Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2024 год / № 36 / Расмий ҳужжатлар

«Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиш ва мазкур соҳага янгича ёндашувларни жорий этиш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

консолидациялашган бюджет маблағлари, давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари ва бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобидан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;

ҳар йили «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.

Бунда тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳар йили 1 ноябрга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция (кейинги ўринларда – Ижтимоий инспекция) билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш дастури асосида амалга оширилади;

б) 2025 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Қурилиш инспекцияси)нинг хулосасини олиш талаб қилинади.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

ҳар йили 1 ноябрга қадар кейинги йил учун ўзининг ҳудудидаги камида биттадан кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда унинг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширсин;

2024 йил 1 декабрга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида 2-иловада** келтирилган рўйхатга мувофиқ кўчаларни мослаштирсин.

3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Транспорт вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда метро ва автобус бекатлари, чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш учун тегишли маблағлар ажратиш бўйича таклифларни келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиб борсин.

4. Ижтимоий инспекция Рақамли технологиялар вазирлиги, Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда 2026 йил 1 январга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун республиканинг барча ҳудудларини қамраб олувчи тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларни аниқлаш имконини берувчи «Интерактив харита» ахборот тизимини ишга туширсин.

5. Белгилансинки:

а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва халқаро автобусда йўловчи ташиш йўналишларини, 2025 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш учун тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни таъминловчи ускуналар билан жиҳозланган автобусларга эга бўлган ташаббускорлар иштирок этади;

б) мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган талаб кучга киргунига қадар тендерда ғолиб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг:

автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган қисми 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан қоплаш шаклида тақдим этиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги тоифасидан қатъи назар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўлиқ миқдорларда тақдим этилади;

в) мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган талаб кучга кирганидан сўнг Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси йўловчи ташиш йўналишларидаги автобус ҳайдовчилари томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган жиҳозлар ва имтиёзлардан доимий фойдаланилиши таъминланишини назорат қилади.

6. 2024 йил 1 августдан бошлаб:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими – қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига;

Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими – ҳокимнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига ўзгартирилсин.

7. 2024 йил 1 сентябрга қадар вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида бир нафар раҳбар ўринбосари ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилиши бўйича масъул этиб белгилансин ҳамда унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

ногиронлиги бўлган ходимлар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари ҳамда меҳнат қилишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнат шароитларини яратиб бериш;

биноларга кириш ва чиқишда ногиронлиги бўлган шахслар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини ташкил этиш;

ногиронлиги бўлган фуқароларни қабул қилишда уларга қулайликлар яратиш учун зарур мутахассис ва жиҳозлар билан таъминлаш;

объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилганда ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб:

вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди;

вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бир нафар ходими сурдотаржимонлик курсларида ўқитилади.

9. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспортда ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади;

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50 фоизи (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган миқдорда) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

10. Ижтимоий инспекция ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит ва тўсиқларсиз ҳаракат қилиш имкониятлари яратилганлигини назорат қилувчи ваколатли орган этиб белгилансин ва унга қуйидаги ҳолатлар устидан давлат назоратини амалга ошириш юклансин:

ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан берилган имтиёзлардан монеликсиз фойдаланилаётганлиги;

ногиронлиги бўлган шахслар қулай ҳаракатланиши учун бино ва иншоотларда, маданий объектларда, чорраҳалар, пиёдалар учун тротуарлар, ер усти ёки ер ости пиёдалар ўтиш жойларида зарур шароитлар яратилганлиги;

жамоат транспорти воситалари ва фуқаро авиацияси ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган жиҳозлар билан таъминланганлиги ва фойдаланилаётганлиги;

ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилиши бўйича масъулларга юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилаётганлиги;

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида молиялаштириладиган ҳамда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида ғолиб бўлган таклифлар бўйича қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашга тушган бино ва иншоотлар, йўл ва йўл инфратузилмаси объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги.

11. Ижтимоий инспекцияга ўз вазифа ва функцияларини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

ўрганиш ўтказиш давомида барча назорат объектларига монеликсиз кириш;

корхона, муассаса ва ташкилотлар, жамоат транспорт воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шароитларнинг яратилганлиги юзасидан ўрганиш ўтказиш;

қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларга ёзма равишда огоҳлантириш киритиш;

вазирлик ва идораларга ўз ваколатлари доирасида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

б) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг бино-иншоотлар, транспорт ва ахборот-коммуникация воситаларидан тўсиқсиз фойдаланишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қулайликларни яратиш мажбурияти бажарилмаганлиги ҳолатлари юзасидан маъмурий жазо чораларини қўллаш;

қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисмини ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказмаган ташкилотларнинг лицензия ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларини бекор қилиш бўйича ваколатли органга тақдимнома киритиш.

12. Белгилансинки, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

Ижтимоий инспекцияга бино ва иншоотлар (йўл ва йўл инфратузилмаси объектлари) ҳамда жамоат транспорти воситалари, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида ногиронлиги бўлган шахсларга хавфсиз, қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш ва иш жойларига қўйиладиган қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирларини улар бошлангандан сўнг 24 соат ичида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш орқали амалга оширишга рухсат берилади;

Ижтимоий инспекция томонидан ўтказилган ўрганиш ва текширишлар якуни бўйича объектлар (тураржой объектлари бундан мустасно) уларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланиши имконияти мавжудлигини англатувчи махсус белгилар билан жиҳозланади.

Бунда объектларни ушбу махсус белгилар билан жиҳозлаш Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

13. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгашга (кейинги ўринларда – Кенгаш) ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш бўйича қуйидаги вазифалар юклатилсин:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб бориш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишига имкон берувчи давлат дастурларига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот-коммуникация хизматлари ва давлат хизматлари, электрон ва шошилинч хизматлардан эркин фойдаланишларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

Кенгаш аъзолари томонидан мазкур қарорнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан ташкилотларга юклатилган вазифалар доирасида ҳар олти ойда камида бир маротаба Кенгашга ҳисобот бериш ва амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш.

14. Кенгаш аъзолари ҳар йили ўзларининг вазирлик ва идораларига тегишли бўлган 2 тадан бино-иншоотларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини таъминласин ва амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар йили 1 декабрга қадар Кенгашга ахборот берсин.

Кенгаш ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар натижалари бўйича ахборотни ҳар йили 20 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

15. Маданият вазирлиги вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда маданий-оммавий ва кўнгилочар-томоша дастурлари (мусиқий фестиваллар, концерт, театр, спорт тадбирлари, халқ сайиллари, миллий намойишлар ва бошқалар), шунингдек, умумхалқ байрамларида ногиронлиги бўлган шахслар иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.

16. Қуйидагилар:

Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага** мувофиқ;

2024 йил 1 сентябрга қадар Ижтимоий инспекциянинг ахборот тизимига уланиш ва фойдаланиш имконияти яратиладиган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари рўйхати 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 5-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

18. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тўрт ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига мазкур қарорга 1-иловада белгиланган фаолият турларини лицензиялашда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш инспекциясининг хулосаси олиниши бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ижтимоий инспекция томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини;

тадбиркорлик субъектларининг ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт воситаларини қулай тарзда жиҳозлаш харажатларини Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П.Оллоёров, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 18 июль

ПҚ-266-сон.

ЎзР Президентининг 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-266-сон қарорига
1-ИЛОВА

ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ОЛИШДА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА
ТЎСИҚЛАРСИЗ МУҲИТ ЯРАТИШ ТАЛАБИ КИРИТИЛАЁТГАН
ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ

Т/р

Лицензиянинг номи

Лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турлари

Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар

1.

Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолият учун лицензия

Мактабгача таълим хизматлари (бундан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг хизматлари мустасно)

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Умумий ўрта таълим хизматлари

Ўрта махсус таълим хизматлари

Олий таълим,
фан ва инновациялар вазирлиги

Профессионал таълим хизматлари

Олий таълим хизматлари

Олий таълимдан кейинги таълим хизматлари

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш

Ички ишлар вазирлиги

2.

Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия

Банк фаолияти

Марказий банки

3.

Кредит бюролари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Кредит бюролари фаолияти

Марказий банки

4.

Тиббий фаолият учун лицензия

Тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

5.

Фармацевтика фаолияти учун лицензия

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш (бундан офтальмология тиббий буюмларини чакана реализация қилиш мустасно)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.07.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 2–5-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 99 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика