Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 33 / Бухгалтерга тавсиялар

Автомобиль ижара шартномаси солиқ органларида қандай ҳисобга қўйилади

 

Автотранспорт воситалари ижара шартномалари ва текин фойдаланишга бериш шартномаларини (кейинги ўринларда – ижара шартномалари) солиқ органларида рўйхатдан ўтказинг. Бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш ва солиқ маъмуриятчилиги тизимининг соз ишлаши учун керак. Шу жумладан:

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Бунинг ўрнига бундай шартномаларни электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилди (7.07.2022 йилдаги ПҚ-311-сон 4-б.);

Электрон товар-транспорт юк хатларини (ЭТТЮ) жорий этиш давом этмоқда (21.12.2023 йилдаги 673-сон ВМҚ). Агар юклар ижарага олинган транспортда ташилса, ЭТТЮни расмийлаштириш учун шартнома солиқ органларида ҳисобга қўйилган бўлиши керак.

Ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқамиз.

 

Транспорт воситалари ижара шартномасини солиқ органларида қандай ҳисобга қўйиш керак

Автотранспорт воситалари ижара шартномасини ijara.soliq.uz сайти функционали ёрдамида солиқ органларида ҳисобга қўйиш мумкин. Сиз тизимга шартнома тўғрисидаги ахборотни киритишингиз, шунингдек контрагент томонидан киритилган маълумотларни тасдиқлашингиз ва SoliqUz мобиль иловаси ёрдамида рўйхатдан ўтказилган шартномаларга кириш имкониятига эга бўлишингиз керак. Шартнома ҳисобга қўйилганидан сўнг солиқ органлари ижарага берилган автомобиль ва ижара тўлови миқдори тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишлари мумкин. Ушбу ахборотдан солиқларни ҳисоб-китоб қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида фойдаланилади.

 

Ижара қийматини аниқлашда қонунчиликда белгиланган минимал ставкадан келиб чиқинг. Агар у пастроқ бўлса, солиқлар (ЖШДС, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ) минимал ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Агар ҳар ойлик ижара тўлови белгиланган минимал ставкадан юқори бўлса, солиқлар шартномада белгиланган ижара тўловидан келиб чиққан ҳолда умумий қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

 

2024 йилда солиқ солиш учун қуйидагиларни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловининг минимал ставкалари белгиланган (25.12.2023 йилдаги ЎРҚ-886-сон, 8-илова):

● енгил автомобиль – ойига 780 000 сўм;

● микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари – ойига 1 550 000 сўм.

 

МИСОЛ. Агар автомобиль учун ҳар ойлик ижара тўлови минимал ставкадан паст бўлса, солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш керак

Жисмоний шахс ўзининг енгил автомобилини ижарага берди. Шартнома бўйича ижара тўлови суммаси ойига 600 000 сўмни ташкил этади. 2024 йил учун белгиланган автомобиль бўйича ижара тўловининг минимал суммаси – 780 000 сўм.

Шартнома бўйича ижара суммаси минимал ставка бўйича ҳисоблаб чиқарилганидан камлиги боис, ЖШДС минимал ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ижарага берувчи бир ой учун бюджетга тўлаши лозим бўлган солиқ суммаси 93 600 сўмни (780 000 х 12%) ташкил этади.

 

МИСОЛ. Агар автомобиль учун ҳар ойлик ижара тўлови қиймати минимал ставкадан юқори бўлса, солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш керак

Жисмоний шахс ўзининг енгил автомобилини ижарага берди. Шартнома бўйича ижара тўлови суммаси ойига 1 000 000 сўмни ташкил этади. 2024 йил учун белгиланган автомобиль бўйича ижара тўловининг минимал суммаси – 780 000 сўм.

Шартнома бўйича ижара суммаси минимал ставка бўйича ҳисоблаб чиқарилганидан кўплиги боис, ЖШДС шартномада белгиланган ижара тўловидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ижарага берувчи бир ой учун бюджетга тўлаши лозим бўлган солиқ суммаси 120 000 сўмни (1 000 000 х 12%) ташкил этади.

Текин фойдаланишга бериш шартномалари (ссуда шартномалари) бўйича солиқ ҳам шунга ўхшаш тартибда – минимал ставкани ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади, бундан яқин қариндошлар ўртасида тузиладиган шартномалар мустасно (25.12.2023 йилдаги ЎРҚ-886-сон, 8-иловага изоҳ).

 

МИСОЛ. Автомобиль текин фойдаланишга берилганда солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш керак

Корхона бошқа ташкилотга ўзининг юк автомобилини текин фойдаланишга берди.

Мазкур ҳолда ижарага берувчининг солиқлари ҳатто ҳақиқатда ижарага берувчи ушбу пулни олмаган бўлса ҳам, юк автомобили учун ижара тўловининг минмал ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади – ойига 1 550 000 сўм.

 

Шартномани ҳисобга қўйиш тартиби:

1) ижарага берувчи ижара ёки текин фойдаланишга бериш шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай у тўғрисидаги ахборотни ijara.soliq.uzга киритиши керак (Маъмурий регламент 7-б., 2.04.2022 йилдаги 150-сон ВМҚга 1-илова).

2) ижарага олувчи 5 кун мобайнида рўйхатдан ўтказилган шартномани тасдиқлаши керак. Ижарага берувчи томонидан киритилган маълумотларда хатолар ёки ноаниқликлар аниқланган тақдирда ижарага олувчи хатолар тузатилгунга қадар рўйхатдан ўтказишни рад этиши мумкин.

Агар ижарага олувчи белгиланган муддатда шартномани рўйхатдан ўтказишни тасдиқламаса, шартнома ҳисобга қўйилмаган ҳисобланади (Маъмурий регламент 10-б., 2.04.2022 йилдаги 150-сон ВМҚга 1-илова). Бу ҳолда шартномани рўйхатдан ўтказишни қайтадан амалга оширишга тўғри келади;

3) солиқ органлари ijara.soliq.uz тизимида QR-коди мавжуд Кўчмас мулк шартномасини ҳисобга қўйиш тўғрисидаги гувоҳномани электрон шаклда шакллантиради (Маъмурий регламент 11-б., 2.04.2022 йилдаги 150-сон ВМҚга 1-илова). 2 ва ундан ортиқ автомобилини ижарага берувчи юридик ва жисмоний шахсларга ҳар бир шартнома бўйича алоҳида гувоҳнома берилади. Гувоҳномани ijara.soliq.uz да ва SoliqUz мобиль иловасида юклаб олиш ва ундан фойдаланиш мумкин.

 

ijara.soliq.uz сайтида автомобиллар ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш сервисида қандай ишлаш керак

Ҳисобга қўйиш қоидалари ижарага олувчининг резидентлигига боғлиқ.

 

Резидентлар ўртасидаги ижара шартномасини ҳисобга қўйиш

Агар сиз ижарага берувчи бўлсангиз:

1) ijara.soliq.uz га ЭРИси ёрдамида киринг;

2) «Транспорт воситалари ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш»га – сайтнинг бош саҳифасидаги тугмага босинг;

3) Бош саҳифадан тегишли менюга ўтганингиздан сўнг – «Транспорт воситалари ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш»га босинг;

4) «Ижарага берувчи тўғрисида ахборот» бўлими автоматик тарзда тўлдирилади. Қўлда ҳақиқатда жойлашган манзилни ёзиб, ахборотни тўлдириш мумкин. Бунинг учун тегишли таклиф ёнига белги қўйинг ва қўшимча майдонни тўлдиринг;

5) «Ижарага олувчи тўғрисида ахборот» бўлимида унинг ЖШШИР ёки СТИРни кўрсатинг, қолган ахборот автоматик тарзда тўлдирилади. Тақдим этилган маълумотларни ҳақиқатда яшаш жойи манзили билан тўлдириш мумкин. Бунинг учун тегишли таклиф ёнига белги қўйинг ва қўшимча майдонни тўлдиринг;

6) «Ижарага берилган транспорт воситаси» бўлимида устунларни тўлдиринг. Бунинг учун транспорт воситасини кўрсатинг, ижара шартномаси амал қилишининг бошланиш ва тугаш саналарини киритинг, ҳар ойлик тўлов миқдорини (текин/пулли) суммада ёки БҲМда кўрсатинг;

7) «Юбориш»га босинг.

Агар сиз ижарага олувчи бўлсангиз:

1) ijara.soliq.uz сайтига киринг;

2) «Транспорт воситалари ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш»га – сайтнинг бош саҳифасидаги тугмага босинг;

3) «Ижара шартномалари рўйхати»га босинг;

4) «Кирувчи контрактлар» менюсида «Тасдиқлаш кутилмоқда» жилдида ижарага берувчи томонидан тасдиқлаш учун йўлланган шартномани топасиз.

Уни эътибор билан кўриб чиқинг ва агар хатолар ёки ноаниқликлар бўлса, «Рад этиш»га, ҳаммаси жойида бўлса, «Қабул қилиш»га босинг.

 

Агар ижарага олувчи киритилган ахборотни тасдиқламаса, нима қилиш керак

Агар ижарага олувчи шартномани рад этса, ижарага берувчи хатоларни тузатиши ва ҳужжатни тасдиқлаш учун такроран юбориши лозим.

Агар ижарага олувчи шартномани тасдиқласа, солиқ органи ижара шартномасини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақда электрон гувоҳномани шакллантиради.

 

Агар ижарага олувчи – норезидент бўлса, шартномани ҳисобга қўйиш қоидалари

Барча ахборотни ижарага берувчи киритади, ижарага олувчининг тасдиқлаши талаб қилинмайди.

1. ijara.soliq.uzга ЭРИси ёрдамида киринг.

2. «Транспорт воситалари ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш»га – сайтнинг бош саҳифасидаги тугмага босинг.

3. «Норезидентлар билан ижара шартномалари»га босинг.

4. Ижарага бериладиган транспорт воситасини танланг ва ижара шартномаси бўйича ахборотни тўлдиринг (ижара шартномаси рақами ва у тузилган сана, ижара шартномасининг амал қилиш муддати, ҳар ойлик тўлов қиймати).

5. Ижарага олувчи тўғрисида ахборотни тўлдиринг:

● «Мамлакат» сатрида ижарага олувчи рўйхатдан ўтказилган мамлакатни кўрсатинг;

● «Индивидуал идентификация рақами» сатрида ижарага олувчи рўйхатдан ўтказилган мамлакат СТИРни кўрсатинг;

● «Номи» сатрида ижарага олувчининг фирма номини кўрсатинг.

6. «Юбориш»га босинг.

 

SoliqUz мобиль иловасида автомобиль ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича функционал қандай ишлайди

Ижарага берувчи мақомига эга жисмоний шахслар шартнома тўғрисидаги ахборотни киритишлари, ижарага олувчи мақомига эга бўлганлар – шартномани рўйхатдан ўтказишни тасдиқлашлари, шунингдек улар иштирокидаги барча шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳномага кириш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Бунинг учун:

1) агар сиз SoliqUz мобиль иловасида рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, рўйхатдан ўтинг;

2) «Персонал хизматлар» тоифасида «Мол-мулк ижараси»ни танланг;

3) «Автотранспорт ижараси»га босинг;

4) «Автотранспорт ижарасини расмийлаштириш / Ижарани тасдиқлаш / Ижара шартномалари рўйхати»дан кераклисини танланг;

5) очилган шаклларни юқорида таърифланган тарзда тўлдиринг ва керакли ҳаракатларни бажаринг.

 

Автомобиль ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани қандай кўриш, унга ўзгартиришлар киритиш, муддатидан олдин бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш мумкин

Тайёр Гувоҳномани ijara.soliq.uz да топиш мумкин:

1) ijara.soliq.uz сайтига киринг;

2) «Транспорт воситалари ижараси рўйхати»га босинг;

3) рўйхатдан сизга керакли шартномани топинг. Ўнг менюдаги «Тасдиқланган», «Муддати тугаган» жилдларидан фойдаланишингиз мумкин;

4) «Ҳаракатлар» устунида сиз электрон гувоҳномани топишингиз ва зарурият бўлса, уни юклаб олишингиз мумкин.

Мобиль иловада рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳномага «Ижара шартномалари рўйхати» қўшимча саҳифасида кириш мумкин.

 

Хатони қандай тузатиш керак

Бунинг учун автомобиль мулкдори (ижарага берувчи):

1) ijara.soliq.uz га ўз ЭРИси ёрдамида кириши;

2) «Ижара шартномалари рўйхати», сўнгра «Тасдиқланган» тугмасига босиши лозим. Тақдим этилган рўйхатда ўзгартириш киритиш лозим бўлган шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзувни топиши керак. «Ҳужжатлар» устунида «Кўриш» тугмасига босиш лозим.

Экранда Шартномани рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси очилади, унинг пастида «Ўзгартириш» тугмаси бўлади;

3) Ўзгартириш» тугмасига босиши лозим. Очилган шаклда маълумотларни тўғрисига ўзгартириш лозим;

4) «Тасдиқлаш» тугмасига босиши лозим;

5) ЭРИси паролини киритиши лозим. Экранда «Шартнома ўзгартирилди» хабари пайдо бўлади.

 

Қўшимча келишувни қандай рўйхатдан ўтказиш керак

Агар сиз шартномага қўшимча келишув тузсангиз, ijara.soliq.uzда ўзгартиришлар киритинг:

1) ijara.soliq.uz га ўз ЭРИси ёрдамида киринг;

2) «Ижара шартномалари рўйхати», сўнгра «Тасдиқланган» тугмасига босинг. Тақдим этилган рўйхатда ўзгартириш киритиш лозим бўлган шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзувни топинг. «Ҳужжатлар» устунида «Кўриш» тугмасига босинг.

Экранда Шартномани рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси очилади. Ўнгда панелда «Бекор қилиш» тугмаси бўлади;

3) «Бекор қилиш» тугмасига босинг;

4) шартномани бекор қилиш расмийлаштирилганидан сўнг, автомобиль мулкдори қўшимча келишувни ҳисобга олган ҳолда маълумотларни киритиб, ушбу шартномани янгидан рўйхатдан ўтказиши керак. Ижарага олувчи эса шартномани янгидан рўйхатдан ўтказишни тасдиқлаши лозим бўлади.

 

Шартномани муддатидан олдин бекор қилиш қандай рўйхатдан ўтказилади

Ижарага берувчи қуйидаги ҳолларда кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобдан чиқариши керак (Маъмурий регламент 14-б., 2.04.2022 йилдаги 150-сон ВМҚга 1-илова):

● тарафларнинг келишувига биноан муддатидан олдин бекор қилинганда;

● кўчмас мулк шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилганда;

● қонунчиликда белгиланган тартибда.

Бунинг учун ijara.soliq.uz да Шартномани рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳномани очинг ва «Бекор қилиш» тугмасига босинг.

 

Санжар ХАЙРИТДИНОВ, СҚ департаменти бош давлат солиқ инспектори,

Олег ГАЕВОЙ, «Норма» эксперти.

Прочитано: 78 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика