Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 19 / Бухгалтерга тавсиялар

Акциз солиғи қандай ҳисобланади

 

Акциз солиғи солинадиган объекти бўлиб нима ҳисобланади

Солиқ тўловчи акциз тўланадиган товарлар билан амалга оширадиган операциялари, айримлари бундан мустасно, солиқ солиш объектининг юзага келишига олиб келади.

Бундай операцияларга қуйидагилар киради (СК 284-м. 1-қ.):

● акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш, шу жумладан айирбошлаш учун бериш:

– товарга бўлган мулк ҳуқуқини бериш;

– гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда, гаровга қўйилган акциз тўланадиган товарларни гаровга қўювчи томонидан бериш;

– акциз тўланадиган товарларни бепул бериш;

– акциз тўланадиган товарларни (хизматларни) меҳнатга ҳақ тўлаш ҳисобидан бериш;

– акциз тўланадиган товарларни дивидендлар тўлаш ҳисобига бериш;

● акциз тўланадиган товарларни юридик шахснинг устав капиталига ҳисса сифатида ёхуд оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шерикнинг (иштирокчининг) ҳиссаси сифатида бериш;

● акциз тўланадиган товарларни иштирокчига (муассисга) у юридик шахс таркибидан чиққан (чиқиб кетган) тақдирда ёхуд юридик шахсда иштирок этиш улуши камайганда ёки юридик шахс томонидан иштирокчидан ушбу юридик шахсда иштирок этиш улуши (улушнинг бир қисми) қайтариб сотиб олинганда иштирокчига бериш;

● акциз тўланадиган товарларни юридик шахс бўлган эмитент томонидан акциядордан ушбу эмитент чиқарган акциялар қайтариб сотиб олинган тақдирда акциядорга бериш;

● акциз тўланадиган товарларни юридик шахснинг тугатилишида акциядорга ёки иштирокчига бериш;

● акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш;

● акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

● акциз тўланадиган товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириш;

● бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилиш ёки улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши, бундан фавқулодда вазиятлар натижасида юзага келган ҳоллар мустасно. Айбдор томонидан товарнинг қиймати суғурта орқали тўланган ёки унинг ўрни қопланган тақдирда, акциз солиғи суғурта орқали тўлаш (ўрнини қоплаш) улушида тўланади.

 

Акциз тўланадиган хизматлар кўрсатиш ҳам акциз солиғи солинадиган ­объект ҳисобланади.

Ушбу ҳолатларнинг аксариятида акциз тўланадиган товарларга бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтади, бироқ бу мажбурий шарт эмас. Масалан, товар тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан жўнатилаётганда айнан жўнатиш пайтида жўнатилган товарга бўлган мулк ҳуқуқи берилмаслиги мумкин. Шунга қарамай бундай операция акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланади.

 

Нималар акциз солиғига тортилмайди

Акциз тўланадиган товарларга доир барча операциялар доим ҳам солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Қуйидагилар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди (СК 284-м. 2-қ.):

1) акциз тўланадиган товарларни экспортга реализация қилиш.

 

Акциз тўланадиган товарлар экспорти қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак (СК 288-м.):

● экспорт қилинадиган товарларни етказиб беришга доир контракт;

● божхона органининг белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;

● божхона органининг товарлар тайинланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;

● чет эллик сотиб олувчи (тўловчи) томонидан экспорт қилинаётган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирма.

Акциз тўланадиган товарлар экспортга комиссионер (ишончли вакил) орқали комиссия (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинган тақдирда экспортни тасдиқлаш учун комитент (топшириқ берувчи) томонидан комиссия шартномаси ёки топшириқ шартномаси қўшимча равишда тақдим этилади.

 

Товарларни чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар, экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан, 180 календарь куни ичида келиб тушмаган тақдирда, товарларни экспортга реализация қилиш миқдори солиқ солиш объекти деб эътироф этилади.

 

2) «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштирилган товарлардан ишлаб чиқарилган, қайта ишлаш маҳсули бўлган акциз тўланадиган товарларни кейинчалик Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиш шарти билан бериш;

 

МИСОЛ. Товарлар Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишланганда тўланадиган акциз солиғи қандай тўланади

Резидент бўлган корхона 1 000 дал вино материалини олиб кириб, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида жойлаштирган.

Вино материалидан 900 дал шиша идишдаги табиий вино ишлаб чиқарилган, шундан 700 дал экспорт режимида олиб чиқилган, 200 дал қайта ишлаш учун тўлов сифатида бошқа компанияга берилган.

Резидент бўлган корхона 1 000 дал вино материалини олиб кириб, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида жойлаштирган.

Вино материалидан 900 дал шиша идишдаги табиий вино ишлаб чиқарилган, шундан 700 дал экспорт режимида олиб чиқилган, 200 дал қайта ишлаш учун тўлов сифатида бошқа компанияга берилган.

Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган вино солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Қайта ишлаш учун тўлов сифатида берилган 200 дал винони реализация қилиш чоғида корхонада акциз солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади.

 

3) ихтисослаштирилган газ таъминоти корхоналари орқали аҳолига суюлтирилган газни маиший эҳтиёжлар учун реализация қилиш;

4) Ўзбекистон божхона ҳудудига қуйидаги акциз тўланадиган товарларни олиб кириш:

– Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда инсонпарварлик ёрдами сифатида;

– давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар орқали хайрия ёрдами мақсадида, шу жумладан техник кўмак кўрсатиш мақсадида;

– агар улар олиб кирилаётганда солиқдан озод этилиши қонунда назарда тутилган бўлса, халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан;

5) акциз тўланадиган товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудига солиқ солинмайдиган товарларни олиб кириш меъёрлари доирасида жисмоний шахслар томонидан олиб кириш;

6) телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари (ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда);

7) ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари.

 

Қайси сана солиқ солинадиган операциялар амалга ошириладиган сана ҳисобланади

Акциз тўланадиган товарларга (хизматларга) доир солиқ солинадиган операциялар амалга оширилган сана товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана сифатида аниқланади (СК 286-м. 1-қ., СК 242-м.).

Товарларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана, худди шундай акциз тўланадиган товарларга (хизматларга) доир солиқ солинадиган операциялар амалга оширилган сана ҳам қуйидаги сана сифатида аниқланади:

● маҳсулот етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактура тақдим этилган;

● товарлар жўнатилган (берилган), агар кўрсатилган сана ҳисобварақ-фактура тақдим этилган санадан олдин келса;

● товарга бўлган мулк ҳуқуқи харидорга ўтказилганда, товарни жўнатиш (бериш) амалга оширилмаган бўлса ҳам;

● хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура ёки бошқа ҳужжат расмийлаштирилганда (имзоланганда). Бу хизмат кўрсатишнинг бошланиши бир ҳисобот (солиқ) даврига, тамомланиши эса бошқа ҳисобот (солиқ) даврига тўғри келадиган хизматларга нисбатан ҳам қўлланилади;

● тегишли ички ҳужжатларга асосан ўз эҳтиёжлари учун акциз тўланадиган товарларни бериш (хизматларни кўрсатиш) амалга оширилганда.

 

МИСОЛ. Гаровга беришда солиқ солинадиган операция амалга оширилган санани қандай аниқлаш керак

Тижорат банки корхонага кредит берган. Корхона ишлаб чиқарган акциз тўланадиган маҳсулот кредит таъминоти бўлиб ҳисобланади.

Бу ҳолда, гаров предмети банкнинг мулки ҳисобланмаслиги сабабли, мулк ҳуқуқи берилмайди, тегишинча, акциз солиғи солинадиган объект юзага келмайди.

Агарда кредит суммаси белгиланган муддатда сўндирилмаса, гаровга қўйилган акциз тўланадиган маҳсулотга бўлган мулк ҳуқуқи мажбуриятни сўндириш ҳисобига гаровга қўювчидан гаров олувчининг ҳисобига ўтади. Тегишинча, гаровга қўювчида мулк ҳуқуқи ўтган санада солиқ солиш объекти юзага келади.

 

Олиб кирилаётган акциз тўланадиган товарлар бўйича солиқ солинадиган операцияларни амалга ошириш санаси уларни божхонанинг импорт тартиб-таомилидан чиқариш санаси ҳисобланади (СК 286-м. 2-қ.).

 

Қандай қилиб солиқ базасини аниқлаш ва акциз солиғини ҳисоблаш керак

Акциз солиғи бўйича солиқ базаси акциз тўланадиган товарга нисбатан солиқ ставкасининг қайси тури белгиланганидан келиб чиқиб аниқланади (СК 285-м.).

 

Мутлақ (қатъий) суммадаги акциз ставкаси

Акциз солиғи ставкаси маҳсулот бирлигига нисбатан қатъий миқдордаги пул суммасида белгиланган бўлса, солиқ базаси акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган физик ҳажмидан (литр, дал, килограмм, тонна, дона ва б.) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Солиқни қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаринг:

Акциз солиғи = Товарларнинг натурада ифодаланган реализация қилиш (бериш) ҳажми х Солиқ ставкаси (сўмда).

 

МИСОЛ. Қатъий белгиланган солиқ ставкасини қандай қўллаш керак

Корхона 2024 йилнинг апрель ойида 1 000 тонна АИ-80 бензинини ишлаб чиқарган ва реализация қилган.

1 тонна учун солиқ ставкаси 340 000 сўм бўлганда солиқ суммаси 340 000 000 сўмни (1 000 х 340 000) ташкил этади.

 

2023 йилдан бошлаб алкоголь (кам алкоголли ичимликлар бундан мустасно) бўйича акциз солиғи алкоголь маҳсулоти таркибидаги этил спиртининг улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда литр (дал ўрнига) ўлчов бирлигига айланди.

 

МИСОЛ. Алкоголь маҳсулоти бўйича акциз солиғини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак

Корхона 2024 йилнинг апрель ойида таркибида этил спирти улуши 40%ни ташкил этадиган 1 000 литр ароқни ишлаб чиқарди ва реализация қилди.

Акциз солиғига тортиладиган товар таркибида бўлган сув қўшилмаган этил спиртининг 1 литри учун 38 000 сўм акциз ставкаси қўлланилган ҳолда 1 литр ароқнинг солиқ ставкаси 15 200 сўмни ташкил этади (38 000 х 40%) (МВнинг 30.12.2022 йилдаги 06/04-32/4304-сон Ахборот хабари).

Ароқнинг барча ҳажми учун акциз солиғининг суммаси қуйидагини ташкил этади: 1 000 х 15 200 = 15 200 000 сўм.

 

2024 йил 1 апрелдан бошлаб акциз солиғи қўйидагилар учун жорий этилди (СК 289-3 м. 1-қ. 7-б.):

● таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган ва истеъмол ўрамига қадоқланган газланган ичимликлар (энергетик ва тетиклаштирувчи (тоник) ичимликлар бундан мустасно);

● энергетик ва тетиклаштирувчи (тоник) ичимликлар.

 

МИСОЛ. Газланган ичимликлар учун акциз солиғини қандай ҳисоблаш керак

2024 йил апрель ойида компания томонидан таркибида шакар бўлган ва истеъмол ўрамига қадоқланган 10 000 литр газланган ичимликлар ишлаб чиқарилди ва сотилди.

Акциз солиғининг ставкаси 500 сўм бўлган ҳолда. 1 литр учун барча ичимликлар ҳажми учун акциз солиғининг миқдори қуйидагича бўлади:

10 000 х 500 = 5 000 000 сўм.

 

Фоизларда (адвалор) белгиланган акциз ставкаси

Ишлаб чиқарилаётган акциз тўланадиган товарлар қийматига солиқ ставкалари фоизларда белгиланган бўлса, реализация қилинган (берилган) акциз тўланадиган товарларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати солиқ базаси ҳисобланади.

Солиқни қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаринг:

Акциз солиғи = Реализация қилинган товарларнинг ҚҚС ва акциз ҳисобга олинмаган қиймати (сўмда) х
Солиқ ставкаси (фоизларда).

МИСОЛ. Адвалор солиқ ставкасини қандай қўллаш керак

Корхона бир тоннасининг қиймати 10 млн сўмга тенг бўлган (ҚҚС ва акцизсиз) 20 тонна полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарган ва реализация қилган.

Солиқ ставкаси – 10%. Акциз солиғи суммаси 20 млн сўмни (10 млн х 20 х 10%) ташкил этади.

 

Аралаш ставка

Аралаш ставка қатъий белгиланган ва адвалор ставкалардан иборат. Аралаш ставкалар икки хил усулга асосланиб қўлланади, бунда солиқ базаси қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

● акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган ҳажмидан ёки акциз тўланадиган товарларнинг божхона қийматидан. Бу ҳолда солиқ суммаси қатъий белгиланган солиқ ставкасини қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган суммадан кам бўлиши мумкин эмас;

● акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган ҳажмидан ва акциз тўланадиган товарларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган божхона қийматидан.

Биринчи усул бўйича:

● солиқ суммасини фоизларда белгиланган ставка бўйича ҳисоблаб чиқаринг;

● солиқ суммасини қатъий суммадаги ставка бўйича ҳисоблаб чиқаринг;

● олинган суммаларни солиштириб, кўпроқ бўлган суммани тўланг.

 

МИСОЛ. Биринчи усул бўйича аралаш солиқ ставкасини қўллаш

Корхона 2024 йилнинг апрель ойида 1 000 литр пиво импорт қилган, унинг божхона қиймати 20 млн сўмни ташкил этади. Пиво учун солиқ ставкаси – 50%, бироқ бир литри учун 12 800 сўмдан кам эмас.

Солиқ суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

● адвалор ставка бўйича (50%) – 10 000 000 сўм (20 000 000 х 50%);

● қатъий белгиланган ставка бўйича – 12 200 000 сўм (1 000 х 12 200).

Қатъий белгиланган ставка бўйича акциз адвалор ставкадаги суммадан кўп бўлгани учун импорт қилувчи 12 200 000 сўм тўлайди.

Иккинчи усул бўйича:

● солиқ суммасини қатъий суммадаги ставка бўйича ҳисоблаб чиқаринг;

● солиқ суммасини фоизларда белгиланган ставка бўйича ҳисоблаб чиқаринг;

● қатъий ставка бўйича ва фоизларда белгиланган ставка бўйича солиқ суммаларининг йиғиндисини аниқланг. Олинган суммани тўланг.

 

МИСОЛ. Иккинчи усул бўйича аралаш солиқ ставкасини қандай қўллаш керак

Корхона 2024 йилнинг апрель ойида 500 қутига солинган 10 000 сигарета ишлаб чиқарган ва реализация қилган, уларнинг қиймати 2 000 000 сўмни ташкил қилган.

Белгиланган ставка – 1 000 донаси учун 250 700 сўм + 10%.

Қатъий белгиланган ставка бўйича солиқ суммаси 2 507 000 сўмни (10 000 / 1 000 х 250 700) ташкил этади. Фоизларда (адвалор) белгиланган ставка бўйича солиқ суммаси 200 000 сўмни (2 000 000 х 10%) ташкил этади.

Тўланадиган солиқ суммаси қатъий белгиланган ва адвалор ставкалар бўйича солиқ суммасига тенг: 2 707 000 сўм (2 507 000 + 200 000).

 

Айрим ҳолларда солиқ базасини аниқлаш ва акциз солиғини ҳисоб-китоб қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

1. Акциз тўланадиган товарларни жисмоний шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш, ҳисоблаб чиқарилган дивидендлар ҳисобига, бепул ёки бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаш учун беришга доир операциялар.

Бундай ҳолларда солиқ базаси қуйидагича аниқланади (СК 285-м.):

акциз солиғи ставкаси маҳсулот бирлигига қатъий суммада белгиланган бўлса, солиқ базаси акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган физик ҳажмидан (литр, килограмм, тонна, дона ва б.) келиб чиққан ҳолда аниқланади;

ишлаб чиқарилаётган акциз тўланадиган товарлар қийматига солиқ ставкалари фоизларда белгиланган бўлса, реализация қилинган (берилган) акциз тўланадиган товарларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати солиқ базаси ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Акциз тўланадиган товарлар таннархидан паст нархда берилганда акциз солиғини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак

Корхона муассислар билан келишилган нархи 180 минг сўм бўлган акциз тўланадиган товарларни дивидендларни тўлаш ҳисобига берган.

Товарларнинг таннархи – 200 минг сўм.

Ушбу товарлар бўйича акциз ставкаси уларнинг қийматига фоизларда белгиланган.

Товарлар таннархидан паст нархда берилганлиги сабабли солиқ таннархдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

 

2. Маҳсулот қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашёдан ишлаб чиқарилган. Фоиз ставкалари белгиланган акциз тўланадиган товарлар бўйича солиқ базаси товарларни ишлаб чиқаришга доир ишларнинг қийматини ҳамда қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг қийматини ўз ичига олади.

 

МИСОЛ. Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашёдан акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқаришда солиқ базасини қандай аниқлаш керак

Корхона полиэтилен гранулалар ишлаб чиқариш бўйича хизматлар кўрсатади.

Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашё қиймати – 210 млн сўм.

Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган материални қайта ишлаш бўйича ишларнинг қиймати – 30 млн сўм.

Акциз солиғини ҳисоб-китоб қилиш учун солиқ базаси 240 млн сўмни (210 + 30) ташкил этади.

 

3. Кўрсатилган акциз тўланадиган хизматларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати акциз тўланадиган хизматлар бўйича солиқ базаси ҳисобланади. Мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 10% миқдорида белгиланган (СК 289 3-м. 1-қ. 5-б.).

4. Бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ якуний истеъмолчиларга реализация қилинаётган бўлса, реализация қилинган ва шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланилган бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг натурада ифодаланган ҳажми солиқ базаси ҳисобланади.

Бензин, дизель ёқилғиси автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали, газ эса газ тўлдириш шохобчалари (пунктлари) орқали реализация қилинганда акциз солиғи 1 литр ҳисобидан, қолган ҳолларда эса – 1 тонна ҳисобидан келиб чиқиб аниқланади.

 

МИСОЛ. Дизель ёқилғиси бўйича акциз солиғини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак

Корхона 2024 йилнинг апрель ойида якуний истеъмолчига 50 тонна дизель ёқилғисини реализация қилган. Солиқ ставкаси – 1 тонна учун 578 000 сўм.

Акциз солиғи 28 900 000 сўмга (50 х 578 000) тенг.

 

Азиз ҲОШИМОВ, солиқлар бўйича эксперт,

Жорилла АБДУЛЛАЕВ, «Норма» эксперти.

Прочитано: 180 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика