Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишининг белгиланганлиги мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Хусусан, давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишга жойлашиши ва таълим олишига кўмаклашиши бўйича конституциявий мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали мувофиқлаштириш тизими жорий этилиши талаб этилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган ижтимоий давлат тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида:
1. Қуйидагилар давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш;
ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш;
ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш;
аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш;
хавф гуруҳларига тушиб қолган оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), шунингдек, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага** мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан вазирлик ва идораларнинг мувофиқлаштириладиган ва мониторинг қилинадиган фаолият йўналишлари 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қуйидагилар Агентлик тузилмасига ўтказилсин:
а) 2023 йил 15 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидан:
Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази;
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйлари;
Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар;
б) 2024 йил 1 январдан бошлаб:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан болалар уйлари;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан меҳрибонлик уйлари;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидан вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари;
в) 2024 йил 1 августдан бошлаб:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари;
г) 2025 йил 1 январдан бошлаб:
Ички ишлар вазирлиги тизимидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимидан Ижтимоий суғурта жамғармаси.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг Паралимпиячиларнинг матонат мактабини 2023 йил 15 июндан Агентлик тузилмасига ўтказиш ҳамда Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтининг фаолиятини ҳамкорликда мувофиқлаштириш бўйича таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган ташкилотлар ва таркибий тузилмалар амалдаги молиялаштириш манбалари, штат бирликлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мол-мулки ҳамда бошқа товар-моддий бойликлари билан биргаликда тўлалигича Агентлик тузилмасига ўтказилади.
5. Ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб Агентликнинг туман (шаҳар)лардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилсин ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш;
эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш.
6. Белгилансинки:
Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;
Агентлик ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
7. Агентлик ҳузурида қуйидагилар ташкил этилсин:
Ижтимоий инспекция ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари;
Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази;
Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти;
Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг бўлинмалари негизида Агентлик марказий аппарати таркибида Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари.
8. Ўз вазифаларини амалга оширишда Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
ваколатли давлат органларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурлар талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш;
ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;
ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш;
давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари учун давлат олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш;
ўз ваколатлари доирасида маслаҳат-кенгаш органлари ва эксперт комиссияларини ташкил этиш;
ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг мутахассисларини жалб этиш;
ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик юзасидан ва бошқа шартномаларни тузиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмасига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозими киритилсин;
Ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича шуъба ташкил этилсин.
10. Агентлик:
а) 2023 йил 15 июлга қадар ЮНИСЕФнинг экспертларини жалб қилган ҳолда ва уларнинг дастурларига мувофиқ ижтимоий ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйсин.
Бунда, хорижий ва маҳаллий малакали экспертларни жалб қилган ҳолда аҳолига маҳалла даражасида профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш мутахассисларини тайёрлашга эътибор қаратсин;
б) 2023 йил 1 августга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасида ижтимоий ходимларни ўқитиш дастурларини қайта кўриб чиқсин;
в) 2023 йил 15 августга қадар аҳолини ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурлари бўйича, шу жумладан, уларнинг мобиль алоқа воситаларига маълумот юбориш орқали хабардор қилиш амалиётини жорий этсин;
г) 2023 йил 1 сентябрга қадар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳитни ташкил қилиш бўйича таклиф киритсин;
д) қуйидагиларни:
2023 йил 1 июлга қадар аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш вазифалари Агентликка ўтказилиши муносабати билан бошқа вазирлик ва идоралар, шу жумладан, маҳалла даражасида фаолият юритаётган тузилмаларнинг такрорловчи функцияларини бекор қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;
2023 йил 1 августга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ижтимоий муаммоларини маҳалла даражасида ҳал этишга қаратилган профессионал хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини;
2023 йил 1 сентябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Агентлик тузилмасига ўтказилган ижтимоий муассасалар ва ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш бўйича таклифларни;
2024 йил 1 январга қадар меҳнатга лаёқатли аҳолини ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олиш даражасини оширишга оид таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
е) 2024 йил 1 январга қадар:
давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш мезонларини;
ногиронлиги бўлган шахсларни уйда парваришлаш билан банд бўлган оила аъзоларига кўмаклашиш бўйича ижтимоий ҳимоя механизмларини ишлаб чиқсин;
ж) нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини йўлга қўйсин;
з) ижтимоий ҳимоя соҳасидаги муаммо ва таклифларни муҳокама қилиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат кенгаш ташкил этсин.
11. Агентлик Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 октябрга қадар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимини ишга туширсин, унинг зарур идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграциясини ва доимий такомиллаштириб борилишини таъминласин.
12. Белгилансинки:
а) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими Агентлик тасарруфига ўтказилади;
аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали қабул қилинади;
б) «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимини жорий этиш доирасида:
Агентлик сўровига асосан «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси томонидан вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базалари интеграцияси таъминланади;
аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш, фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш учун электрон тарзда мутасадди вазирлик ва идораларга юбориш ҳамда жараённи мониторинг қилиш асосида амалга оширилади;
мазкур бандда назарда тутилган электрон ахборот базалари маълумотлари асосида ҳар бир фуқаронинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини акс эттирадиган ижтимоий паспортлар жорий этилади;
2024 йил 1 январдан бошлаб «Меҳр дафтари», «Саховат ва кўмак», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва кўмаклар қамраб олинади.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлари дастури 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
14. Ҳар ҳафтанинг жума куни «Меҳр ва саховат куни» сифатида белгиланиб, барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирларини ўтказсин.
15. Агентлик ҳузурида 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ташкил этилсин ҳамда жамғарма маблағларининг харажатлари йўналишлари 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
16. Агентлик 2023 йил 1 сентябрга қадар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағларини олувчилар ҳамда молиялаштириш манбаи кесимида маълумотлар шаклланиши ва харажат қилинишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмини жорий этиш кўзда тутилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 5-иловага** мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2023 йил май
ПФ-82-сон.
*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.06.2023 йилдан кучга кирди.
**Ушбу Фармонга 1–5-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.