Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 19 / Мутахассислар тушунтиради

Солиқ низолари қандай тартибга солинади

 

Сиз солиқ тўловчи сифатида қўйилган жаримага рози эмассиз ҳамда сизга жарималар ноқонуний қўйилган, ҳисоб-китоб счёти бўйича операциялар асоссиз тўхтатиб қўйилган ёки солиқ чегирмаси асоссиз рад этилганлигидан норозисиз. Бундай низоларни судгача ҳал қилиш тартибида ҳал қилиш осонроқдир.

 

Мисол учун, текширув натижалари бўйича солиқ органи 138 млн сўм миқдорида солиқлар, пенялар ва жарималарни қўшимча ҳисоблашга қарор қилди. Корхонага ҚҚС бўйича солиқ чегирмалари ва фойда солиғи бўйича харажатларни ҳисобга олишда солиқ органи томонидан қуйидаги ­эътирозлар мавжуд:

● бир кунлик компания белгиларига эга бўлган контрагентлар билан хўжалик операцияларининг мавжудлиги;

● қалбаки ҳужжатларнинг айланиши;

● битимлар ҳақиқийлигининг белгилари мавжуд эмаслиги.

Компания мустақил равишда солиқ низосини қўзғади. Бош бухгалтер солиқ маслаҳатчиси ва адвокат билан ўтказилган текшириш ҳужжатларини ва солиқ органининг текширув далолатномасининг асосланганлигини ўрганиб чиқдилар. Битимларнинг ҳақиқийлигини бирламчи ҳужжатлар, корхонанинг товарлар олиб чиқиб кетилган назорат-ўтказиш пунктидаги машиналар рақамларининг ёзувлари, ушбу машиналар ҳайдовчиларининг кўрсатмалари кўринишидаги қўшимча далилларни тўпладилар, харажатларнинг асосланганлиги ҳақиқийлигини кўрсатган ҳолда, ёзма эътирозномани тайёрладилар.

Ҳудудий солиқ органи ҳужжатлар ва эътирозларни ўрганиб чиқиб ташкилотнинг вакилларини тинглади, машиналар ҳайдовчилари билан суҳбат ўтказди, шундан сўнг солиқ тўловчининг тақдим қилинган даъволарини бир қисмини асоссизлиги ҳақидаги важларига рози бўлиб, қўшимча ҳисобланган сумманинг 75%идан воз кечди.

Лекин солиқ тўловчи айбловларнинг қисман олиб ташланиши билан рози бўлмади. Шунинг учун юқори турувчи солиқ органига шикоят юборилди ва текширилаётган солиқ тўловчининг ҳақлилигини исботловчи барча ҳужжатлар илова қилинди. Юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоятни кўриб чиқиш якунлари бўйича ҳудудий солиқ органининг қарори тўлиқ бекор қилинган. Бунда корхона судгача низоларни ҳал қилиш босқичида муаммоларни ҳал қилишга, ўз активларини ҳимоя қилиш ва давлат божларини ва суд харажатларини тўламасликка муваффақ бўлди.

Кўриб турганимиздек, солиқ ишлари бўйича низоларни судга мурожаат қилмасдан ҳал қилиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, норматив хусусиятга эга бўлмаган солиқ органлари мансабдор шахсларининг солиқ тўловчининг манфаатларига тааллуқли бўлган исталган ҳаракатлари ва ҳужжатлари шикоят қилиниши мумкин (СК 230-м. 1-қ.). Солиқ қонунчилиги бундай низоларни судгача ёки суд тартибида ҳал қилишни назарда тутади.

 

Норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат – аниқ шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи, ўзгартирувчи ва бекор қилувчи ва бир марта қўллашга мўлжалланган ҳуқуқий ҳужжат.

 

Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёки идоравий норматив ҳужжатларга мувофиқ тузилган, солиқ органларининг бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилган, юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга ундовчи кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжат солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати деб эътироф этилади (СК 230-м. 2-қ.).

 

Бухгалтер учун солиқ низоларини ҳал қилишнинг асосий қийинчилиги ва ўзига хос хусусияти шундаки, муаммонинг томонларидан бири ҳар доим давлат – солиқ органи кўринишида бўлади. Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳамда айбдорлилик тўғрисида далолат берувчи ҳолатларни исботлаш юки солиқ органи зиммасига тушишига қарамай, солиқ органининг давлат манфаатларини ифода этиши бухгалтер учун ҳам ва умуман корхона учун ҳам бутун жараённи мураккаблаштиради. Шунинг учун бундай низоларда, агар масала мураккаб бўлса, солиқ маслаҳатчилари ва солиқ қонунчилигига ихтисослашган малакали ҳуқуқшуносларни жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Солиқ органлари томонидан қўзғатилган низолар кўпинча солиқларни тўламаслик, тўлиқ тўламаслик ёки тўлаш муддатларини бузиш, шунингдек солиқ базасини нотўғри аниқлаш, камроқ ҳолларда имтиёзлар ва турли хил преференцияларни тўғри қўллаш билан боғлиқ. Тадбиркорлик субъектлари солиқ тўловчилар сифатида солиқ низоларини қўзғатиш учун анча кўпроқ асосларга эга.

Амалиётда, солиқ тўловчилар қоида тариқасида қуйидагиларни сўрайдилар:

● норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳаракатини қонунга хилоф деб топишни;

● солиқлар, жарималар ва пеняларни тўлаш тўғрисида чиқарилган қарорни бекор қилишни;

● солиқ органларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишни;

● ноқонуний текшириш ёки текшириш ўтказиш тартибини бузиш билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни;

● тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун солиқ органларининг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортишни.

Шу тариқа, солиқ тўловчилар ҳам, солиқ органлари ҳам низо қўзғатишлари мумкин.

 

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш қачон мажбурий ҳисобланади

Биринчидан, судгача ҳал қилишни мажбурий талаб қиладиган низо турлари мавжуд. Бусиз қонун сизга судга мурожаат қилишга имконият бермайди. Шундай қилиб, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади (СК 231-м. 4-қ.). Иккинчидан, судгача бўлган тартибда қарор устидан шикоят қилиш тартиби низони ҳал қилиш муддатини кечиктиришига қарамай, низони юқори турувчи солиқ органига мурожаат қилган ҳолда ҳал қилиш мумкин. Аммо молиявий харажатлар нуқтаи назаридан бундай усул тежамлироқ. Ва фақатгина агар масалани солиқ органлари доирасида ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, судга мурожаат қилинг.

Солиқ тўловчи учун солиқ низоларини судгача ҳал қилиш ўзининг қуйидаги афзалликларига эга:

● шикоятни кўриб чиқиш муддатларининг қисқалиги. Шикоят беришингиз мумкин бўлган юқори турувчи орган сизнинг аризангизни шикоятнинг моҳиятига қараб икки ҳафтадан бир ярим ойгача бўлган муддатда кўриб чиқиши шарт, судда эса кўриб чиқиш муддати узоқроқ вақт давом этиши мумкин;

● шикоят қилиш жараёнининг соддалиги. Сиз шунчаки эътирозларнинг моҳиятини малакали баён қилишингиз ҳамда қайси органнинг қарори ёки хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилаётган бўлсангиз, ўша органга шикоятни юборишингиз керак. Солиқ органининг ўзи барча ҳужжатларни тўплаши, шикоятга илова қилиб, юқори органга юбориши лозим;

● давлат божлари ва суд харажатлари мавжуд эмаслиги. Шикоятни юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилганлиги учун на давлат божи, на бошқа йиғим ундирилмайди. Суд жараёни эса молиявий нуқтаи назардан ҳар доим қимматроқдир. Судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлаш керак. Суд жараёнида албатта адвокат билан бирга иштирок этиш яхшироқдир, сабаби у нафақат солиқ қонунчилиги, балки процессуал ҳуқуқ соҳасида ҳам мутахассисдир, бу эса қўшимча харажатлардир. Судда ишни кўриб чиқиш тартибининг ўзи ҳам анча машаққатли (судьяларнинг иш юкламаси, ишни тинглашга тайёргарлик кўришнинг мураккаб жараёни, суд мажлиси бошланишини кутиш, суд мажлисини қайта-қайта кечиктириш ва бошқалар).

 

Солиқ низоларини тартибга солишнинг судгача ҳал қилиш тартиби босқичлари

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартибини бир неча босқичларга бўлиш мумкин:

● аризачи томонидан қарори устидан шикоят қилинаётган солиқ органига шикоят юбориш. Бундай жараён сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари устидан шикоят қилинган тақдирда мажбурийдир (СК 232-м.). Бошқа ҳолларда, шикоятни қайси солиқ органининг қарори ёки ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётган бўлса, ўша солиқ органини мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда бевосита юқори турувчи солиқ органига берилиши мумкин (СК 231-м.);

● қарори устидан шикоят қилинаётган солиқ органи томонидан келиб тушган шикоятни барча материаллар билан бирга юқори солиқ органига у олинган кундан бошлаб 3 кун ичида юбориш (СК 232-м.);

● агар шикоят кўриб чиқилмаган бўлса, шикоятчига хабар бериш. Бу ҳақдаги қарор 5 кун ичида қабул қилинади ва 3 кун ичида солиқ тўловчига юборилади.

 

Солиқ низоси бўйича шикоятнинг тайёрланиши ва кўриб чиқилиши

Шикоятнинг шакли ва мазмунига муайян талаблар қўйилади, уларга риоя қилмаслик уни қабул қилишни рад этишга олиб келади.

Шикоят ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар солиқ органига ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин (СК 233-м.). Шикоят уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади, унинг вакиллиги лозим даражада расмийлаштирилган ва ҳужжатлар пакетига ишончнома нусхаси илова қилинган бўлиши лозим.

Шикоят қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим (СК 233-м.):

● жисмоний шахснинг Ф.И.Ш. ҳамда яшаш жойи ёки шикоят бераётган юридик шахснинг номи ва манзили;

● солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилаётган шикоят;

● солиқ органининг номи, норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат, устидан шикоят берилаётган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

● шикоят бераётган шахс ўзининг ҳуқуқлари қайси асосларга кўра бузилган деб ҳисобласа, ўша асослар;

● шикоят бераётган шахснинг аниқ баён этилган талаблари;

● аризачи шикоятда ҳавола қилаётган барча ҳужжатлар билан бирга илова.

Солиқ органи шикоятни моҳияти бўйича кўриб чиқади ва қуйидаги муддатлардан кечиктирмай у бўйича якуний қарорни қабул қилади (СК 235-м.):

● бир ойдан, агар сайёр текширув ёки солиқ аудити натижаларига кўра қарор устидан шикоят қилинаётган бўлса, муддатни 15 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга қўшимча равишда узайтириш имконияти билан;

15 кундан, қолган барча ҳолларда муддатни 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган қўшимча узайтириш имконияти билан.

Солиқ низоларини ҳал қилиш қуйидаги эҳтимолий вариантларнинг бири билан якунланади (СК 235-м.):

● шикоят қаноатлантирмасдан қолдирилади;

● солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати бекор қилинади;

● солиқ органининг қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинади;

● солиқ органининг қарори тўлиқ бекор қилинади ва иш юзасидан янги қарор қабул қилинади;

● солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ноқонуний деб эътироф этилади ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқарилади.

Агар юқори турувчи солиқ органининг қарори сизни қониқтирмаса, у ҳолда ушбу баҳсли масала билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Юқори турувчи солиқ органи, агар қуйидагиларни аниқлаган бўлса, шикоятни кўрмасдан қолдиради (СК 234-м.):

● шикоят шикоятни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланмаган бўлса ёхуд вакилнинг шикоятни имзолаш учун ваколатларини тасдиқловчи белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;

● шикоятни бериш учун назарда тутилган муддати тугаганидан кейин берилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олмаган бўлса ёки ушбу илтимоснома рад этилган бўлса;

● шикоят бўйича қарор қабул қилинишига қадар шикоятни берган шахс номидан шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза келиб тушган бўлса;

● илгари айнан шу асослар бўйича шикоят берилган бўлса;

● шикоят солиқ органининг илгари шикоят қилиб бўлинган қарори устидан берилган бўлса;

● шикоят белгиланган тартибни бузилган ҳолда берилган бўлса (СК 232-м.);

● шикоят талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаган бўлса (СК 233-м.);

● шикоят қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки солиқ тўловчи судга шикоят масаласи бўйича мурожаат қилганда берилган бўлса.

шикоятни қўриб чиқиш учун тайёрлаш. Тайёрлаш доирасида солиқ органи ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра шикоятни эшитишни ташкил қилиши мумкин (СК 235-м.);

● зарурат бўлганда солиқ тўловчи томонидан қўшимча материаллар ёки ҳужжатларни нима сабабдан буни аввал амалга оширмаганлиги сабабини мажбурий тушунтирган ҳолда тақдим қилиш (СК 235-м. 5-қ.);

● солиқ органи томонидан шикоятни кўриб чиқилиши ва у бўйича асосланган қарорни қабул қилиниши (СК 235-м.);

● қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кун муддатда қабул қилинган қарор тўғрисида аризачини хабардор қилиш (СК 235-м.).

 

Гулнора НИЗАМУТДИНОВА, Солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи,

Альберт САФИН, «Норма» эксперти.

Прочитано: 174 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика