Хоразм вилояти Гурлан туманида истиқомат қилувчи фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ёрдамида янги автомашинасидаги нуқсонларни тузатишга эришди.
Истеъмолчи 78 млн 283 минг сўмга сотиб олган янги «Damas» автомобилида бир ҳафта ичида нуқсонлар кўзга ташланган: эшик қисмидаги бўёқлар сифатсиз ва герметиклари қотмаган ҳолда бўлган. «Хоразм Автосавдо» МЧЖ автосалонига қилган унинг мурожаатлари самара бермагач, жорий йилнинг 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ўз шикоятини қолдирди.
Ўз навбатида Агентликнинг Хоразм вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарорлари талабларига мувофиқлиги бўйича истеъмолчининг мурожаатини ўрганишди.
Қисқа вақт ичида истеъмолчининг муаммоси ҳал қилинди, яъни автомобилдаги нуқсон бартараф этилди.
Маълумот ўрнида: «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга (13-модда) асосан нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
consumer.uz