Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон Фармонига мувофиқ божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган Марказий божхона лабораторияси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг тузилмаси 1-иловага** мувофиқ;
б) қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси тўғрисидаги устав 2-иловага** мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг (кейинги ўринларда – Марказий божхона лабораторияси) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
Марказий божхона лабораториясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда Лаборатория бошлиғининг асосий функционал мажбуриятлари;
Марказий божхона лабораториясининг фаолиятини ташкил этиш ва уни молиялаштириш тартиби;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясини халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантларини жалб қилган ҳолда, замонавий лаборатория-технологик ускуналар ва инвентарлар рўйхати 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Марказий божхона лабораторияси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;
Марказий божхона лабораторияси бошлиғи мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг бош бошқарма бошлиғига, бошлиқ ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг бош бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказий божхона лабораторияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар Марказий божхона лабораторияси фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;
Марказий божхона лабораторияси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар турлари ва тўловлар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади, хорижий давлатлар божхона хизмати органларига халқаро шартномалар доирасида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно.
4. Марказий божхона лабораторияси Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 3-уй манзилидаги бинога жойлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясини унинг фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган офис жиҳозлари, асбоб ва ускуналар (лаборатория жиҳозлари, анжомлари, қурилмалар, реактивлар, эҳтиёт қисмлар, компьютер, принтер ва алоқа жамламалари, мебель ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Жисмоний ва юридик шахсларга ҳамда хорижий давлатларнинг божхона хизмати органларига пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда Марказий божхона лабораториясини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
А.АРИПОВ.
Тошкент ш.,
2021 йил 30 декабрь
790-сон.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.12.2021 йилдан кучга кирди.
**Қарорга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.