Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ички қатновдаги поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишда кўрилган зарарни Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2024 йилдаги «Ички қатновдаги поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишда кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 425-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 10.10.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-329-сон қарорига мувофиқ 2025 йил 1 январдан маҳаллий йўналишларда йўловчилар ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш бундан мустасно) Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 январдан юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш хизматлари, юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчилар ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилиши қайд этилган.
Ҳужжат билан Ички қатновдаги поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишда кўрилган зарарни Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланган. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
● ташувчининг ички қатновдаги поездларда йўловчилар ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан кўрган зарарларини ҳисоблаш;
● ушбу зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилишни кўриб чиқиш;
● компенсацияни тўлаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиш.
2025 йил 1 декабргача темир йўл транспорти соҳасида давлат томонидан тартибга солинадиган хизматларга нархни аниқлаш ва тасдиқлаш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда хизмат кўрсатиш сифати ва операцион самарадорликни оширишга қаратилган рағбатлантириш механизмларини (бонус), шунингдек аванс тўловларини киритиш услубиятини қўллаш жорий этилади.
2026 йил 1 июлгача темир йўл транспортида ички йўналишларда қатнайдиган поездлар бўйича давлат буюртмаси асосида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш шартномаларини (Public service agreement) тузиш ва молиялаштириш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бунда 2027 йилдан бошлаб Давлат бюджетидан компенсация маблағлари фақат ички йўналишларда қатнайдиган поездларда йўловчилар ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномалари асосида молиялаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.07.2024 йилдан кучга кирди.
Лола АБДУАЗИМОВА.