Онам инсульт бўлган. Айни пайтда у доимий парваришга муҳтож бўлганлиги сабабли мен билан яшайди. Унинг квартирасини сотдик. Уни ўз уйимга прописка қилиб, пенсия йиғмажилдини янги манзилга ўтказмоқчиман.
Қандай ҳужжатларни расмийлаштиришим керак?
– Пенсионер доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида бошқа туман (шаҳар)га кўчиб ўтганда, аввалги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия йиғмажилдини ҳисобдан чиқариш тўғрисида рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган паспорт варағи нусхасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.
Аввалги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими (аввал ҳисобни юритган бўлим) томонидан кўчиб кетаётган пенсионерга у ҳисобдан чиққунга қадар бир ой олдинги пенсия, ижтимоий нафақа ва бошқа тўловларни тўлайди (тўлов тўхтатилганда, пенсионер эса тўловни тиклаш масаласи бўйича узоқ муддатдан бери мурожаат қилмаган ҳолатлардан ташқари).
Пенсионер яшаш манзили ўзгарганлиги муносабати билан пенсия йиғмажилдини ҳисобга олиш тўғрисидаги аризасига асосан янги яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлими янги яшаш манзили бўйича прописка қилинганлиги тўғрисидаги белги қўйилган паспорт асосида пенсия йиғмажилдини ҳисобга олади (Йўриқноманинг 42, 43, 46-б., АВ рўйхат рақами 2282, 17.11.2011 й.).
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.