Кўп квартирали уй эгаси қизининг тўйидан олдин йўлакни ўз ҳисобидан таъмирлади. У қўшнилари харажатларининг бир қисмини қоплашига умид қилган эди, бироқ улар билан олдиндан бу масалани келишиб олмади. Қўшнилар бундай қилишни хоҳлашмади, улар таъмирлаш зарурати бўлмаганлигини айтишди. Вақт ўтиб, жой эгаси БКдан йўлакни таъмирлаш учун сарфланган маблағларни қоплашни талаб қилди, бироқ бошқарувчилар унга рад жавобини бердилар. Бу асосланмаган харажатлар, ишлар режасига киритилмаган, сметада ҳисобланмаган деб изоҳлашди, уларнинг уйида айни пайтда йўлакни таъмирлаш биринчи навбатдаги зарурат бўлмаган. Тўрт қаватли уйда таъмирталаб бўлган бошқа, янада муҳим ишлар турганлиги айтишди. Маблағларни бошқа ишларга йўналтириш уларнинг бажарилишини хавф остига қўяди. Бироқ жой мулкдори БК устидан турли инстанцияларга шикоят қилишни бошлади. Бундай ҳолатларда бошқарувчилар харажатларни қоплаши лозимми? Бу масала қонунчиликда қандай тартибга солинади?
– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида белгиланишича, бошқа мулкдорларнинг розилигисиз мулкдорлардан бири томонидан, бошқарув органи ёхуд бошқа шахс томонидан амалга оширилган асосланмаган харажатларнинг ўрни қопланмайди. Бунда юзага келадиган низолар суд тартибида ҳал қилинади.
Айрим ҳолатларда ККУ мулкдорларининг умумий йиғилиши мулкдорларнинг умумий харажатлардаги бошқа турдаги иштирокларига мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг бир қисмини пул шаклидаги ҳиссаларини алмаштириш тўғрисидаги қарорни ариза берувчининг ёзма билдиришномасига ва умумий йиғилишнинг баённомасига асосан қабул қилиши мумкин. Бироқ бу уй аҳлининг бошига тушадиган иккинчи даражали иш бўлмаслиги, балки уй учун зарурий бўлган, жорий ёки келгуси йилда режалаштирилган ишлар ёхуд авария туфайли белгиланган ишлар бўлиши лозим. Ушбу вариант ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши ва бошқарув органи раҳбари томонидан тасдиқланиши лозим. Мазкур ҳолатда БК жой эгасига асосланмаган харажатларни қоплаб беришга мажбур эмас.