмаса, комиссионернинг ҚҚС бўйича солиқ базаси нотўғри шакллантирилади, унда ўзи реализация қилган товарнинг барча суммаси акс эттирилади.
Маълумотлар ҳар бир комиссионер учун алоҳида киритилиши керак.
Комиссионер ҳақидаги маълумотларни тизимга киритиш учун:
● my3.soliq.uz сайтига ЭРИ ёрдамида киринг;
● «Солиқ ҳисоби» бўлимида «Юридик шахсларнинг комиссионерлари рўйхатини шакллантириш» хизматини тангланг;
● очилган саҳифада «Қўшиш» тугмасини босинг;
● шаклни тўлдиринг: тегишли майдонларда юридик шахс – комиссионернинг СТИРи ёки якка тартибдаги тадбиркор – комиссионернинг ЖШШИРи («Корхона номи» устуни автоматик равишда тўлдирилади), шартнома (контракт) рақами, МФО ва комиссионернинг ҳисобварағи, шартнома (контракт) тузилган сана, унинг амал қилиш муддати бошланиш ва тугаш саналарини кўрсатинг;
● «Сақлаш»ни босинг.
Субкомиссия шартномасини тузишда комиссионер субкомиссионерни тизимда рўйхатдан ўтказиши ва бунда комитентнинг маълумотларини – СТИР (ЖШШИР) ёки ID-рақамини (агар комитент норезидент бўлса) кўрсатиши шарт. Фақат шундагина субкомиссионер томонидан тақдим этилган ЭҲФ бўйича айланмалар комитентнинг ҳисоботида тўғри акс эттирилади.
Агар комитент норезидент ёки жисмоний шахс бўлса, комиссионер унга ID-рақамини бериш учун уни тизимда рўйхатдан ўтказиши керак. Кейинчалик бу рақамни ЭҲФда комиссионер ҳам, субкомиссионер ҳам акс эттириши лозим.
Тизимда комитентни рўйхатдан ўтказиш учун:
● ЭРИ ёрдамида my3.soliq.uz сайтига киринг;
● «Солиқ ҳисоби» бўлимида «Юридик шахслар комиссионерлари рўйхатини шакллантириш» хизматини танланг;
● очилган саҳифада «Норезидентлар ёки жисмоний шахслар» иловасини танланг ва «Қўшиш» тугмасини босинг;
● шаклни тўлдиринг: комитент турини – норезидент юридик шахс ёки жисмоний шахсни танланг, комитентнинг телефон рақамини киритинг ва тасдиқловчи ҳужжатни (комиссия шартномасини) бириктиринг;
● юборилган ариза автоматик равишда тасдиқланади ва жадвалда акс эттирилади. Бунда «Комитентнинг ID-рақами» устунида унинг 9 хонали ноёб рақами шакллантирилади.
Ушбу рақамни воситачи ЭҲФда комитентнинг СТИРи сифатида кўрсатади, шунингдек уни субкомиссионерларга тақдим этади, улар ҳам уни ЭҲФда акс эттирадилар.
Воситачи томонидан ЭҲФ тақдим этилганда тизим унинг норезидент-комитентлар ID рўйхатини текширади. Агар воситачи комитентнинг ID-рақамини нотўғри кўрсатса, у томонидан тақдим этилган ЭҲФ бўйича реализация қилиш айланмаси ҳам унинг (комиссионернинг) ҳисоботида нотўғри акс этади.
Субкомиссионер томонидан ЭҲФ тақдим этилганда, тизим комисионерда норезидент-комитентларнинг ID рўйхатини ҳам текширади.
Агар субкомиссионер комитентнинг ID-рақамини нотўғри кўрсатган ёки воситачи субкомиссионерни солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатдан ўтказмаган бўлса, субкомиссионернинг ҳисоботида сотиш айланмаси нотўғри акс эттирилади.
Топшириқни бажаргач, комиссионер комитентга унинг учун реализация қилинган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобот тақдим этиши шарт. Ҳисоботни тақдим этиш муддати комиссионер товарлар (хизматлар) сотган (сотиб олган) ой тугаганидан кейин 5 кундан кечикмаслиги керак. Унда қуйидагиларни кўрсатиш лозим (Низом 28-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова):
● тегишли ҚҚС суммаларини ажратиш билан сотилган (сотиб олинган) товарлар (хизматлар) миқдори ва қиймати. Ҳисоботга шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва сотиш (сотиб олиш)ни тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхалари илова қилиниши керак;
● комиссионер томонидан комиссия шартномасига биноан уни қоплаши керак бўлган харажатларнинг қиймати. Ҳисоботга ушбу харажатларни тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар, чеклар, квитанциялар) илова қилиниши керак. Ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлгандагина комиссия бу суммаларни ўз харажатларига киритиши мумкин.
Қопланадиган харажатларга комиссионер томонидан учинчи шахсларга (товарлар (хизматлар), солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар учун) буюртмани бажариш муносабати билан тўланадиган маблағлар киради, уларни сиз товарларни (хизматларни) мустақил сотиб олганингизда ҳам тўлаган бўлар эдингиз. Комиссионер сизнинг мол-мулкингизни сақлаш харажатларини қоплашга ҳақли эмас, агар бундай тўлов қонунда ёки комиссия шартномасида назарда тутилмаган бўлса.
● шартнома шартларига мувофиқ ўзининг мукофотини (ҚҚС билан, агар у тўловчи бўлса);
● олинган бўнаклар миқдори;
● қолган қарз миқдори.
Комиссия шартномасида назарда тутилган бошқа маълумотларни ҳам ҳисоботга киритиш мумкин.
Комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилишда комиссионер харидорларга уч томонлама ЭҲФ тақдим қилади. Уларда харидор реквизитларидан ташқари комитентнинг маълумотларини ҳам кўрсатади: номи, СТИР ва ҚҚС рақами. Шундай қилиб, харидор тасдиқлаганидан кейин комиссионер томонидан тақдим этилган ЭҲФ комиссионерда автоматик равишда акс эттирилади:
● комитентнинг Сотувлар реестрида (агар у солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлса);
Харидлар реестрида;
● комиссионер (субкомиссионер)нинг Воситачилик реестрида.
ҚҚС тўловчиси комитентнинг ҚҚС солинадиган товарлар (хизматлар)ни реализация қилувчи ҚҚС тўламайдиган комиссионер харидор номига ЭҲФ тақдим қилишда комитентнинг товарларини (хизматларини) сотиш бўйича айланмадан ҳисобланган ҚҚС суммасини ажратади.
ҚҚС тўламайдиган комитентнинг товарларни (хизматларни) реализация қиладиган комиссионер харидор номига ЭҲФ беришда «ҚҚСсиз» белгисини қўяди.
Норезидент комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилувчи комиссионер (субкомиссионер) ҚҚС бўйича солиқ агенти деб эътироф этилади. У солиқ базасини акциз солиғи (акциз тўланадиган товарлар учун) ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда товарлар (хизматлар) қийматидан келиб чиқиб аниқлайди (СК 255-м. 3-қ.).
Комитент учун товарларни (хизматларни) сотиб олаётганда комиссионер (субкомиссионер) ўз номидан ушбу товарларни (хизматларни) етказиб берувчилардан олинган ЭҲФни бир хил саналарда ва етказиб берувчиларнинг ЭҲФда кўрсатилган кўрсаткичлар билан комитентга (комиссионерга) қайта тақдим этади. Бунда комиссия ЭҲФда комиссионер (субкомиссионер) етказиб берувчининг маълумотлари – номи, СТИР (ЖШШДС) ва ҚҚС рақамини кўрсатади. Шу тариқа комиссионер (субкомиссионер) томонидан қайта тақдим қилинган ЭҲФ комитент (комиссионер) тасдиқлагандан сўнг автоматик равишда акс этади:
● комитентнинг Харидлар реестрида (агар у солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлса);
● комиссионернинг (субкомиссионернинг) Воситачилик реестрида.
Худди шу тартибда комиссионер (субкомиссионер) комитентга (комиссионерга) қопланадиган харажатлар миқдори учун ЭҲФни қайта тақдим этади.
Комиссионер ўзининг мукофот суммаси учун комитентга (субкомиссионер эса – комиссионерга) алоҳида ЭҲФ тақдим қилади.
Агар комитент норезидент бўлса, комиссионер «Хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудидан ташқарида)» туридаги бир томонлама ЭҲФни расмийлаштиради. ҚҚС тўловчиси бўлган комиссионер ЭҲФни ҚҚСсиз расмийлаштиради, чунки мазкур ҳолатда воситачилик хизматларини амалга ошириш жойи Ўзбекистон эмас (СК 241-м. 1-қ.).
Комиссионер (субкомиссионер) ЭҲФга қўшимча сифатида ҳақ тўлаш суммасига хизматларни тақдим этиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириши керак, унда у иккита суммани кўрсатади (ЭҲФдан фарқли ўлароқ фақат мукофот суммаси кўрсатилади):
● воситачилик ҳақи;
● ҳисоботга мувофиқ қопланадиган маблағлар.
Комиссионер (субкомиссионер) томонидан юборилган ЭҲФ «Чиқиш» бўлимида «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда улар орқали идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Харажатларни қоплаш учун ЭҲФни расмийлаштириш
Харажатларни қоплаш учун ЭҲФ икки ҳолатда берилади:
● ижарага берувчи томонидан, ижара шартномаси ижарага олувчига ўзи истеъмол қилган коммунал хизматлар нархини қоплашни назарда тутганда;
● комиссионер (ишончли вакил) томонидан, комиссия шартномаси (кўрсатма) комитент томонидан комиссионер қилган харажатларни қоплашни назарда тутади.
Харажатларни қоплашда ижарага берувчининг ЭҲФни расмийлаштириши
Агар ижара шартномасига биноан электр, иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларининг нархи (бундан кейин – коммунал хизматлар) ижара ҳақига киритилмаган бўлса, лекин ижарачи томонидан ҳақиқий истеъмолга мувофиқ қопланса, ижарага берувчи ижарачига алоҳида ЭҲФ тақдим этади (Низом 49-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова):
● ҚҚС суммасини ажратган ҳолда ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳақи суммасига (агар ижарага берувчи ҚҚС тўловчи бўлса);
● ижарачи томонидан истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар учун қопланиши лозим бўлган суммага, ушбу хизматларнинг нархига боғлиқ бўлган ҚҚС миқдорини ажратиш билан.
Амалиётда ЭҲФ тизимида камида иккита ЭҲФ тақдим этилиши керак (ёки ундан кўп – коммунал хизматларнинг ҳар бир тури учун – ижарага берувчи етказиб берувчилардан ЭҲФни қабул қилиш вақтига қараб):
● «Стандарт» – ижара суммаси учун – хизматлар кўрсатишдаги каби берилади;
● «Харажатларни қоплаш» – ижарачи томонидан қопланадиган коммунал хизматлар миқдори учун – товарларни сотишда ҳисоб-китоб қилинади, аммо ЭҲФ тури «Харажатларни қоплаш» танланади.
Ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлмаса, ЭҲФ учун ижара суммасини ҚҚСсиз тақдим қилади, коммунал хизматларни қоплаш суммаси учун ЭҲФ – коммунал хизматнинг ҳар бир тури учун етказиб берувчилар томонидан ҳисобланган ҚҚС ажратиш орқали.
Ижарачига юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимда «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда улар орқали идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Харажатларни қоплаш учун комиссионер (вакил) томонидан ЭҲФни расмийлаштириш
Топшириқни бажариш бўйича комитентга тақдим этилган ҳисоботда комитент (вакил) томонидан қопланиши керак бўлган сиз сарфлаган маблағ миқдорини кўрсатинг. Бу сизнинг топшириқни бажариш учун учинчи шахсларга тўлаган маблағлар бўлиши мумкин, уларни комитент товарларни (хизматларни) мустақил сотиш (сотиб олиш) учун ҳам тўлаган бўлар эди. Шу билан бирга, сизда сақланаётган комитент мулкини сақлаш харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли эмассиз, агар бундай қоплаш қонун ёки шартномада назарда тутилмаган бўлса (Низом 28-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова). Ҳисоботга ушбу маблағларнинг юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатларни (шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва бошқаларни) илова қилинг.
Агар сиз комиссионер бўлсангиз, сиз сотиб олган товарлар (хизматлар) учун олинган ЭҲФ комитентга қайта юборинг, унинг нархи қопланиши керак. Яъни, хронология ва рақамлаш тартибига мувофиқ комитентга ўз номингиздан етказиб берувчилардан сиз олган қопланадиган товарлар бўйича ЭҲФ кўрсаткичлари акс эттирилган ЭҲФни тақдим қилинг. Шу билан бирга ЭҲФда етказиб берувчининг маълумотларини ҳам кўрсатинг: унинг номи, СТИР ва ҚҚС рақами.
Комиссионердан фарқли ўлароқ, вакил товарлар (хизматлар) учун қиймати иккинчиси томонидан қопланиши лозим бўлган асосий ЭҲФни қайта тақдим қилмайди. Топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади (ФК 817-м.). Шунинг учун етказиб берувчининг топшириқ шартномаси бўйича барча ЭҲФ топшириқ берувчининг номига тақдим қилинади.
Қопланадиган маблағлар суммасини ЭҲФ билан бирга мукофот пули суммасидан тақдим қилишингизни далолатномада кўрсатинг (Низом 33-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова). Бунда ЭҲФнинг ўзида қоплаш миқдорини кўрсатманг. Харажатларни қоплаш учун ЭҲФни расмийлаштириш тартиби ЭҲФни сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича комитентга топшириш билан бир хил. Фарқи шундаки, ҳисобварақ-фактуранинг «Харажатларни қоплаш» турини танлашингиз керак.
Комитентга юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимда «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда улар орқали идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Бюджет ташкилотига ЭҲФ қандай тақдим қилинади
Бюджет ташкилотлари товарлар ва хизматларни давлат харидлари қоидаларига мувофиқ махсус ахборот портали (веб-сайт ва махсус электрон платформа) орқали сотиб олади (22.04.2021 йилдаги ЎРҚ-684-сон, 19-м.; Низом, 20.05.2022 йилдаги 276-сон ВМҚга илова). Унда ҳар бир харидга ноёб лот рақами берилади. Қоида тариқасида у шартнома номида кўрсатилади.
Бюджет ташкилоти учун ЭҲФ тақдим қилиш учун:
● ҳужжат турини танланг – «Далолатномасиз ҳисобварақ-фактура» («Ҳисобварақ-фактура»);
● «Стандарт» ҳисобварақ-фактура турини танланг;
● ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санасини киритинг;
● товар жўнатиладиган (хизмат кўрсатиладиган) шартнома рақами ва санасини киритинг;
● харидорнинг СТИРини киритинг. Агар у бюджетдан молиялаштирилса, ЭҲФ шаклида лот рақамини киритиш учун махсус майдон пайдо бўлади. Уни киритинг ва бошқа барча ЭҲФ кўрсаткичлари, шу жумладан сотилган товарлар (хизматлар) тўғрисидаги жадвал маълумотлари автоматик равишда юкланади. Шу билан бирга, сиз товарлар (хизматлар) сони ва ҚҚС ставкаси тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлашингиз мумкин;
● киритилган маълумотларни текширинг ва «Сақлаш» ёки дарҳол «Имзолаш» тугмасини босинг.
Агар харидорнинг СТИРини ЭҲФ шаклига киритишда лот рақамини киритиш учун майдон пайдо бўлмаса, тегишли майдонга харидорнинг ғазначилик ҳисобварағи рақамини киритинг. Уни шартномада кўрсатилган харидорнинг реквизитларидан топиш мумкин. Ҳисоб-китоб киритилгандан сўнг лот рақамини киритиш учун майдон пайдо бўлади.
Бюджет ташкилотига юборилган ЭҲФ «Чиқувчи» бўлимида «Ҳамкорнинг имзосини кутиш» устунида пайдо бўлади. Иккала томон тасдиқлаган ЭҲФда улар орқали идентификация қилиш мумкин бўлган ID ва QR-код пайдо бўлади.
Азиз ҲОШИМОВ, солиқлар бўйича эксперт,
Ирина АХМЕТОВА, «Норма» эксперти.