Товарлар импорт қилинганда, божхона қонунчилиги бўйича сиз божхона тўловлари билан бир вақтда ҚҚСни ҳам тўлашга мажбурсиз. Олиб кирилганда солиқ солишдан озод этилган, имтиёзга эга товарлар бундан мустасно (БК 289-м., СК 237-м. 1-қ. 6-б., 246-м.).
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, божхона қонунчилигига мувофиқ, товар бўлиб ҳисобланади (БК 13-м.).
Агар сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлаб келган бўлсангиз, у ҳолда импорт шартномасини имзолаган кейинги ойдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтасиз (СК 461-м. 2-қ. 1-б.) Бунда сизнинг жами даромадингиз миқдори ва сиз айнан нима ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материаллар, қайта сотиш учун товарлар ёки асосий воситалар олиб киришингизнинг аҳамияти йўқ.
Товарларни импорт қилишда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага қуйидагиларни киритинг (СК 254-м. 1-қ.):
● товарларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган божхона қийматини (БК 44-боби);
● акциз тўланадиган товарларни олиб кирсангиз, акциз солиғини (26.12.2018 й. ПҚ-3818-сон, 2-илова);
● божхона божини.
«Импорт» ҚҚСни қандай ҳисоблаш керак
Одатда, «импорт» ҚҚСни божхона брокери – божхона расмийлаштируви билан шуғулланадиган шахс ҳисоблайди.
Импорт қилинадиган товарларга ҚҚС қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
ҚҚС = (Бқ + Бб + Сакц) х 15%,
бу ерда:
Бқ – импорт қилинадиган товарнинг божхона қиймати;
Бб – божхона божи;
Сакц – акциз тўланадиган товарлар бўйича акциз солиғи суммаси;
15% – ҚҚС ставкаси.
Импорт қилинадиган товарнинг контракт қиймати божхона тўловларини тўлаш учун ҳисобланган божхона қийматига доим ҳам мос келавермайди.
Вазият. Контракт қиймати божхона қийматига баробар
ҚҚС тўловчи – корхона акциз тўланмайдиган товарларни ички бозорда қайта сотиш мақсадида импорт қилади. Олиб кириладиган товарларнинг контракт қиймати 20 минг АҚШ долларини ташкил этади. ИМ 40 «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимида божхонада расмийлаштириш пайтида МБ курси 9 550 сўмни ташкил этган.
Товар божхонада расмийлаштирилаётганда қуйидагилар тўланган:
● божхона божи (5%) – 9 550 000 сўм миқдорида;
● божхона расмийлаштируви учун йиғим (0,2%) – 382 000 сўм;
● ҚҚС – 30 082 500 сўм ((20 000 х 9 550 + 9 550 000) х 15%).
Товарнинг контракт қиймати 191 000 000 сўмни (20 000 х 9 550), импорт қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база – 200 550 000 сўмни (191 000 000 + 9 550 000) ташкил этади.
Божхона расмийлаштируви учун йиғим ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базада ҳисобга олинмайди.
Вазият. Контракт қиймати божхона қийматига мос келмайди
ҚҚС тўловчи – корхона акциз тўланмайдиган товарларни ички бозорда қайта сотиш мақсадида импорт қилади. Олиб кириладиган товарларнинг контракт қиймати 20 минг АҚШ долларини ташкил этади. ИМ 40 «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимида божхонада расмийлаштириш пайтида МБ курси 9 550 сўмни ташкил этган. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун божхона органлари ҳисоблаган товарнинг божхона қиймати 200 000 минг сўмни ташкил этган.
Товар божхонада расмийлаштирилаётганда қуйидагилар тўланган:
● божхона божи (5%) – 10 000 минг сўм миқдорида;
● божхона расмийлаштируви учун йиғим (0,2%) – 400 минг сўм;
● ҚҚС – 31 500 минг сўм ((200 000 + 10 000) х 15%).
Товарнинг контракт қиймати 191 000 минг сўмни (20 000 х 9 550), божхона қиймати – 200 000 минг сўмни, импорт қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база – 210 000 минг сўмни ташкил этади. Божхона расмийлаштируви учун йиғим ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базада ҳисобга олинмайди.
Импорт қилинган товарлар бўйича ҚҚСни қандай ҳисобга олиш керак
Агар сиз ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш чоғида реализация қилиш бўйича айланмаларга солиқ солинадиган, шу жумладан ноль ставка бўйича солиқ солинадиган фаолиятингизда импорт қилинган товарларни ишлатсангиз, «импорт» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўласиз (СК 266-м 1-қ. 1-б.).
Мисол. ҚҚСдан озод этилган товарларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё бўйича «импорт» ҚҚСни ҳисобга олиш
ҚҚС тўловчи корхона реализация қилиш оборотлари ҚҚСдан озод этилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаради (СК 243-м. 1-қ. 13-б.). Ишлаб чиқариш учун хом ашё импорт қилинган. Ушбу хом ашё чет элдан келтирилганда солиқ солишдан озод қилинадиган махсус рўйхатга киритилмаганлиги учун уни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўланган.
Хом ашёдан реализация айланмаси солиқ солишдан озод этилган товарлар ишлаб чиқаришида фойдаланилганлиги учун «импорт» ҚҚС ҳисобга олинмайди.
Импорт учун ҚҚС божхона декларацияси қабул қилингунига қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда божхона органига тўланади. БКнинг 327-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
«Импорт» ҚҚСни фақат ҳақиқатда тўланганидан кейингина ҳисобга олинг (СК 266-м. 1-қ. 3-б.). Бунда ҳисобга олиш учун, барча импорт қилинган товарлар реализация қилингунча кутишнинг ҳожати йўқ.
Мисол. «Импорт» ҚҚСни у бўлиб-бўлиб тўланганда ҳисобга олиш
Корхона июнь ойида товарларни импорт қилди. Товарларни божхонада расмийлаштириш чоғида ҳисобланган ҚҚС 37 800 минг сўмни ташкил этди. Солиқни тўлаш учун корхонага бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилди. Июнь ойида ҚҚСнинг бир қисми – 20 000 минг сўм тўланди. Бинобарин, июнь ойида фақат ушбу 20 000 минг сўмни ҳисобга олиш мумкин. Солиқнинг қолган қисми ҳам ҳақиқатда тўланганда ҳисобга олинади (Низом 15-б. 10.02.2020 й. 76-сон ВМҚга илова).
Мисол. Тўлиқ бўлмаган БЮД (НД-40) орқали расмийлаштирилган товар бўйича «импорт» ҚҚСни ҳисобга олиш
Корхона импорт бўйича олиб кирилган товар бўйича тўлиқ бўлмаган БЮД (НД-40) расмийлаштирди. ҚҚС божхонада тўлаб берилди. Бироқ, ҚҚС бўйича ҳисоботда, тўлаб берилган сумма ҳисобга олинадиган сумма сифатида акс эттирилмади. Бунда корхона НД-40 расмийлаштирилиши якунлангандан кейин товарлар реализациясини амалга оширди.
НД-40 – бу тўлиқ бўлмаган БЮД. Агар декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, у товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан тақдим этилади (БК 269-м.). Одатда, товар ойнинг охирги санасида кирим қилинганда НД-40 расмийлаштирилади. Декларант ёки божхона брокери товарларни ИМ-40 режимига жойлаштирилиши юзасидан талабларни имкони борича тезроқ бажариши лозим.
Тўлиқ бўлмаган БЮД қўлланилган ҳолда декларациялашда лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси аввал бошда берилгани каби, божхона органларининг зиммасига қонун ҳужжатларининг қайси талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган бўлса, ўша талаблар ва шартлар, шу жумладан божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади.
Бироқ, НД-40 расмийлаштирилган ҳолатда, ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг ишончлилиги аниқланмаган. Буни фақат, товар ИМ-40 «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига жойлаштирилгандан кейингина амалга ошириш мумкин. (БК 9-боби). Бунда ҚҚС ҳисоб-китобини автоматик тўлдириш тизими шундай мослаштирилганки, унда фақат ИМ-40 режимига жойлаштирилган товарлар бўйича БЮД акс эттирилади. Товар ИМ-40 режимига жойлаштирилгандан сўнг, у автоматик тарзда ҚҚС бўйича ҳисоботда акс этади ва божхонада тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши мумкин бўлади.
Агар ҚҚС бўйича ҳисоботни топшириш пайтида товар ҳали ИМ-40 режимига жойлаштирилмаган бўлса, ушбу режим расмийлаштирилганидан сўнг ҳисоботни қайта топширишга тўғри келади. ҚҚС ҳақиқатда бюджетга тўлаб берилганлиги сабабли, қайта топширилганлик учун жарималар солиқ тўловчига нисбатан қўлланилмайди.
Имтиёз мавжуд бўлганда «импорт» ҚҚС қандай ҳисобга олинади
Олиб кирилганда ҚҚС солинишидан озод этилган товарлар рўйхати СК 246-моддасида келтирилган.
2020 йилга қадар ҚҚС бўйича, шу жумладан импорт қилинганда, тақдим этиладиган қуйидаги имтиёзлар мавжуд эди:
● мақсадли – бўшаган маблағларни мақсадли вазифаларни бажариш учун йўналтириш шарти билан;
● мақсадли бўлмаган – бўшаётган маблағларни мақсадли ишлатиш назарда тутилмаган ҳолда.
2020 йилдан бошлаб ҚҚС бўйича, шу жумладан импорт қилинганда, имтиёзлар солиқ солишдан озод этишдан фойдаланиш натижасида бўшаган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан тақдим этилмайдиган бўлди.
Агар сиз 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган «импорт» ҚҚС имтиёзидан фойдаланиб келган бўлсангиз, ушбу имтиёз унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади. Бироқ, у мақсадли бўлса, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бўшаётган маблағларни мақсадли ишлатиш талаби бекор қилинади (3.04.2020 й. ПФ-5978-сон 15-б.; ДСҚ ва МВнинг 16.04.2020 й. 06/04-01-03-32/1107-сон қўшма хати 13-б.). Имтиёзлар қўлланилиши натижасида бўшаган ва 2020 йилнинг 1 апрелига қадар фойдаланилмаган мақсадли маблағлар имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин (СК 75-м. 7-қ.).
Агар сиз томонингиздан олиб кириладиган товарлар «импорт» ҚҚСни тўлашдан озод этилган бўлса, бундай товарлар учун солиқ ҳисобламанг ва тўламанг.
Бухгалтерия ҳисобида мақсадли бўлмаган имтиёзлар баланс счётларда акс эттирилмайди. Уларнинг ҳисобини балансдан ташқари 013-«ҚҚС бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари» счётида, ушбу ҳисобварақнинг дебетида имтиёзлар суммасини акс эттирган ҳолда юритинг (Низом 3-§, АВ рўйхат рақами 1463, 2.04.2005 й.).
Имтиёз даври якунлангандан сўнг, балансдан ташқари 013-счётнинг дебетида ҳисобга олинган бўшаган маблағлар суммасини ушбу счётнинг кредитига ҳисобдан чиқаринг. Имтиёзлар суммасини ҳам молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида акс эттиринг.
Вазият. Имтиёз мавжуд бўлганда «импорт» ҚҚСнинг ҳисоби
ҚҚС тўловчи – корхона ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш учун хом ашё (акциз тўланмайдиган товар) импорт қилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот ички бозорда реализация қилинади. Хом ашёнинг шартнома қиймати – 100 000 минг сўм.
Корхона бўшаётган маблағларни мақсадли ишлатиш назарда тутилмаган ҳолда олиб кириладиган хом ашё бўйича божхона тўловларини тўлашдан озод қилинган.
Хом ашёнинг божхона қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган божхона тўловлари суммаси, шу жумладан ҚҚС 31 425 минг сўмни ташкил этди.
Мақсадли бўлмаган имтиёз мавжуд бўлганда импорт қилинган хом ашё бўйича ҚҚС бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг
|
Сумма,
|
Счётлар корреспонденцияси
|
|
дебет
|
кредит
|
||
Импорт хом ашёси кирим қилинди
|
100 000
|
1010-«Хом ашё ва материаллар»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
|
Импорт қилинганда божхона тўловлари бўйича имтиёз суммаси, шу жумладан ҚҚС акс эттирилди
|
31 425
|
013-«Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)»
|
|
Импорт бўйича ҚҚСни ҳисоботда қандай акс эттириш керак
БЮД маълумотлари, хусусан импорт қилинган товарнинг қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган «импорт» ҚҚС ва ҚҚС суммасининг ўзи, божхона органлари маълумотлар базасидан автоматик тарзда Харидлар реестрида акс этади.
Мазкур суммалар ҳам автоматик тарзда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 010-сатрида акс этирилади.
Импорт қилинган товар реализация қилинганда ҚҚСни қандай ҳисоблаш керак
Импорт қилинган товарлар реализация қилинганда ҚҚСни умумий қоидага кўра – реализация қилинадиган товарларнинг шартнома қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланг. Бироқ бюджет билан ҳисоблашаётганда солиқ солинадиган база мазкур товар импорт қилинганда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслигини инобатга олинг (СК 248-м. 5-қ.).
Мисол. Импорт қилинган товар реализация қилинганда ҚҚС ҳисоб-китоби
ҚҚС тўловчи – корхона товарни импорт қилади ва уни ички бозорда реализация қилади. Товарнинг контракт қиймати – 169 718,2 минг сўм, божхона қиймати – 180 000 минг сўм, божхона божи – 9 000 минг сўм, импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаш учун товарнинг қиймати – 189 000 минг сўм (180 000 + 9 000).
Товарни божхонада расмийлаштириш чоғида ҳисобланган ва тўланган ҚҚС 28 350 минг сўмни (189 000 х 15%) ташкил этади.
Вазият. Импорт қилинган товарни реализация қилиш қиймати «импорт» ҚҚСни ҳисоблаш учун қабул қилинган қийматдан юқори
Товар 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 230 000 минг сўмга реализация қилинган.
Харидорга ҳисобварақ-фактурада – 30 000 минг сўм (230 000 / 115 х 15) миқдоридаги ҚҚС ёзиб берилган.
Божхона расмийлаштируви чоғида тўланган ҚҚС 28 350 минг сўмга тенг.
Ушбу товар бўйича ҳам 28 350 минг сўм ҳисобга олинади.
Корхона ушбу операция бўйича бюджетга 1 650 минг сўм (30 000 – 28 350) тўлайди.
Вазият. Импорт қилинган товарни «импорт» ҚҚСни ҳисоблаш учун қабул қилинган қийматда реализация қилиш
Товар 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 217 350 минг сўмга реализация қилинган.
Харидорга ҳисобварақ-фактурада 28 350 минг сўм (217 350 / 115 х 15) миқдоридаги ҚҚС ёзиб берилган.
Божхона расмийлаштируви чоғида тўланган ҚҚС 28 350 минг сўмга тенг.
Бунда ҳам 28 350 минг сўм ҳисобга олинади.
Ушбу операция бўйича бюджетга ҚҚС тўланмайди (28 350 – 28 350 = 0).
Вазият. Импорт қилинган товарни «импорт» ҚҚСни ҳисоблаш учун қабул қилинган қийматдан паст нархда реализация қилиш
Товар 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 172 500 минг сўмга реализация қилинган.
Харидорга ҳисобварақ-фактурада 22 500 минг сўм (172 500 / 115 х 15) миқдоридаги ҚҚС ёзиб берилган.
Божхона расмийлаштируви чоғида тўланган ҚҚС 28 350 минг сўмга тенг.
Бунда ҳам 28 350 минг сўм ҳисобга олинади. Бироқ, корхона ушбу операция бўйича бюджетга ҳисобаврақ-фактурада кўрсатилганидек 22 500 минг сўмни эмас, балки импорт қилиш чоғида солиқ солинадиган базадан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган 28 350 минг сўм ҚҚС суммасини (189 000 х 15%) ҳисоблаши лозим.
5 850 минг сўм (25 350 – 22 500) миқдоридаги фарқ давр харажатларига (9430-счётга) киритилади ва фойда солиғининг ҳисоб-китобида чегирилади.
Ушбу операция бўйича бюджетга ҚҚС тўланмайди (28 350 – 28 350= 0).
Товарнинг импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган қийматдан паст нархда реализация қилинишини бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:
Хўжалик операциясининг
|
Сумма,
|
Счётлар корреспонденцияси
|
|
дебет
|
кредит
|
||
Товар реализация қилинганлиги акс эттирилди
|
150 000
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»
|
Харидорга тақдим этилган ҚҚС суммаси акс эттирилди
|
22 500
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»
|
|
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС бўйича фарқ акс эттирилди
|
5 850
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»
|
ҚҚС бўйича ҳисоб-китобида:
● ҳисобварақ-фактура маълумотлари, у харидор томонидан тасдиқланганда автоматик тарзда Сотиш реестрида акс этади;
● ҚҚСсиз реализация қийматини (150 000 минг сўмни) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-сон илованинг 0102-сатри 3-устунида акс эттиринг;
● товарни импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган қиймат билан уни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқни (189 000 – 150 000 = 39 000 минг сўмни) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-сатри 3-устунида акс эттиринг.
Вазият. Импорт қилинган товарлар реализация қилинган ҳолатда, ишлаб чиқариш корхонасига ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашга доир қоиданинг татбиқ этилиши
Ишлаб чиқариш корхонаси маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материалларни импорт қилади ва уларни товар сифатида қайта сотмайди. Импорт қилинган товарлар реализация қилинганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш қоидаси ушбу корхонага татбиқ этиладими? Бошқача қилиб айтганда, бундай корхона маҳсулотларнинг реализацияси бўйича айланмадан ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашё ва материаллар импорт қилинганда тўланган ҚҚСни ҳисобга олиши керакми ёки керак эмасми?
Йўқ, ҳисобга қабул қилиш керак эмас. Мазкур норма фақат импорт қилинган товарлар реализация қилинганидагина қўлланилади. Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида импорт қилинган хом ашёдан фойдаланадиган ишлаб чиқариш корхонаси мазкур нормани қўлламайди, сабаби ушбу хом ашёни реализация қилмайди, балки уни ишлаб чиқаришга сарфлайди.
Буни ҚҚС ҳисоб-китобига 1-иловага келтирилган изоҳдан ҳам кўриш мумкин (1-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.). Изоҳда қайд этилишича, 0104-сатр божхона органлари томонидан товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун аниқланадиган қиймат ва импорт қилинган товарларни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ, импорт билан шуғулланувчи импорт қилинган товарларни сотиш бўйича савдо фаолиятини юритувчи корхоналар томонидан тўлдирилади.
Бироқ, агар корхона қандайдир сабабларга биноан импорт қилинган хом ашёни сотишга қарор қилса, бу ҳолда ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда у импорт қилишда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиши керак. Харидорлар билан ҳисоб-китобларда битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда ҚҚС суммаси ҳисобга олиниши керак (СК 248-м. 1-қ.). Бунда, агар хом ашё божхона органлари томонидан «импорт» ҚҚС ҳисоб-китоби учун қабул қилинган қийматдан паст қийматда реализация қилинса, бюджет билан ҳисоб-китобларда қўшимча солиқ ҳисоблашга тўғри келади.
Дилшод СУЛТОНОВ, молия вазирининг ўринбосари,
Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.