Norma.uz
Газета СБХ / 2023 год / № 48 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар, шу жумладан депозит жалб қилиш имкониятини яратиш, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасидаги «занжир»ни мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг 2024–2026 йилларда қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

микромолиялаш бозори ҳажмини камида 5 баробарга ошириш;

микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорлик субъектларини қамраб олиш;

микромолия ташкилотлари ресурс базасида жисмоний шахслардан жалб қилинадиган маблағлар миқдорини 2 баробарга ошириш;

микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали расмий даромадга эга бўлмаган 500 мингга яқин шахсларни ўзини ўзи банд қилиш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш.

2. Белгилансинки, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади;

нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;

микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилади;

микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади. Бунда, олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;

микромолия ташкилотларига тижорат банкларидан кредит ресурслари жалб этилганда ёки тадбиркорлик субъектларига микромолия ташкилотларидан микрокредит олинганда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ кафиллигини бериш имконияти яратилади;

тижорат банкларига микромолия ташкилотларига кредит ажратишда уларнинг кўрсатилган микромолиявий хизматлари бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини гаровга олиш ҳуқуқи берилади.

3. Марказий банк, Молия бозори иштирокчилари миллий ассоциацияси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг микромолиявий хизматлар бозорини ҳудудларда ривожлантириш мақсадида базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банкларини ташкил этиш ва микромолия ташкилотларини микромолия банкларига трансформация қилиш механизмини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. 2024 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида олдин ажратилган кредитларнинг қайтарилган қисмидан:

кичик тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 трлн сўм маблағларни микромолия ташкилотларига жойлаштиришга;

ваколатли банклар томонидан микромолия хизматлари кўрсатишга 2 трлн сўм маблағлар йўналтирилишига рухсат этилсин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги АТБ «Халқ банки» билан биргаликда 2024 йилда микромолия ташкилотларига танлов асосида (мавжуд хатар ва иқтисодий кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда) жойлаштириш учун халқаро молия институтлари ресурсларини жалб этсин. Бунда, мазкур ресурслар кичик тадбиркорлик субъектларига микромолия хизматлари кўрсатиш учун йўналтирилиши назарда тутилсин.

6. АТБ «Микрокредитбанк» 2024 йил 1 апрелга қадар микромолия хизматлари соҳасига ихтисослашган стратегик хорижий инвесторлар иштирокида асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган рақамли технологиялар асосида фаолият юритувчи янги микромолия ташкилотининг ташкил этилишини ва йил якунига қадар унинг устав капитали 30 млн АҚШ доллари эквивалентига етказилишини таъминласин:

расмий даромадга эга бўлмаган шахслар учун ўзини ўзи банд қилиш ва оилавий бизнеснинг янги йўналишларини топишга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида норасмий банд бўлган қатламлар учун комплекс молиявий хизматлар пакетини жорий қилиш ва уларга бепул маслаҳат хизматларини кўрсатиш электрон порталини яратиш;

банкнинг мавжуд инфратузилмалари орқали молиявий хизматлар бўйича етарли билимга эга бўлмаган аҳоли қатламлари учун молиявий саводхонликни ошириш дастурларини амалга ошириш;

ер майдонларида ижара асосида фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари учун барча турдаги микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш, шу жумладан кичик ускуналар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишга кредитлар ажратиш.

7. АТБ «Халқ банки» 2024 йил давомида микромолиялаштириш мақсадлари учун халқаро молия институтларидан қўшимча 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилиш чораларини кўрсин.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2023 йил якунига қадар АТБ «Халқ банки»га ликвидликни яхшилаш учун ажратилган 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги депозит маблағларининг шартлари ўзгартирилмаган ҳолда уни қайтариш муддатини қўшимча 3 йилга узайтирсин ва АТБ «Халқ банки» ушбу маблағларни микромолиялаштириш мақсадларига йўналтириши белгилансин.

8. Микромолия институтлари ва Молия бозори иштирокчилари миллий ассоциациясига:

микромолиялаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида таҳлилий ахборот портали фаолиятини йўлга қўйиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида микромолия ташкилотларини ҳамда микромолия банкларини ташкил этиш бўйича кенг тарғибот ишларини олиб бориш;

микромолия банклари ва микромолия ташкилотлари ходимлари учун микромолиявий хизматлар кўрсатилишини такомиллаштириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этиш тавсия этилсин.

9. Марказий банк:

а) 2024 йил 1 январга қадар микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

б) 2024 йил 1 апрелга қадар соҳага оид илғор хорижий тажриба асосида Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

микромолия банкларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгилашни;

микромолия банклари томонидан амалга ошириладиган молиявий операцияларнинг рухсат бериладиган турларини ва уларнинг энг кўп миқдорини белгилашни;

микромолия банкларига аҳоли ва юридик шахслардан рухсат этилган миқдорда омонат (депозит) жалб қилиш ва уларга микромолиявий хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини беришни;

хорижий банклар билан вакиллик муносабатларини ўрнатишни ва мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизмат кўрсатишни тақиқлашни;

микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилиш тартибини;

микромолия банкларининг устав капиталининг энг кам миқдорини 50 млрд сўм қилиб белгилашни;

микромолия банклари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш тартибини.

10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда микромолиявий хизматлар соҳасини такомиллаштириш, ходимларни ўқитиш ва замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш мақсадида халқаро молия институтларининг техник кўмагини жалб этсин.

11. Марказий банк манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Марказий банк раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 10 ноябрь

ПҚ-364-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.11.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 99 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика