Болалигингизда дастурхон атрофида нон еяётиб, ушоғини тўкканингиз учун катталардан еган шапалоғингиз ўти ҳалиям чаккангизни қиздириб турган бўлса, ажаб эмас.
Биз шундай тарбия олганмиз. Ҳа, нон азиз, унинг ушоғи ҳам нон, увол қилиш эса гуноҳдир. Бу таъкид кўп халқларнинг маънавий қадрияти. Ушбу қадрият ҳали ҳам унутилгани йўқ. Лекин... Сўнгги вақтларда бу тамойил кўпинча тилда, яъни сўздагина қолмаяптимикан? Амалда эса тескари ҳолат рўй бермаяптими?
Минг афсуски, маиший чиқиндихоналарда нон уюмлари, буни ёзишга қўл, гапиришга тил қийналса ҳам, айтиш керак, одатий ҳол бўлиб қолди. Бундай ҳолатнинг асосий сабаби, бутун инсоният қатори биз ҳам айрим ҳаётий жабҳаларимизда маънавий емирилиш жараёни қурбонига айланиб бораётганимиз бўлса керак. Муаммонинг яна икки сабаби бор. Биринчиси – ноннинг нисбатан арзонлиги. Кўп йиллардан бери нон нархи назорати давлат ижтимоий сиёсатининг дастаги бўлиб келмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўша йил 15 сентябрдан бошлаб нон ишлаб чиқариш соҳасига бозор механизмларини жорий қилиш белгиланди.
Қарор ижроси доирасида аҳолининг кам таъминланган қатламларига тегишли компенсация тўланиши билан бирга, хусусан, қолипли буханка ноннинг нархи талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган бўлди. Натижада буханка ноннинг нархи 650 сўмдан 1 050 сўмгача ошди, айни пайтда 1 600 сўмни ташкил қилади.
Фикримизча, мамлакатимизда камбағаллик муаммосини ҳисобга олиб, бозор иқтисодиёти шароитида ҳам давлат асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш нонга нарх шаклланиши механизмига бозор тамойилларига асосланган ҳолда муайян даражада ўз таъсирини кўрсатиб туриши мақсадга мувофиқдир. Шундай бўляпти ҳам. Бинобарин, пандемия ва иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, нон маҳсулотлари нархининг сезиларли ошиши юз бермади, буханка ноннинг нархи камида бир йилдан бери барқарор – 1 600 сўм. Аммо мамлакатимизда кузатилаётган нон маҳсулотлари нархи, аслида ушбу азиз неъматни ишлаб чиқариш харажатларига мос бўлмасдан, нисбатан паст даражада экани мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат – ноннинг оммавий равишда исрофгарчилигига олиб келмоқда. Нон исрофгарчилигининг иккинчи сабаби бу унинг сифати устидан назоратнинг етарли эмаслигидир. Нон сифати бўйича мутахассис бўлмасак-да, оддий ҳаётий кузатувларимизга таяниб, ноннинг сифати қониқарли эмаслигини очиқ айтишимиз мумкин. Масалан, буханка нонни оладиган бўлсак, бир кундан кейин моғорлай бошлайди. Транспортда ташиганда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмайди – нон «Дамас» машинасига юклаб олиб келиниб, ҳайдовчи уловни бошқарган қўллари билан уларни савдо расталарига жойлаётганини ҳар куни кўрамиз...
Ҳурматли тадбиркор новвойларимиз эса Тошкенту Самарқанд нонлари, Қўқон патири-ю Хоразмнинг лочира нонлари ва ҳоказолар таркибига товар таъми ва кўриниши бозорбоп бўлиши учун зарарли-зарарсиз ёғлару сунъий қўшимчаларни қўшмаяптиларми? Хўш, назорат қилувчи идораларимиз бундан хабардормикан? Хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади: нон маҳсулотлари исрофгарчилигини бартараф этиш нарх шаклланиши механизмини бозор иқтисодиёти тамойилларига янада яқинлаштириб, маҳсулотнинг сифати белгиланган стандартларга мослиги баробарида истеъмолчиларнинг соғлиғи ва ҳамёнига зарар етказмаслиги учун назоратни кучайтириш лозим. Нон маҳсулотларига нархларнинг эҳтимолий ошиши натижасида истеъмолчиларнинг тўлов қобилияти пасаймаслиги учун давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида бир неча бор таъкидлаганидек, «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» тушунча ва дастакларини қонунчилигимизга ва амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, ҳисоб-китоб қилинган ва вақти-вақти билан иқтисодий ҳолат ўзгаришига қараб қайта кўриб чиқиладиган тирикчилик учун зарур энг кам даромад – «яшаш минимуми»ни даромад солиғидан озод қилиш мумкин (бу масала бўйича муаллиф таклифлари алоҳида мақолаларда баён этилган).Айни пайтда мамлакатимизда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 822 000 сўм.
Агар 1 млн сўм миқдоригача иш ҳақи даромад солиғидан озод қилинса, энг кам иш ҳақи олувчилар ойига қарийб 90 000 сўм, қолган ишловчилар 120 000 сўмгача ютади. Ижтимоий тўловларни ҳам (пенсия, нафақа, стипендия) шунча абсолют суммага ошириш мумкин. Бу, албатта, умумий таклиф. Аниқ чоралар эса батафсил иқтисодий таҳлилу ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши керак: маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари, зарурий импорт ҳажмлари, истеъмолчилик талаби, аҳоли даромадлари-харажатлари тузилмаси ва ҳоказо. Бунда айни пайтдаги нон маҳсулотлари бозори ҳажмининг сезиларли қисми ортиқча харажат – йўқотиш, исрофгарчилик ҳисобига шаклланаётгани ҳам эътиборга олиниши лозим бўлади. Хуллас, азиз неъмат бўлмиш нон нархини унинг қадрига мувофиқлаштириш ва саломатлигимиз йўлида унинг сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш лозим, бу ҳам иқтисодий зарурият, ҳам маънавий бурчимиздир.
Фарҳод Қурбонбоев,
иқтисод фанлари номзоди.