Букмекерлик фаолияти ноқонуний эканлигига қарамай, онлайн-букмекерлик бозори интернет тармоқлари орқали фаол ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда мазкур фаолият ноқонуний ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари мунтазам равишда интернет тармоқларида жойлаштирилаётган реклама маълумотларининг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиб бормоқда.
Ўтган давр мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 10 дан ортиқ ноқонуний фаолият юритувчи сайтларга кириш чекланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят кодексининг 278-моддасига (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади. Шу билан бирга, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
ЎзА асосида.