Norma.uz

Қўриқчи «икки кунда бир» режимида ишлаши мумкинми

 

Ташкилотда бир нафар қўриқчи бор. У билан смена алмашгани бошқа ташкилотлардан қўриқчилар келади. Қўриқчининг иш вақти эрталаб соат 8 дан эртаси куни соат 8 гача, яъни кунига – 24 соат. Кейин – 2 кун дам олинади. Яъни, ишга икки кунда бир борилади. Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида ҳақиқатда ишлаб берилган вақт – 16 соат ва 8 соатни қўямиз. Агар қўриқчининг сменаси эрталабки 8 дан эртаси куни 8 гача давом этса, иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида унинг иш кунларини қандай қилиб тўғри кўрсатиш мумкин? 

 

– Кечаю кундуз режимидаги иш (3 киши, икки кунда бир) ва корхонада белгиланган 24 соатлик иш режими амалдаги қонунчиликка зиддир.

Корхонада иш вақти режими ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа ички норматив ҳужжатлар билан, улар йўқ бўлганда эса меҳнат шартномаси билан белгиланади (МК 191-м. 3-қ.). Бироқ ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги ўн икки соатдан ошмаслиги керак (МК 192-м. 3-қ.). Иш режимини қайта кўриб чиқишни, уни МК нормаларига мувофиқлаштиришни тавсия қиламиз.

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини юритишга келсак, амалдаги қонунчиликда иш вақти ҳисобга олинадиган ҳужжатлар тури ва мазмунига талаблар мавжуд эмас. Одатда бу мақсадда иш вақтини ҳисобга олиш жадваллари (журналлар, карточкалар) қўлланилади. Улар ҳар куни, бошқа маълум даврийликда ҳам расмийлаштирилиши мумкин (ҳафтасига 1 марта, ўн кун, ой ва бошқалар). Бу аниқ ходимларга нисбатан қўлланиладиган иш вақти режимига боғлиқ.

Қоида тариқасида, қўриқлаш хизмати учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланилади (МК 199-м.).

 

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини қандай юритиш керак

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвали корхонада белгиланганидек иш сменалари жадвалига мувофиқ ҳақиқатда ишлаб берилган вақт бўйича юритилади.

Ой бошланишидан (ҳисобот даври) олдин иш берувчи ходимларнинг иш тартибини сменали иш жадвали билан тасдиқлайди. Унда – кундузги ва тунги сменаларнинг бошланиш ва тугаш вақтини кўрсатади.

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида ходимнинг сменада ишлаб берилган соатларнинг ҳақиқий сони кўрсатилади. Кундузги ва тунги сменалар учун алоҳида иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини юритиш мумкин. Шунингдек, иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида суткани кундузги ва тунги қисмларга бўлиш мумкин. 22.00 дан 06.00 гача ишлаб берилган тунги вақт учун (МК 188-м.) ходимга камида 1,5 баравар миқдорида тўлаш керак (МК 264-м.).

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида иш куни (смена) давомида ҳақиқатда ишлаб берилган соатларни кўрсатинг. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар иш вақтига киритилмайди (МК 204-м. 1-қ.).

Белгиланган иш вақти (иш вақтидан ташқари иш) давомийлигидан ташқари иш, шунингдек дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МК 262-м. 1-қ.).

 

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишнинг асосий талаблари:

1 Иш кунининг (сменанинг) давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак (МК 199-м. 2-қ.). Жорий иш кунининг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги дам олиш давомийлиги ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 206-м.).

 

2 Бир ҳафта, ой ёки бошқа календарь давр учун ишлаб берилган вақтнинг давомийлиги ходим учун ушбу даврга белгиланган иш вақти меъёридан ошмаслиги керак.

Иш вақти меъёри ҳар йили Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади (2024 йил учун – 25.12.2023 й. 01/00-03/15-13037-сон).

 

3

Албатта иш соатлари сони кўрсатилган иш жадвалини (сменаларни) тузиш керак, чунки ҳисобот даври давомида иш кунлари ва дам олиш кунлари сони, шунингдек ҳар кунги ишнинг давомийлиги ўзгаради.

 

Узлуксиз ишлаб чиқаришда

Кечаю кундуз ишловчи қўриқлаш хизматининг ишини, мисол учун, 3 нафар эмас, 4 нафар (бригада) ходим билан ташкил қилишни тавсия қиламиз.

Ҳар бир ходим (ёки бригада) 12 соатдан ишлайди (шу жумладан овқатланиш учун 1 соатлик танаффусни қўшганда). Шундай қилиб, ҳар бир иш сменаси 11 соатни, суткасига – 22 соатни, ойига – 660 соатни ташкил қилади, бу 4 нафар ходим (бригада) ўртасида тақсимланади. Ойига ҳар бир ходим (бригада) ўртача: 660 / 4 = 165 соат ишлайди, бу қонунга зид эмас.

Ишлаб чиқариш шароитларига кўра дам олиш ва овқатланиш учун танаффус қилишнинг иложи бўлмаган ишларда (масалан, сменада битта қўриқчи бўлса), иш берувчи ходимга иш вақтида овқатланиш имкониятини беришга мажбурдир. Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади (МК 204-м. 6-қ.).

3 нафар қўриқчи билан мисолда – ҳар бири ўртача ойига 220 соат ишлаб беришига тўғри келади, бу иш вақти меъёридан ҳар бир ходим учун ўртача 50 соатга ошади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Иш сменасининг давомийлиги ўн икки соат бўлганида, шунингдек меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта хавфли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди (МК 189-м. 9-қ.).

 

Бундай қайта ишлаш нафақат қонунга зид, балки ишдан ташқари иш учун ходимга камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўлашга мажбур иш берувчига ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдасиз (МК 262-м.).

Ишни тўғри ташкил қилиш орқали иш берувчи, бир томондан, қўшимча иш ўринларини тақдим қилади, бошқа томондан, «иш вақтидан ташқари иш» учун тўламайди.

 

 

Прочитано: 381 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика