Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори (19.11.2021 йилдаги 693-сон) билан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентда қуйидагилар белгиланди:
• кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартиби;
• кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш тартиби;
• кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни тақсимлаш тартиби.
Йўлланмалар қуйидаги тартибда берилади:
1) ҳар йили қуйидаги тоифадаги шахсларга:
• уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;
• республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга;
• Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек ҳалокат сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;
• ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;
• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;
2) 2 йилда 1 марта:
• уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
• ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинларига (бева эрларига);
• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, I гуруҳ ногиронини парвариш қилувчи шахсларга;
3) 3 йилда 1 марта ёшга доир пенсия олувчиларга.
2022 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний шахслар фақат ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йўлланмалар олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Бунда белгиланган шаклдаги сўровнома тўлдирилади.
Ваколатли орган сўровнома тушганидан сўнг маълумотларни ўз электрон реестрига киритади ва навбатлар тўғрисидаги маълумотларни расмий сайтида реал вақт режимида янгилаб борилишини таъминлайди.
Ушбу давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вазирлик ва идораларга тегишли Давлат бюджетидан молиялаштириладиган барча санаторийларни ўз ичига оладиган «Электрон санаторий» платформасини ишлаб чиқиш таклиф маъқулланди.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги санаторийлар «Ижтимоий хизмат» электрон платформасига уланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.11.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.