Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 10 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Рақамли технологиялар соҳасида замонавий билимлар олишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда фаолият юритувчи ёш кадрларнинг хорижий тилларни билиш кўникмаларини ошириш, меҳнат бозорида IT-хизматлар экспорти соҳасида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Белгилансинки, 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси бундай ташкилотга ишга жойлашган ҳолларда эса 105 бараваригача бир марталик субсидия (кейинги ўринларда – субсидия) ажратиш тизимини назарда тутувчи дастур (кейинги ўринларда – Дастур);

халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби;

инглиз тилини билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

2. Белгилаб қўйилсинки:

субсидия битирувчиси IT-хизматлар экспорти соҳасида талаб юқори бўлган ўқув йўналишлари бўйича таҳсил олган ҳамда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда – IT-парк) резиденти мақомига эга бўлган IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларга ишга қабул қилинган нодавлат таълим ташкилотларига ўрнатиладиган мезонларга мувофиқ ажратилади;

субсидия олиш ҳамда халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ва ушбу сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – Ягона портал) орқали бепул кўрсатилади;

нодавлат таълим ташкилотларининг ўқувчиларини рўйхатга олиш, Ягона портал орқали келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ жараёнлар Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизими орқали амалга оширилади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ҳар бир битирувчи учун ажратиладиган субсидия Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини ва инглиз тилини билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Рақамли технологиялар вазирлиги:

икки ҳафта муддатда соҳада талаб юқори бўлган йўналишларни таҳлил қилиб, субсидия тақдим этиладиган ўқув йўналишлари рўйхатини тасдиқласин ҳамда IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотлар эҳтиёжлари асосида мунтазам равишда янгилаб борсин;

бир ой муддатда Дастур доирасида нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш ҳамда ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари Ягона портал орқали кўрсатилиши ҳамда унинг ҳар бир босқичида ариза берувчиларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин;

2025 йил 1 январга қадар Дастурни амалга оширишнинг натижадорлиги ва самарадорлиги бўйича ўрганишлар ўтказиб, шу жумладан, уни IT-хизматларни экспорт қилувчи ­IT-парк резиденти мақомига эга бўлмаган бошқа ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан молиялаштирилишини инобатга олсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарорларини қабул қилсин:

битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларга ишга жойлашган нодавлат таълим ташкилотларига ажратиладиган субсидия миқдорларини тасдиқлаш;

субсидия олиш учун нодавлат таълим ташкилотлари ва уларнинг битирувчиларига қўйиладиган талабларни белгилаш;

халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларини қоплаш миқдорларини тасдиқлаш;

субсидия ажратиш ва халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича вазифаларни амалга оширувчи масъул ваколатли органни белгилаш;

Дастур доирасида нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш ҳамда ёшларнинг халқаро ­IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 162-сон қарори 9-бандининг «б» кичик бандидаги «2023 йил 1 октябрдан» сўзлари «2024 йил 1 мартдан» сўзлари билан алмаштирилсин.

8. Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда:

вазирликнинг махсус ахборот тизими ҳамда расмий веб-сайтида Дастур доирасида республика ва ҳудудлар кесимида нодавлат таълим ташкилотларининг онлайн тарзда янгилаб бориладиган рейтинги шакллантирилишини назарда тутувчи модулни ишга туширсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб рақамли технологиялар вазири Ш.Х.Шерматов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 1 февраль

ПҚ-51-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.02.2024 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 74 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика