Президент томонидан 10.12.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-214-сон Фармон имзоланди.
Президентнинг бир қатор ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
● молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини белгилаш мезонларини такомиллаштириш;
● янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектларининг ривожланишини баҳолаш кўрсаткичларини мақбуллаштириш;
● «ВВВ» тоифадаги тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартибини татбиқ этиш;
● маҳаллий пиво маҳсулотларини реализация қилиш фаолиятини ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш.
Хусусан, корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб топиш учун қуйидагилар асос бўлади:
● давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 3 ой мобайнида банк ҳисобварақларини очмаганлиги;
● банк ҳисобварақларини очган, бироқ 6 ой мобайнида:
молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига маблағлар туширмаганлиги;
электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирмаганлиги;
онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ёки «маркетплейс» тўлов тизимидан фойдаланмаганлиги;
ташқи савдо операцияларини амалга оширмаганлиги.
Шунингдек, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар тугатилганда:
● корхоналар солиқ органининг тақдимномасига асосан 1 йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;
● рўйхатдан ўтказувчи орган бир йил давомида фаолият тикланмаганда уларни Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқаради.
Шунингдек, бундан буён «ВВВ» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.
Қуйидагиларга тегишли ўзгартиришлар киритилди:
● Президент фармонлари:
5.02.2019 йилдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5656-сон Фармони;
7.06.2019 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5739-сон Фармони;
30.08.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-132-сон Фармони;
● Президентнинг 1.05.2020 йилдаги ПҚ-4702-сон қарори билан тасдиқланган Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида низом;
● 23.01.2024 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-39-сон қарори.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.12.2024 йилдан кучга кирди.
Собир НУРБЕРДИЕВ.