Norma.uz

Дунёда қабул қилинган ноодатий қонунлар

 

Бирор давлатга борганда унинг қонунларини билмаслик у ерда ноқулай вазиятга тушиш ёки жаримага тортилишга сабаб бўлади. Давлатларнинг шундай қонунлари ҳам борки, улар мантиқсиз туюлиб, кулгили ва ноодатийлиги билан ажралиб туради. Бу нафақат сайёҳларнинг, балки маҳаллий аҳолини ҳам ўз ўрнида ҳайратга солади. Баъзан эса инсонлар норозилигига сабаб бўлади. Наилож, буни давлат қонуни деб қўйибди! У ернинг фуқаросимисиз ёки вақтинчаликка келган сайёҳмисиз, қонунларга бўйсунишга мажбурсиз. 

 

Қуйида ана шундай ажойиб қонунлар ҳақида қисқача билиб оласиз.

Кулгили ва ноодатий қонунлари бўлган давлатлар рўйхатида АҚШ етакчилик қилади. Хусусан, Индиана штатининг алкоголь маҳсулотлари сотиладиган дўконларида газли, яхна ичимликлар сотиш тақиқланади. Қизиқ томони савдо пештахтасидаги ичимликларнинг қандай ҳароратда бўлиши штат маъмурияти томонидан тартибга солинади.

Гавайи штатига келган сайёҳларнинг гўзал табиатга бўлган эътиборини чалғитмаслик учун кўчаларда реклама баннерлари осилиши тақиқланган.

Иллинойс штатида каламушларни бейзбол таёғи билан уриш 1 000 доллар, Миннесота штатида кирланган балон шинали автомобиль билан шаҳарда ҳаракатланиш 2 000 доллар, Колорадода итларни ўлдирганлик учун 500 доллар жарима тўлашга мажбур қилинади.

Ғарбий Австралияда эса 50 килограммдан ортиқ картошкани сақлаш, сотиб олиш ёки сотиш жаримага тортилишига сабаб бўлади. Бу қонун мамлакатда Британия империясига қарши олиб борилган озиқ-овқат уруши таъсирида пайдо бўлган.

Бундан ташқари, мамлакатнинг жанубий минтақаларида никоҳ тўйи маросимини кимдир бузадиган бўлса, унга 10 минг доллар жарима солинади.

 

Озиқлантирасиз ва жазоланасиз

Англиянинг Саффолк графлигида чағалайларга дон берган одам 3 минг долларга яқин жарима тўлайди. Худди шунга ўхшаш чеклов Италияда ҳам жорий этилган бўлиб, хусусан, Авлиё Марк майдонида кабутарларни озиқлантириш 600 евро, Сингапурда қушларга дон бериш 1 000 доллар жарима тўланишига сабаб бўлади. Қайд этиш керакки, айнан шу каби чекловлар ­дунёнинг кўплаб давлатларида жорий этилган.

Англиядаги ажабтовур қонунлардан бири кўчаларда гиламларни тозалаш соат 8.00 дан 18.00 гача тақиқланади.

Мамлакат кўчалари тозалиги давлат назоратида бўлган Сингапурда йўл-йўлакай ташланган ширинлик қоғози ҳам беэътибор қолмайди. Бу ернинг қонунларидан хабардор бўлмаган ­сайёҳ ёки беписанд фуқаро 1 000 доллар жарима тўлашга мажбур.

 

Қордан ясалган тўп тошга тeнглаштирилди

Бир неча йил аввал Бельгия қонунчилигида қорбўрон ўйнаш қатъиян тақиқланди. Қордан ясалган тўп тошга тенглаштирилди. Ушбу қонунбузарлик учун 100 евро жарима жорий этилди.

Канаданинг Сурис шаҳрида эса 75 сантиметрдан баланд бўлган қорбобо ясаш, Петролия шаҳрида ҳуштак чалиш, баланд овозда бақириш жаримага тортилишга сабаб бўлади.

Сайёҳлар қатнови кўп бўлган Мисрда аэропорт яқинида бинокль ишлатиш тақиқланган. Бу ҳолат қоидабузарни жосусликда айбланишига асос бўлади. Ушбу ҳаракат учун қоидабузар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, бирор-бир давлатнинг халқ учун чиқарган қонун-қоидалари бошқаларга ноодатий туюлса-да, хайратомуз бўлса-да, ҳар ҳолда бундай қонунлар ўша миллат ва элатларнинг этник келиб чиқиши, маданий қадриятларига асосланган бўлади.

 

ЎзА асосида.

Прочитано: 312 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика