Кўп квартирали уйдаги нотурар жой эгаси ҳисобланамиз. Умумий мол-мулкка хизмат кўрсатилиши учун тўлов миқдори турар жой эгаларига қараганда биз учун деярли уч баравар юқори қилиб белгиланган. Биз лифтдан фойдаланмаймиз, кириш жойимиз алоҳида, офисимиз ёнидаги ҳудудни тозалаймиз, умумий мол-мулкнинг енгил таъмирланишини ўз ҳисобимиздан ўтказамиз, кўчатлар ўтқазамиз, гуллар экамиз, ҳудудни кўкаламзорлаштирамиз ва булар учун тўловларни қайта ҳисоблашни талаб қилмаймиз. Нима учун бизга бундай юқори тариф белгиланган? Умумий йиғилишда буни нима билан асосланишини сўрадик. Компания раҳбари биз тадбиркор эканлигимиз сабабли шундай деб жавоб берди. Бу бу қайси ҳужжатда қайд этилган? Биз қонунларни ҳурмат қиламиз, солиқларни тўлаймиз, худди БК сингари бизнесимизни ривожлантирамиз. Бошқарувчилар бизга умумий йиғилишда иштирок этиш, кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бериш ва тўловларни асослаб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслигимизни айтишди. Демак, биз ҳуқуқларга эга эмасмиз, фақат биргина мажбуриятимиз бор – тўловларни тўлашимиз керак экан-да? Ушбу масалалар қонунчиликда қандай тартибга солинади?
– Мазкур ҳолатда БК томонидан Уй-жой кодекси (УЖК) ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун (кейинги ўринларда – Қонун) бузилган ҳисобланади. УЖКнинг 16 1-моддасига ва Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ кўп квартирали уйдаги жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги турар жойнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори ҳисобланади. Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчилари ҳисобланади ва улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши шарт. Улар умумий мол-мулкдан ва уйга туташ ҳудуддан фойдаланишда тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
УЖКнинг 16 1-моддасида ва Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилганидек, нотурар жой мулкдорининг ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда белгиланади. Яъни турар жой эгаси учун қандай бўлса, худди шундай бўлади.
Бундан келиб чиқиб, нотурар жойлар мулкдорлари учун тўлов миқдори айнан ўша тамойиллар асосида белгиланади.
Бироқ, агар нотурар жой умумий мол-мулкка юкламани ҳосил қилса, бошқарув органи унинг эгасига асосланган тарзда оширилган тўлов миқдорини муҳокама қилиб кўришни таклиф этиши мумкин.
Нотурар жой эгалари турар жой эгалари сингари умумий йиғилишда иштирок этиш, кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эгалар. Жой мулкдори ҳуқуқлари Қонуннинг 18-моддасида белгиланган.
Жой мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
• умумий мол-мулкни бошқаришда иштирок этиш, кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш;
• кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ҳисобот олиш;
• кўп квартирали уйни бошқариш органига кўп квартирали уйни бошқариш бўйича таклифлар тақдим этиш;
• жойнинг белгиланган мақсадига мувофиқ ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
• ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойни ижара шартномаси, бепул фойдаланиш шартномаси асосида ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланиш учун бошқа шахсга бериш.